Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (6-қисм)
Маҳкам кулди.
— Ана, ўша эски Ўтбосарга айландинг, қолдинг. Ўтир, — деб унга жой кўрсатди. Аскардай турганларга эса эллик доллардан берди. Хизматлари учун. Дўкондорга эса кийимларининг нархини икки баробар қилиб тўлади. Дўкондор унинг ҳотамтойлигини яхши биларди. Шу боисдан Маҳкам уни қаерга чақирса, югуриб борарди. Мумкин қадар кўпроқ нарса олиб борарди. Мумкин қадар олиб борганларининг ҳаммасини ўтказишга ҳаракат қиларди… Ҳамма оғзи қулоғида чиқиб кетганидан сўнг:
— Бугун мен билан отамлашасан. Лекин эртадан бошлаб, ҳатто ҳидласанг ҳам тишингни уриб синдираман, — деди Ўтбосарга.
— Хўп. Хўп, лекин…
— Лекин-пекини йўқ. Кабобдан ол…
Улар бироз қизишганидан кейин Ўтбосарнинг «дард қопи» очилиб кетди. Хотини нима қилганини, ўзи нима аҳволга тушганини гапириб берди… Қизиғи, у емасдиям, ичмасдиям, нуқул гапирарди.
— Ўл, — деди унинг гапларини охиригача эшитган Маҳкам, — битта хотинни деб шу аҳволга тушган бўлсанг, ўл. Ҳэ, садқаи эркак. Атрофингга қара, хотиндан ками борми?! Биттасини маҳкам ушлаб, хотин қилиб олмайсанми?! Сени бунчалик бўшанг боласан, деб сира ўйламаган эдим.
— Битта ўғлим бор эди-да…
— Белинг тўла бола!.. Ким билан турибсан?
— Опам кўчиб келган. Уйни сотиб юбормасин деб…
— Тўғри қилибди.
— Е…
Ўтбосар бир бўлак гўштни оғзига солди ва секин чайнай бошлади.
— Ошна, — деб катта қўлини Ўтбосарнинг елкасига ташлади Маҳкам, — ҳаммаси зўр бўлади. Бошқатдан бошлаймиз. Мен сени эртагаёқ уйлантириб қўяман. Битта танишимнинг қизи бор. Зўр қиз. Уйим-жойим дейдиган қиз. Чиройи ҳам ёмон эмас. Кўрсатаман. Сенга ёқади. Иш масаласиниям ҳал қиламиз!..
— Мен…
— Ишинг бўлмасин. Бир ой ишлаб битта машина оласан. Эй-й, қўлингда гулдай ҳунаринг бор. Сендай ҳунари борлар Америкага кетишяпти!..
Ўтбосар ёш боладай йиғлади. Унинг ички кучи отилиб чиқаётган эди. Ўзи-ўзига сиғмаётган эди. Кучи, қудрати кўплигини билар эди. Аммо ўзи унга бўйсунмаганди. «Ҳамма нарсага тупурдим. Мана шунақа қилиб юриб-юриб, охири ўлиб кетаман», деган эди. Аммо Маҳкам уни ушлаб олди…
Иккиси уч соатча ўтиришганидан сўнг яна бир мартадан чўмилиб чиқишди. Маҳкам Ўтбосарни уйига олиб борди. Унинг опаси кўчада, дарвоза ёнида экан. Стулчада мунғайиб ерга термилганча ўтирган экан.
«Ўтбосар қайсидир ариқнинг ичида ётибди. Ишқилиб, ариқнинг нами қочган бўлсин, ишқилиб, ариқда сув бўлмасин. Ишқилиб, укам тонг отмасидан ўзига келсин-да, қўни-қўшнилар уйғонмасидан бурун уйга келсин… Укагинамнинг юзгинаси сувга қопланиб қолмаган бўлсин. Ҳамма айб ўзимда. Чарчаганимни баҳона қилиб, озгина мизғиб олай, дедим. Укам чиқиб кетибди, энди қаерларда санғиб юрибди экан», дея ўйларди. Аммо кутилмаганда уларнинг уйи рўпарасига унақа-бунақа машина эмас, нақ «иномарка» тўхтади. Гулчеҳранинг юраги шув этди. «Укамни уриб кетиб, ўлигини олиб келган бўлса-я», деган ўй ўтди хаёлидан. Бироқ машинадан укаси тушди. Уни дарров таниёлмади. Укасининг соч-соқоли олинган. Эгнида яп-янги костюм. Қўлида иккита катта целлофан пакет… Машинадан яна бир киши тушди. Бақувват одам. Гулчеҳранинг кўзига жуда иссиқ кўринди. Лекин таниёлмади.
— Опа, — деди Ўтбосар, — қаранг, ким билан келдим?!
Юраги гупиллаб турган Гулчеҳра у кўрсатган одамга яна бир марта қаради.
— Опа, мен Маҳкамман. Маҳкам. Танидингизми, опа?!
Гулчеҳра уни жуда яхши танир эди. Ҳозир эсидан чиқарган. Эҳтимол, бундан беш-олти йил олдин кўрганида таниган бўларди. Ҳозир эса исми ҳам ёдида йўқ. Кўриниши-ку, умуман бошқа.
— Мен Ўтбосарнинг жўрасиман. У билан мактабда бирга ўқиганман, опа, — деди Маҳкам Гулчеҳранинг жим турганини кўриб.
— Эй-й, — дея бирдан Гулчеҳранинг юзи ёришди, — Маҳкам…
Шу заҳоти унинг кўзидан ёш оқа бошлади…
Ўтбосар келиб опасини қучоқлади.
— Юрагим тамом бўлди. Ўлиб қолишимга сал қолди, укажон. Ичсанг ҳам, бошқа нарса қилсанг ҳам уйда қил. Мен отам билан онамга нима деб жавоб бераман?! «Биттагина укангни асрай олмадингми», деб сўраса нима дейман!..
— Опа, — деди шу заҳоти Маҳкам, — энди хавотир олманг. Ҳаммаси жойига тушиб кетади!.. Нега уйга киринглар, демаяпсиз?!
Гулчеҳра шоша-пиша кўз ёшини артди.
— Вой ўлай, Маҳкамжон, кир уйга, киринглар! — деди шошиб.
Уй бечора аҳволда эди. Худди қабристонга ўхшаб қолганди. Ҳатто эшиклари ҳам қийшайибди. Ташқаридаги эски чорпоя эса ана йиқиламан, мана йиқиламан, деб турарди.
— Кулмайсан-да, Маҳкамжон, шу сал…
— Қўйсангиз-чи, — деб бирдан унинг гапини бўлди, Маҳкам, — югуриб, бир-биримизни қувлаб, ўйнаб катта бўлган уй. Жуда қадрдон бу уй!..
У чорпояга омонатгина ўтирди. Гулчеҳра чой дамлагани шошаётганди, Маҳкам уни тўхтатди.
— Опа, қўйинг. Келинг, икки оғиз гаплашайлик. Мен шошиб тургандим. Ишларим кўп эди…
— Кеч бўлди-ку?!
— Ҳозирги замонда кеч, кундуз деган гап қолмади. Гап бундай, опа, ҳаммасидан хабарим бор. Бугун Ўтбосарнинг охирги ичиши. Эртадан бошлаб бир грамм ҳам оғзига олмайди. Ваъда берди. Эртага ўзим келиб олиб кетаман. Мен билан бирга ишлайди. Битта ошхона қураётгандим. Ҳализамон битиб қолади. Шу ерни ўзи бошқаради.
Гулчеҳра яна кўзига ёш олди.
— Опа, йиғламанг. Ҳали ҳаммаси зўр бўлиб кетади…
Гулчеҳра ўзини тутиб туролмади. Кафтлари билан юзини беркитиб, ўкириб юборди.
— Ўзгараман, — деди Ўтбосар, — Худо ҳақи ўзгараман. Эртагамас, бугундан. Мен ўзгариб бўлдим. Латталигим тамом. Энди шалвирамайман!..
Ҳа, у ўзгарди. Иродаси мустаҳкам экан. Бекор юрмай, деб ўша қаҳвахонанинг сўнгги таъмирида иштирок этди. Ўчоқ, қозонни қаерга жойлаштиришни усталарга ўзи кўрсатиб турди.
Ўттиз хил кабоб тайёрлади. «Бу бошланиши, — деди. — Ҳали шунақа бўладики, кабобнинг тури юздан ошиб кетади!»
Қаҳвахона чеккароқда эди. Одам кам. Шу боис Маҳкам таниш-билишларини олиб борди. Мижозларига бирма-бир айтиб чиқди. Аста-секин қаҳвахонада одам гавжумлашди. Чунки бир борган одам кейинги сафар, албатта, яна борар эди. Бунинг устига ўзи билан бирга камида битта одам етаклаб оларди. Қарабсизки, орадан икки ой ҳам ўтмасдан қаҳвахонада тушлик пайтлари жой қолмайдиган бўлди. Кабоби, сомсаси, ошининг донғи кетди. Ҳатто бир марта Маҳкамнинг ўзи жой тополмади. Олдиндан огоҳлантирмаганди.
— Инсоф йўқ экан сенда, — деди Ўтбосарга, — менга битта жой топиб беролмадинг-а. Эшитганлар нима дейди? Фалончи, фалон жойга бориб, ўтиришга жой тополмабди, демайдими? — дея қовоғини сохта осилтирди.
— Икки соатча кутиб тур, жой бўшайди. Ўтирасан.
— Бекор айтибсан. Мен кутадиган одаммасман. Менинг вақтим пул туради. Ошхонангга кириб ейман.
У кабоб емоқчи эди. Аммо бунинг ҳам иложи бўлмади. Чунки қўрада бўш жой йўқ экан. Мажбур учта сомса еб кетди.
Маҳкам олти ой қаҳвахонанинг пулига тегинмади. Ўзингни ўнглаб ол, деди Ўтбосарга…
Бу воқеаларга икки йил бўлди. Икки йилда Ўтбосар уйини бузиб ташлаб, икки қаватли қилиб бошқатдан қурди. Уйланди. Машина олди. Яна Ўткирнинг иккита ҳовлисини ва иккита машинасини ўзининг номига расмийлаштирди. Бундан ташқари, опасининг номида ҳам ўзиникидан ташқари яна иккита уй пайдо бўлди. Опасининг номида саккизта «Дамас» пайдо бўлди. Гулчеҳранинг боши айланиб қолган эди. «Тушимми, ўнгимми, нималар бўлаяпти ўзи? Қаёқдан келаяпти буларнинг бари. Маҳкам бизни кўтариб-кўтариб охири ерга қоплаб урмасмикин», дерди.
Илгари намоз ўқимасди. Намоз ўқий бошлади. Ҳар ўқиганида руҳи енгиллашарди… Эри йўқ эди. Қора сон тегиб ўлган. Иккита боласи бор. Эридан икки хонали «дом» қолган. Укасининг хотини кетиб қолиб, ўзи пиёнистага айланганидан кейин ота уйига кўчиб келганди. Агар Ўтбосар сира одам бўлавермаса, ўша икки хонали уйини сотмоқчи, укасини даволатмоқчи эди. Осмондан тушгандай Маҳкам пайдо бўлиб қолди. Укасини бир кунда одам қилди. Энди Ўтбосар катта тадбиркор, қўлида ўттиздан зиёд одам ишлайди. Кунига қоплаб пул топади. Опанинг эндиги вазифаси — уйида ўтириб пул санаш. Укасининг топганини йиғиб-териши керак. Келинга ишониб бўлмайди. Ана, биттаси нима қилиб кетди. Буниси ҳали синовдан ўтмаган. Оёқ-қўли чаққон бўлсаям, ширинсўз бўлсаям, ҳали ишониб бўлмайди.
Бир куни Ўтбосар келиб опасига эрга тегасан, деди. Гулчеҳранинг бошида чақмоқ чаққандай бўлди.
— Яхши эшитмадим. Сен билмай нимадир деб қўйдингми? — деди у қошлари чимирилиб.
— Йўқ. Опа, эшитганингиз рост. Эрга тегасиз, — деди Ўтбосар жиддий.
— Нега? Нима жонингга тегиб кетдимми? — деди лаблари титрай бошлаган Гулчеҳра. — Ё келин…
— Келиннинг умуман алоқаси йўқ. Алоқаси бўлмайди ҳам. Жиянларим каттаряпти. Уларга ота керак. Ота бўлмаса, айниб кетишади. Ва яна бизга ишончли одамлар керак.
— Ўлай агар, Ўтбосар, бирорта гапингга тушунмаяпман. Топганингни ҳисоблаб, тахлаб қўйибман. Долларчига бориб, ҳаммасини долларга айлантириб келяпман. Қачон, неча пулдан доллар сотиб олганимни дафтарга ёзиб бораяпман. Ишонмасанг, ана дафтарни бераман. Ўзинг кўрасан. Ўшанда бозорда доллар курси қанча бўлган бўлса, униям ёзиб қўяяпман. Укажон, мен сенга хиёнат қилмайман… Болаларимга ота ўрнида ота бўляпсан. Энг қиммат боғчага бердинг. Инглиз тилида бир-бири билан гаплашяпти…
— Биламан, опа. Лекин ишончли одамлар жудаям оз. Ишончли одамимиз бўласиз. Маҳкамга эрга тегасиз… Иккинчи хотин бўлиб.
— Сенларнинг эсларинг жойидами?
— Жойида, опа. Сиз менга ишонинг, мен сизга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Керак бўлса, Маҳкамни ўзим кўндирдим. Бойлик жудаям катта. Сақлаб қолиш керак уни.
Аслида, Ўтбосар опасидан хавотирда эди. Пул кўпайиб боряпти. Гулчеҳра ҳам аёл. Яхши кийингиси, бўянгиси келади. Ора-чора дугоналари билан қаҳвахоналарда ўтиргиси келади. Ҳали ёш. Бунинг устига кўзга яқин… Шайтон йўлдан оздирмасин, дейди. Бошқа бировга беришга эса кўзи қиймайди. Қолаверса, эр кўрганидан кейин унга уйланган одам ҳар хил «томоша»лар кўрсатиши мумкин. Маҳкамнинг эса кимлигини жуда яхши билади. У гарчи қўпол одам бўлгани билан бировга озор бермайди. Кўнгли жудаям юмшоқ. Икки ёш кичкина бўлса нима қилибди?..
— Шу бойликни деб иккита аёлни бахтсиз қилмоқчимисизлар.
— Четдан қараганда шундай кўринади. Аммо Худонинг буйруғи ҳамиша тўғри. Уни муҳокама қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Мен тоғаман. Лекин ота бўлолмайман. Ҳар қанча яхши жойларда ўқитмай, бир куни қўлдан чиқиб кетиши мумкин. Опа, замон нотинч, ҳеч кимга ишониб бўлмай қолди. Мана шундай пайтда ёру биродарлар қанчалик кўп бирлашишса, шунчалик яхши. Пул билан менинг ишим йўқ. Топганимнинг ҳаммасини қўлингизга тутқазаман.
Гулчеҳра индамай қолди. Анча вақт ич-этини еб ўтирди. Охири чидаёлмади. Келинига бориб ёрилди. Келини уни қучоқлаб йиғлади. «Опажон, менинг умуман алоқам йўқ. Менинг бу гаплардан хабарим йўқ. Лекин улар бир нарсани билишмаса, қилишмас», деди.
Шу билан Гулчеҳра ўзидан икки ёш кичик Маҳкамнинг хотини бўлиб қолди…
(Асардан парча тугади. Унинг тўлиқ вариантини онлайн китоб ҳолида сотиб олиб ўқишингиз мумкин)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Гуноҳкор” номли китоби онлайн сотилмоқда!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Китоб ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.