Иссиқ об-ҳаво юрак ва қон томирларига қандай таъсир қилади?

Иссиқ об-ҳаво юрак ва қон томирларига қандай таъсир қилади?

Ёз фасли бизга яхши кайфият, дам олиш кунларини оила даврасида завқ билан ўтказиш, болалар учун эса таътил туфайли севимли мавсумдир. Аммо танганинг иккинчи томони жазирама кунларда турли касалликларнинг янада авж олиши билан боғлиқ. Ёзда юрак ва қон томир тизимларига иссиқлик туфайли юк ортиб боришини эслатиб ўтишни ва эҳтиёт чораларини кўришингизни лозим топдик.

ЖССТ ёз мавсумида қуйидаги касалликлар кучайиш хавфи ортиши ҳақида огоҳлантиради:

депрессия;
қандли диабет;
юрак касалликлари;
мияда қон айланишининг бузилиши.
Бунинг сабаби нимада?

Юқори ҳароратларда периферик томирлар кенгаяди, пулс тезлашади, қон босими кўтарилади ва терлаш кучаяди, шу сабабли интоксикация юзага келиши ва танадаги муҳим микроэлементларнинг, жумладан, калий ва магнийнинг камайиб кетиши кузатилиши мумкин. Микроэлементлар етишмаслиги эса қоннинг қуюқлашишига олиб келади ва аритмияни келтириб чиқаради.

Кимлар хавф остида?

артериал гипертония, сурункали юрак етишмовчилиги каби юрак-қон томир касалликларига чалинган шахслар;
қанд касаллиги билан оғриганлар;
кексалар;
ортиқча вазнли инсонлар;
доимий ётоқда қолиши керак бўлган одамлар;
болалар;
ҳомиладор аёллар.
Жазирама даврда иссиқлик таъсирини енгиллаштириш бўйича тавсиялар

Тўғридан тўғри қуёш нури тушадиган жойларда бўлманг, айниқса, соат 12:00 дан 16:00 гача.
Бош кийим кийинг.
Хонада (уй ёки ишхонада) оптимал ҳароратни сақланг.
Табиий матолардан тикилган енгил ва кенг кийим кийинг.
Етарлича сув ичинг.
Тўғри овқатланинг.
Спиртли ичимликларни истеъмол қилишни тўхтатинг.
Ёзда соғлиғингиз ёмонлашса, нима қилиш керак?

Агар кўчада юрган вақтингиз аҳволингиз ёмонлашганини ҳис қилсангиз — бош айланиши, нафас етишмаслиги, кўкрак қафасида оғриқ ёки ноқулайлик бўлса, дарҳол соя жойга боришингиз лозим. Агар бу қийин бўлса, атрофдагилардан ёрдам сўранг.

Сўнг қандай йўл тутиш керак?

Сояда ўтиринг.
Сув ичинг, юз ва қўлингизни сув билан чайқанг.
Агар ўн дақиқа ичида аҳволингиз яхшиланмаса, тез ёрдам чақиринг ёки атрофдагилардан чақириб беришларини сўранг.

Дўстларингизга ҳам юборинг: