Семизликни келтириб чиқарувчи янги омил аниқланди

Семизликни келтириб чиқарувчи янги омил аниқланди

– Семизликни келтириб чиқарувчи омиллар кўп. Нотўғри овқатланиш ва камҳаракат турмуш тарзи — улар орасида етакчилари. Аммо бу глобал муаммонинг ҳали бизга номаълум сабаблари ҳам бор.

 

– Шулардан бирини Янги Зеландиянинг Отаго университети олимлари аниқлади. Бунинг учун фарқли йилларда АҚШда қарийб 2,9 минг нафар ҳамда Европада 20 минг нафардан зиёд кўнгилли иштирокида ўтказилган тадқиқотлар натижалари таҳлил қилинди.

 

– Изланиш давомида юқоридаги илмий тажриба қатнашчиларининг вазн кўрсаткичлари ва қондаги С витамини концентрацияси ўртасидаги боғлиқлик ўрганилди.

 

– Маълум бўлишича, семиз инсонлар организмда ушбу модда танқислиги кузатилади. Яъни ортиқча вазнга эга кишиларда C витамини сўрилиши ва унинг танадан чиқарилиши тезлашади. Натижада ҳужайралар яллиғланишига олиб келувчи оксидловчи стресс жараёни кучаяди.

 

– Тадқиқотчилар хулосасига кўра, қандли диабетнинг 2-тури, жигарнинг алкоголсиз ёғ босиши каби касалликлар ҳам организмда С витамини даражаси пасайиши билан тавсифланади.

 

–  Шуларни инобатга олган олимлар танадаги С витаминининг минимал суткалик дозаси камида 45 мг бўлиши керак, деган хулосага келди. Семиз инсонлар организми эса ҳар 10 кг ортиқча вазн учун қўшимча 17-22 мг миқдорида бу дармондорини талаб қилади.

 

– Мутахассислар қайд этганидек, ушбу янгилик тегишли клиник синовларда ҳам тасдиқлангандан сўнг тиббий амалиётга татбиқ этилиши мумкин.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.

Дўстларингизга ҳам юборинг: