Ана холос! Намангандаги истироҳат боғида аттракцион бузилиб қолиши оқибатида 4 киши жароҳатланди
Ижтимоий тармоқларда Чуст тумани Маданият ва истироҳат боғида аттракциондан фуқаролар тушиб кетгани акс этган видеолавҳалар тарқалди. Ҳолат юзасидан Чуст туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 30 июль куни Чуст боғида аттракционни бошқариш давомида техник носозлик сабаб аттракцион дарахт шохига урилиши натижасида 3 киши енгил тан жароҳати, 1 нафар фуқаро оёқ сон суяги синиши натижасида тез ёрдам бўлимига олиб борилган.
Беморларга тез ёрдам кўрсатилган ва ўша куннинг ўзида жавоб берилган.
“Айни дамда реанимация бўлимида оғир аҳволда экан, деб айтилган хабарлар асоссиз”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан тегишли ташкилот ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.