Ёзувчи Борис Акунин «чет эл агенти» сифатида жаримага тортилди

Ёзувчи Борис Акунин «чет эл агенти» сифатида жаримага тортилди

Москванинг Таганский туман суди ёзувчи Борис Акунинни (Григорий Чхартишвили) «чет эл агенти» фаолияти тартибини бузиш моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топди. Бу ҳақда 16 август, жума куни Москва шаҳар умумий юрисдикция судларининг Telegram-каналида маълум қилинди.

«Суд 30 минг рубл (307 евро) миқдорида маъмурий жарима кўринишидаги жазо тайинлади», — дейилади хабарда.

Акунин Россия Ички ишлар вазирлигининг федерал қидирувига киритилган эди, кейинчалик у сиртдан ҳибсга олинган.

Ёзувчи бир неча бор Россия ҳукумати ва шахсан Россия президенти Владимир Путин сиёсатини танқид қилган ҳамда Қримдаги воқеалар ва Украинадаги урушни очиқ қоралаган. 2014 йилдан бери Акунин Лондонда яшайди.

Эслатиб ўтамиз, Росфинмониторинг ёзувчини 2023 йил 18 декабрда «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритди. 12 январ куни эса Россия Адлия вазирлиги Борис Акунинни «чет эл агентлари» рўйхатига киритди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: