Камала Харрис янги туғилган чақалоқларга 6 минг доллар берувчи сиёсий дастурини эълон қилди

Камала Харрис янги туғилган чақалоқларга 6 минг доллар берувчи сиёсий дастурини эълон қилди

Вице-президент Камала Харрис 16 август агрессив-популистик иқтисодий дастурини эълон қилди. Демократик партиядан президентликка номзод бўлганидан бери у мамлакатни бошқариш бўйича ўзининг устувор йўналишларига оид энг батафсил қарашлари билан бўлишди, деб ёзади The Washington Post.

Харриснинг Шимолий Каролинада чиқишидан олдин унинг сайловолди штаби «Америка оилалари учун харажатларни камайтириш»га қаратилган ўндан ортиқ иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлашини эълон қилди — уларнинг айримлари президент Жо Байден берган ваъдалардан бошқача.

Миллионлаб америкаликларнинг тиббий хизмат тўловлари борасидаги қарздорлигини бекор қилиш — энг кўзга кўринган таклифлардан бўлди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилиши «биринчи марта» тақиқланиши, рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар нархини чеклаш, биринчи марта уй-жой харид қилаётганларга 25 минг доллар миқдорида субсидия бериш ва фарзандли бўлган оилаларга 6 минг доллар миқдорида болалар солиқ имтиёзининг берилиши каби таклифлар илгари сурилди.

Харрис, шунингдек, муддати 2021 йилда тугаган болалар солиқ имтиёзини тиклашга, имтиёзни ҳар бир бола учун 2000 доллардан 3000 долларгача оширишга чақирмоқда.

Ушбу таклифлар учун сарфланадиган харажатлар ҳозирча номаълум. Федерал бюджет бўйича қўмитанинг катта вице-президенти Марк Голдвейнга кўра, аксарият болалар учун 3 минг доллар беришни назарда тутувчи Байденнинг солиқ имтиёзларини қайта тиклашга ҳозирги сиёсат билан таққосланса, 1,1 триллион доллар талаб этилади. Харриснинг янги туғилган болалар учун 6 минг доллар миқдорида қўшимча имтиёз бериши ўн йил давомида 100 миллиард долларга тушади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: