Ўзбекистон йилнинг энг йирик маданий тадбирига мезбонлик қилмоқда

Ўзбекистон йилнинг энг йирик маданий тадбирига мезбонлик қилмоқда

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан 2024 йил 23-26 август кунлари ўтказилаётган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” анъанавий VIII халқаро конгресс иштирокчилари бугун Ислом цивилизацияси маркази билан танишди.

Конгресс иштирокчиларига марказдаги қурилиш ишларининг олиб борилиши ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

“Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” анъанавий VIII халқаро конгресс иштирокчи ва олимлари Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши бўйича бошланган ишлар жадаллашгани ҳамда ушбу ташаббус қўллаб-қувватланаётганидан миннатдорлигини билдирди.

 

“Бугунги куннинг фаоллари Ислом цивилизацияси марказининг яратувчиларидир”

 

Саид Абулҳасан, Эрондаги Динлар ва мазҳаблар университети ректори:

– Ўзбекистон минг йиллик тамаддунга эга. Сизлар мана шу келажаги бор цивилизациянинг соҳиблари ҳисобланасизлар. Айтиш жоизки, Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотридий, Хазрат Баҳовуддин Нақшбанд ва бошқалар мана шу тамаддун ривожланишига ҳисса қўшишган.

Бугунги кунда дунёдаги аксарият аҳоли айнан Мотуридий таълимотидан фойдаланишади. Яна ислом оламида Термизий ҳам жуда буюк муҳаддис ҳисобланади. Энди етакчи таълимотлардан яна бири Нақшбанд тариқати ҳам дейиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, айнан ушбу маконнинг келажаги бор! Бугунги куннинг фаоллари эса цивилизация марказининг яратувчиси ҳисобланади. Тан олиш керакки, бундай имконият ҳамма давлатда ҳам мавжуд эмас.

 

“Ислом цивилизацияси марказида ўзгача гармония ва мувозанат сезилади”

 

Ирина Попова, Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори:

— Ҳозирда Славян маркази билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Бугунги жараёнлар эса барчамиз учун чин маънода улкан ва муҳим воқеадир.

Дин ва илм-фан бу жуда турли соҳалар. Айнан бу марказда ўзгача гармония ва мувозанат сезилади. Мен бу ерда энг қадимий Қуръонларни кўриб ҳайратда қолдим. Шарқ қўлёзмаларда Усмон Қуръонининг 82 вароғи сақланиши катта масъулият. Биз ҳам бир неча нусхаларни топширганмиз, шу жумладан Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳам бор.

 

“Жадидчилик нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда, барча мусулмон мамлакатларини ривожлантириш учун долзарбдир”

 

Сандро Тети, Италиялик ношир ва сиёсатшунос:

— Аввалги Ўзбекистон ва ҳозирги замонавий Ўзбекистон ҳақида, айниқса, ўша буюк мутафаккирлар, шоирлар, ёзувчилар ҳақида, ҳалигача италян тилига таржима қилинмаган китобларни нашр этмоқдамиз. Менинг асосий маърузам жадидчиликнинг тикланиши ҳақида бўлади. Чунки жадидчилик фикримча, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда, барча мусулмон мамлакатларини ривожлантириш учун, ҳатто ўзгартириш учун ҳам жуда долзарб, деб ҳисоблайман. Ислом, айниқса, Ғарбда мавжуд бўлган жадидчиликни келтирадиган образ. Мен ишонаманки, айни дамда Ўзбекистон ҳар жиҳатдан энг муваффақиятли, энг тез ривожланаётган давлатдир.

Дўстларингизга ҳам юборинг: