Пашинян Алиев билан икки давлат чегарасида учрашишга тайёр

Пашинян Алиев билан икки давлат чегарасида учрашишга тайёр

Арманистон Озарбайжон билан муносабатларни нормаллаштириш учун бевосита музокараларни афзал кўради. Мамлакат бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон-Арманистон чегарасида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказишга тайёрлигини билдирди.

«Репорт» нинг Россия ва Арманистон матбуотига таяниб хабар беришича, бу ҳақда бош вазир шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

«Мен (Озарбайжон президенти билан) шу форматдаги учрашувга тайёрман», — деди бош вазир.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида тинчлик шартномаси бўйича икки томонлама форматда олиб борилаётган ишлар самарали.

«Биз барча халқаро ҳамкорларимизнинг Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёни учун саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Биз Озарбайжон билан узоқ вақтдан бери икки томонлама форматда ишлаяпмиз. Бу формат ўз самарасини кўрсатди», — деди у.

Пашинян бу ҳақда Россия президенти Владимир Путинга сўнгги телефон мулоқоти чоғида айтганини таъкидлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: