Танзила Нарбаева Олмазор туманида борди

Танзила Нарбаева Олмазор туманида борди

2024 йил 30 август куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ижтимоий-иқтисодий ривожланишлар ва ўзгаришлар, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар, маҳалла еттилиги фаолияти билан танишиб, аҳоли хонадонларида бўлди.

Сенат Раиси дастлаб, туманда Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғи асосида ташкил этилган «112» ягона диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишди.

Марказнинг иш фаолияти, мурожаатлар таҳлили ва улар билан тизимли ишлаш жараёнлари, ҳар бир мурожаат тақдири қандай якунланаётганлиги бўйича масъуллар билан суҳбатлар қилинди.

Қайд этиш жоиз, марказ Тошкент шаҳри ҳудудида фавқулодда юз берган ҳолатлар бўйича тезкор боғланиш имконини беради.

Марказ 24/7 режимида мунтазам қўнғироқларга жавоб бериб, мурожаатлар рўйхатини шакллантиради ва тегишли хизматларга йўналтиради. Мурожаатлар ижросини мониторинг қилиб боради.

Марказда геотаҳлил ва психология хонаси борлиги барчанинг эътиборини тортди. Унинг фаолияти бўйича Сенат Раиси мутахассислар билан яқиндан мулоқот қилди. Уларга келиб тушадиган мурожаатларнинг аксарияти қандай ҳолатлар билан боғлиқ эканлиги ва унинг ечим қизғин муҳокама қилинди.

Сенат Раиси марказ иш фаолияти билан танишар экан ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўланаётганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, Сенат Раиси ушбу манзилда «Жийдали» маҳалласининг еттилиги билан суҳбатлашиб, фаолияти билан яқиндан танишди.

Маҳалла еттилигига билдирилган ишонч нақадар юксак эканлиги эътироф этилиб, еттиликнинг ҳар бир вакили ўз олдига қўйилган вазифаларни аҳоли турмуш фаровонлиги ва розилиги учун чин юракдан бажариш кераклиги таъкидланди.

Мулоқот давомида маҳаллада ишсизликни камайтириш, хорижий миграциядан қайтганлар бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан тизимли ишлаш, имконияти чекланганлар ва ёлғиз кексаларга эътибор борасидаги ишларга эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Сенат Раиси туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйновчи лойиҳалар билан танишди. Жумладан, туманнинг узоқ йиллардан аҳоли вакилларини ўйлантириб келаётган тарихий, эски шаҳар ҳудудидаги маҳаллалар тақдирига ечим топилганлиги, 15 та маҳаллани ўз ичига олган мазкур ҳудуд гастрономик туризм марказига айланитирилиши режалаштирилгани, бу борада ишлар аллақачон бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.

Жумладан, 90 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари истиқомат қилувчи мазкур маҳаллалар рекострукция қилиниб, туристик масканга айлантирилади. Натижада ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг 4,5 минг нафари учун янги иш ўрни яратилади. Ҳудуднинг инфратузилмаси янгиланиб, замонавий коммуникацияга эга бўлади.

Ўз навбатида, Сенат Раиси ушбу ҳудудда олиб бориладиган реконструкция ишлари давомида мулк ҳуқуқи устуворлигини таъминлаш, турли қонун бузилишларини олдини олишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга Сенат Раиси тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.

Уларнинг турмуш шароити билан танишиб, саломатлиги, уларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифати юзасидан дилдан суҳбатлашди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: