Мусиқа мактаблари жойларда таянч мактаби сифатида иш олиб боради

Мусиқа мактаблари жойларда таянч мактаби сифатида иш олиб боради

Ёшларни миллий руҳда тарбиялашда маданият ва санъат беқиёс аҳамиятга эга. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида маълум қилинди.

 

Маданият ва санъат билан ошно бўлган ўқувчилар эзгуликнинг кучини чуқур ҳис этади, уларда ўзига ишонч пайдо бўлади.

 

Шу муносабат билан мусиқа ўқитувчиларининг касбий маҳорати ва кўникмасини ошириш, маданият ва санъат тизимидаги олийгоҳларда умумтаълим мактаблари учун мусиқа ўқитувчиларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

 

“Турон” театрининг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоаларини ташкил қилиш муҳимлиги айтилди.

 

Бу жамоаларга мусиқа ўқитувчилари раҳбарлик қилади. Мусиқа мактаблари эса жойларда таянч мактаби сифатида иш олиб боради.

 

Президентимиз яна бир муҳим масалага эътибор қаратди:

 

“Сиз, ҳурматли устозлар мактаб ўқувчиларидан “Мен қандай касб эгаси бўлмоқчиман?” деган мавзуда иншолар, ёзма ишлар оласизлар. Лекин, ўқувчилар ёзган ана шу ишлар таҳлили билан кимдир шуғулланяптими?

 

Республика ва вилоят кесимида фарзандларимиз қайси касбларни энг кўп танлашмоқда?

 

Энг муҳими, болаларимиз танлаётган касбларга келажакда меҳнат бозорида талаб бўладими ўзи?”

 

Болаларнинг ёзма ишларини чуқур таҳлил қилиб, уларнинг орзу ва интилишларини аниқлаб, мустақил ҳаётга тўғри йўналтириш асосий вазифа бўлиши кераклиги таъкидланди.

 

Мутасаддиларга мактаб ўқувчилари ўртасида турли мавзуларда иншолар, ёзма ишлар танловларини ўтказишни мунтазам йўлга қўйиш ва уларнинг таҳлили бўйича янги тизим яратиш топширилди.

 

Давлатимиз раҳбари ўқувчиларнинг китобхонлик маданияти доимо эътибор марказида бўлишини таъкидлади.

 

Ўқувчиларда китобга бўлган қизиқишни ошириш, уларга китобхонлик маданиятини сингдириш учун алоҳида танлов ўтказиб, ғолиб бўлган ёшларга автомобиль совға қилиш йўлга қўйилган.

 

Мутасаддиларга бу ишларни янада оммалаштириш ва керак бўлса, энг олис қишлоқдаги мактабларга ҳам етказиш топширилди.

 

Бунинг учун мактаблардаги маънавият хонаси ва кутубхонаси зарур техника ва оптик толали Интернет тармоғи билан таъминланади, барча мактабларнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон порталидан фойдаланиши ташкил этилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: