Песков: «Россия Молдовадаги сайловларга аралашмайди»
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Молдовадаги сайлов жараёнига аралашаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, Молдовада Россия Федерацияси билан «яхши муносабатларни ривожлантириш тарафдорлари» кўп, аммо бу одамлар «ўз сиёсий кучларига эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум».
Песков Россия расмийлари “бошқаларнинг ички ишларига аралашмайди”, деб ишонтирди. Унинг таъкидлашича, Молдовада Россия билан муносабатларни сақлаб қолиш тарафдори бўлган сиёсатчиларга бу ҳақда гапиришга рухсат берилмайди. “Афсуски, биз Кишинёвда шундай жараёнларни кузатяпмиз. Аммо бу бизнинг аралашишга уринишимиз эмас”, деди Кремль вакили матбуот орқали мулоқот чоғида.
Молдовада президентлик сайловлари 20 октябрь куни мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш эҳтимоли бўйича референдум билан бирга бўлиб ўтади. Сентябрь ойида Марказий сайлов комиссияси мамлакатнинг амалдаги президенти Майя Сандуни Ҳаракат ва бирдамлик партиясидан президентликка номзод сифатида рўйхатга олди. Ўша ойда Марказий сайлов комиссияси “Имкон” мухолифат партиясидан сайловда қатнашиш учун берилган рухсатномани бекор қилди.