«Women in Tech» Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади
«Wоmen in Tech» нотижорат ташкилоти Марказий Осиё давлатлари ичида, биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади.
Ташкилот хотин-қизларнинг фан ва технологиялар соҳасида муваффақиятга эришишларида қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ташкилотнинг бош офиси Парижда жойлашган, шунингдек, 48 мамлакатда филиаллари мавжуд.
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2 март куни Тошкент шаҳрида «Wоmen in Tech» ташкилоти фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан ўтказилган расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова, IT Park Uzbekistan, шунингдек, Республиканинг йирик IT-компаниялари вакиллари ҳамда IT соҳасига қизиқувчилар иштирок этишди. Маълумот ўрнида, мазкур тадбирда иштирок этиш учун 600 нафардан ортиқ киши рўйхатдан ўтди.
Статистик кўрсаткичларга назар солганимизда, юртимиз илмий таълим муассасаларида 660 аёл фан доктори, 7 академик меҳнат қилаётгани, Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларида эса 3 мингга яқин хотин-қиз тадқиқот олиб бораётгани маълум бўлади. Демак, ўз-ўзидан равшанки, бу кўрсаткич ҳали янада ошади. Чунки илм-фан орзуси билан ёниб яшаётган хотин-қизлар сони жуда кўп. Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари ҳаммамизга яхши аён.
Очилиш маросимида, шунингдек, махсус меҳмон – хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш бўйича халқаро эксперт, PauceFest, TEDx Ist, UFM Business Forum, GMI Summit va LEAP каби глобал тадбирлар иштирокчиси, Women in Tech глобал компанияси асосчиси Аюми Мур Аоки ҳам қатнашди. Дунёнинг ТОП 100 нафар етакчи аёллар рўйхатида бўлган Аоки ўз фикрларини билдирар экан, «Wоmen in Tech» ҳозирда 200 000 дан ортиқ аъзога эга эканлиги ва 2030 йилгача СТEАМда 5 миллион аёл ва қизларни ўз атрофига жамлашни мақсад қилинганини таъкидлади:
«Биз Ўзбекистонда Ташкилотимиз фаолиятини расман ишга туширганимиз ҳамда технология соҳасида ижобий ўзгаришларни амалга оширишга иштиёқманд аёл-қизларни рағбатлантиришдан жуда хурсандмиз. Бизнинг вазифамиз – Ўзбекистон аёлларига технология соҳасида муваффақият қозонишлари ва ўз соҳаларида етакчи бўлишларида уларни қўллаб-қувватлаш, зарур ресурслар ва имкониятлар тақдим этишдан иборат»
Аёллар технология келажагини шакллантириш, инновацияларни рағбатлантириш ва саноат тараққиётини ривожлантиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Улар соҳага ноёб истиқболлар, тушунча ва тажрибаларни олиб келишади, уларнинг иқтидори, ижодкорлиги ва етакчилигини ёрқин келажак қуришга сафарбар қилиш мумкин. Шу каби илҳомлантирувчи фикрлар панель муҳокамалари ва тақдимотлари марказида бўлди.
«Фан ва технология соҳасида ишлайдиган аёл сифатида мен «Women in Tech» ҳамжамиятининг бир қисми бўлганимдан ва технологияда гендер тенглигини тарғиб қилиш иштиёқи билан ўртоқлашган ҳамфикрлар билан боғланиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман», – деди очилиш маросими иштирокчиси. «Мен бу каби ташаббуслар тўсиқларни бартараф этиш ва янада инклюзив ва адолатли технология саноатини яратиш учун муҳим деб ҳисоблайман».
Маълумки, турли соҳаларда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизлар имкониятини кенгайтириш бугун Ўзбекистонда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган қарорлар, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг ролини оширишни кўзда тутади. Лекин шунга қарамай бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди.
«Wоmen in Tech» ташкилотининг эса Ўзбекистонда фаолият олиб бориши технология соҳасидаги гендер тафовутини бартараф этиш бўйича амалга иширилаётган ишларда кўмакчи восита бўлиб қўшилади.