Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (1-қисм)
* * *
— Одам топ, киллер топ! Одамларни ўлдириш билан шуғулланадиган жаллодлардан бирортасини топ! Зўридан, профессионалидан топ! Миллион доллар, икки миллион доллар кетса кетсин, лекин сен менга жаллод топиб бер! Мен уни ўлдирмасам бўлмайди! — дея бақирди хориждан қўнғироқ қилган хўжайини Талъатга.
Талъат — арман йигит гарчи хўжайини билан телефонда холи гаплашаётган бўлса-да, гарчи эшик ёпиқ, деворлар қалинлиги бир қулоч бўлса-да, ён-атрофига қараб олди, сўнг паст овозда:
— Бунинг сира иложи йўқ, хўжайин. Ҳозир қандай замонда яшаётганимизни яхши биласиз. Қолаверса, унинг таниш-билишлари орасида ҳов чўққида турадиганлари ҳам бор. Биз ўлдиролмаймиз, — дея кўзларини пирпиратди.
— Қандай замонда яшаётганимизни сен менга ўргатяпсанми?! Сен ким бўлибсан ўзи? Бир пайтлар ялангоёқ эдинг. Мен сени ёнимга олдим, одам қилдим. Энди уйларинг, участкаларинг ўндан зиёд, машиналарингни гапирмаса ҳам бўлади. Ҳар ой чет элга борасан. Хотинни тўртта қилдинг. Ўйнашларингнинг саноғини ўзинг ҳам билмайсан. Хўш, гапир, буларнинг барига кимнинг орқасидан эришдинг? Яша, менинг орқамдан! Энди менга ақл ўргатадиган бўлдингми?! У ифлос менинг бозоримни касод қилмоқчи! Биласанми, бир пайтлар оёғимни ўпишга тайёр эди. Энди менинг олдимни тўсиб, юкларимни тўсиб, менга, тасаввур қиляпсанми, шахсан менга тўсқинлик қилибди, ифлос! Сенга бир ой муҳлат, топасан! Топгандаям профессионалини топасан. Дунёнинг нариги бурчагидан бўлсаям! Сенга энди бошқа иш йўқ. Агар шу бир ой мобайнида топмасанг, мен сенинг ўзингни бир ёқли қиламан! — деди Достон Алимович телефонда бўғилиб.
Сўнг асабийлашган кўйи қизил бўйинбоғини ечиб, столнинг устига отди. Сўкинди. Ёмон сўкинди. Онадан олиб сўкинди.
* * *
Илгари ҳам, аслида, у шундай эди. Айниқса, арман йигит Талъат энди унинг этагини тутган кезлари. Достон Алимович шунақанги чангитиб сўкардики, эшитса илон пўст ташлайди. Лекин у чидади. Тишини тишига босди. Ўзини эшитмаганга олди. Чунки Достон Алимович яхши пул берарди. У берадиган пулни бошқа биров беролмасди. Достон Алимовичга пул дарёдай оқиб келарди. Тўғри-да, бир жойга солиқ тўламайди. Ҳаттоки солиқ тўлайдиган фирманинг ўзи йўқ. Келтириладиган моллар бирорта жойда рўйхатдан ўтмаган. Ҳамма ишлар оғзаки бажарилади… Кўрикдан ўтказадиганлар, текширадиганлар Достон Алимовичнинг ҳамма юк машиналарини танирди. Уларга тайинлаб қўйилган. «Фалон-фалон рақамли машиналарни умуман тўхтатмайсан. Текширмайсан. Агар бирортанг билмай тўхтатиб қўйсанг, калланг кетади», дейишарди. Шунақа калласи кетишни истамаганлар Достон Алимовичнинг машинасини кўришлари билан кўзларини чирт юмиб олишади. Кўрмайди, эшитмайди, билмайди. Қарабсизки, олам гулистон… Ҳа, шундай қудратга эга эди Достон Алимович. Чунки он ҳазратларининг кичик ўғиллари билан ош-қатиқ. Улар ёшликларидан бирга ўсишган.
Достон Алимович болалигидан, ҳали боғчага бориб юрганидан калласи ишлаган экан. Чунки ҳали он ҳазратлари қуйи табақаларда юрганида унинг ўғли билан ўйнади. Унинг ўғлига хушомад қилди. Бировлар унинг ўғлини койиганда ёки туртиб-пуртиб қўйганида, ёнини олди. Ўша пайтларда он ҳазратларининг ўғиллари ҳам бошқалардай оддий бола эди. Унга дакки бериш, унинг қулоқларидан чўзиб қўйиш мумкин эди. Он ҳазратларининг хотинлари Мария Николаевна эди. Сариқ соч, узун бўйли эди. Ўшандаёқ кибрли эди. Чунки отаси катта битта заводнинг бошлиғи эди-да. Асосан, у келарди боласини олиб кетгани. Боғча опаларга, мудирага кеккайиб, ғўдайиб, қаддини тик тутиб, менсимасдан қарарди. Нигоҳларидан «сенлар одаммисанлар?» деган гапни уқиш мумкин эди. Бироқ қаттиқ гапирмас эди. Қайтага, юмшоқ овозда сўзларди. «Боламга эътиборлироқ бўлинг. Янада талабчанроқ бўлинг», дерди ўрисчалаб… Достон унинг бундай гапларини бир неча марта эшитган… У бола эди. Шу боис эшитганларини уйига етказарди. Дўстининг онаси қанчалик виқорли эканлигини айтарди. Уйидагилар ҳам унинг бахтига ақлли эдилар. «Шу билан яқин ўртоқ бўлиб ол», дейишарди. У янаги куни боғчага бораётганида қўлига иккита шоколад тутқазишарди. «Бири ўзингга, иккинчиси ўртоғингга», дейишарди…
Кейинчалик улар мактабда ҳам бирга ўқишди. Битта синфда, битта партада ўтиришди. Бу пайтга келиб, он ҳазратларининг мартабаси ошгандан-ошиб бораётганди. Энди он ҳазратларининг ўғилчаси мактабга машинада келарди. Уни олиб келишарди, олиб кетишарди. Гоҳ-гоҳида шундай мақомга Достон ҳам эришиб қоларди. Чунки дўсти ҳайдовчига тихирлик қиларди. «Дўстимни ҳам олиб кетайлик, уйига ташлаб ўтайлик», дерди. Ана шундай пайтлари Достон гўё осмонда учаётгандай ҳис этарди ўзини. Машинада ғўдайиб ўтирарди. Ён-атрофига алангларди. Бирор кимни, қўшнилардан, уларнинг болаларидан бирини кўриб қолса, иягини кўтарарди. «Кўраяпсанми? Керак бўлса, мен катталарнинг машинасида мактабдан келдим. Мени, керак бўлса, уйимга олиб келиб қўйишади», дерди ичида…
Кейинроқ кутилмаганда он ҳазратлари областлардан биттасининг каттаси бўлиб кетди. Табиийки, Достоннинг дўсти ҳам ўша ёққа кетди. Ўша ёқдаги мактабда ўқиди. Ана шу йиллари Достон қийналди. Ғўдая олмаётганидан қийналди. Кайфиятсиз юрди. Бўлмаса, эндигина олтинчи синфга ўтганди…
Кейин он ҳазратлари янада кўркамлашиб, мартабаси баттар ошиб қайтиб келди. У билан бирга ўғли ҳам келди. Ўғли келгани заҳоти Достонга қўнғироқ қилди. Улар кўришишди. Кўришгандаям, қўриқчилар ҳамроҳлигида кўришишди. Ана ундан кейин Достоннинг ияги яна бир-икки қаричга кўтарилиб кетди-ёв…
Сўнг… сўнг нима бўлди? Алғов-далғов замони бошланди. Бу пайтга келиб, Достон айни кучга тўлган навқирон йигит эди. Он ҳазратларининг эркатой ўғли сабаб баттар кеккайган, унча-мунча одам билан гаплашмасди. Студент эди. Бироқ деярли ўқишга бормасди. Куни он ҳазратларининг эркатойига ҳамроҳлик қилиш билан ўтарди. Улар тун бўйи ресторанма-ресторан изғишарди. Айш-у ишратнинг энг чўққисига чиқишарди. Сўнг тинка-мадори қуриб, уйга қайтиб келар ва шу бўйи шомгача қотиб ухларди. Уйдагилари ундан хавотирлана бошлашди. Ахир бунақаси кетмайди. Достон шу кетишда аниқ жарга қулайди. Он ҳазратларининг ўғли билан ош-қатиқлиги яхши. Аммо мана бунақанги юришлари… Он ҳазратлари бир куни ўғлини қайтариб олади. Кейин унинг атрофида маишатбозлик қилиб юрганларнинг барини тумтарақай қилиб қувади. Агар ўлдириб юбормаса. Чунки у ўғлини ҳеч қачон айбламайди. Айбдор ўғлининг атрофидагилар. Улар ўғлининг соддалигидан, беғуборлигидан, бойлигидан, эркатойлигидан, отасининг амалидан фойдаланиб, минг битта ҳийла ўйлаб топишган ва уни йўлдан уришган… Ўшанда биргина Достон қолган эди. Нега шундай бўлганлигини Достон Алимовичнинг ўзи ҳам билмайди. Эҳтимол, он ҳазратлари Достон Алимовичнинг хатти-ҳаракатларида «жиноят» аломатларини кўрмаган.
Шундай қилиб, он ҳазратларининг эркатойининг таклифи билан у тадбиркорликка қўл урди. Бошқача айтганда, улар бир юмалаб ишбилармонларга айланиб қолишди ва ишлари бирдан ривожланиб кетди. Сабаби ҳамма эшиклар улар учун очиқ эди. Биров мушукларини пишт демайди… Бозор уларники. Агар улардан ортса, биров мол олиб киради. Бўлмаса, булар келтирган нарсаларнинг сотилишини кутишади. Сотилиб бўлганидан кейин эса янгиси кириб келади. Яна уларнинг моллари арзон. Боиси ҳеч қаерга ҳеч нима тўланмайди-да. Аста-секин улар мол келтиришни йиғиштириб қўйишди. Бунинг ўрнига карго билан шуғулланса яхши экан. Сал ўтмасдан буям ривожланиб кетди-ю, Достон Алимовичнинг чўнтагига пул дарёдай оқиб кела бошлади. Бу чўнтак қурғур ҳам жуда катта эди. Унга тоғни майдалаб солинг, жой бўлиб кетади. Кейин яна: «Қаерда тоғ бор? Агар бўлса, келтиринглар, униям жойлаймиз», дейди… Ана шундай кунларнинг бирида «эшон» лақабли, асли «қора» бўлган бир чет эллик билан танишиб қолди. Унинг турқи-тароватининг ўзи манаман дея кимлигини билдириб турарди. Лекин негадир одамнинг унга ишонгиси келаверади. Худди шундай сўзларини эшитсангиз, шамдай эрийсиз, хаёлингизда ажойиб-ғаройиб фикрлар пайдо бўлади. Бир нималар қилгингиз келади. Достон Алимович ҳам шундай бўлди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)