Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (2-қисм)
— Очиғи, — деди у эшонга, — сизнинг гапларингиз мени ҳайрон қолдирди.
— Ҳеч нарсамас. Менинг Афғонистондаги танишларим у ердан тўғри Покистонга, Покистондан эса денгизга йўл очиб беришмоқчи. Зўрми? — деди эшон қисиқ кўзларини баттар қисиб куларкан.
— Қандай қилиб? У ерда террорчилар, наркосавдогарлар… Айтиб қўяй, мен унақанги нарсаларга аралашмайман. Ундан кейин йигитларимни, ҳайдовчиларни…
— Акагинам, ўтакетган эҳтиёткор одамсиз. Мен сизнинг бу сифатингизни қадрлайман. Аммо террорчи, наркотика — бу ҳаммаси шунчаки бошқалар учун, расмий идораларда айтиладиган гаплар. Ваҳоланки, бошқа ишларнинг бари тинчгина, силлиққина кетиб ётибди. Ҳаттоки, ишонмайсиз, америкалик ҳарбийларнинг ўзлари тижоратни авжига чиқариб юборишган. Мен ҳатто бошланишига пулларнинг ҳаммасини ўзим тикаман. Сиздан молни сотиб оламан. Кейин уни худди ўзим айтган йўл орқали бир томони Австралияга, иккинчи томони Британияга жўнатаман.
— Қандай қилиб? — деди ҳайратдан кўзлари каттариб кетган Достон Алимович.
— Айтдим-ку, ҳаммаси силлиққина. Менинг ҳар битта давлатда худди сизга ўхшаган қудратли танишларим бор. Мана, масалан, сиз бу ернинг норасмий қиролисиз…
— Йўқ, — деди шу заҳоти атрофга аланглаб олган Достон Алимович. — Қирол бошқа.
— Ҳа. Биламан. Он ҳазратларининг кичик ўғиллари. Аммо у ҳамма нарсани сизга ишониб топшириб қўйибди. Қолаверса, сиз ишончни ўн минг мартадан ҳам ортиқ оқлаб қўйгансиз, — деди эшон тиржайишда давом этиб.
Сўнг у расмларни кўрсатди. Биттасида у толиблар қуршовида турган бўлса, бошқа биттасида инглизлар орасида юрибди. Яна қиз-жувонлар билан ҳиринг-ҳиринг қилаётган суратлари ҳам бор экан унинг.
— Бўпти, — деди Достон Алимович, — ишласак ишлаймиз. Аммо мен сувни кўрмай оёқ кийимимни ечмайман. Икки юз тонна мош бераман. Шуни хоҳлаган жойингизга олиб бориб сотинг. Ана ундан кейин, балки, мен ҳам пул тикарман.
— Гап бўлиши мумкин эмас! — деди эшон.
Кейин улар ресторанга боришди. Тўғрироғи, тунги клубга. Тонггача ишрат қилишди. Албатта, улар учун тунги клубда алоҳида хона бор эди. Хизмат қиладиганлар ҳам махсус. Улар бошқаларга хизмат қилишмайди. Керак бўлса, бошқалар уларга хизмат қилишади… Айтганча, бу пайтда ҳали Достон Алимович уйланмаган эди. Уйланишга ҳожат бўлмаганидан сўнг, оила қуриш унинг хаёлининг бир четига ҳам келмасди. «Нима қиламан бошни оғритиб? Шундоқ ҳам атрофимда гўзаллар тиқилиб ётибди. Ҳеч бошқа бировга эҳтиёж қолдиришмаяпти», дерди. Аммо унинг уйидагилари бундай деб ўйлашмасди. Ахир кимсан, он ҳазратларининг ўғиллари ҳам «икки бошли» бўлдилар-да. У чет элликка уйланди. Катта бир корхона эгасининг қизига. Деярли ҳамма давлатларда бу корхонанинг филиаллари бор эди. Бой эди… Шундай одамнинг он ҳазратлари билан қуда бўлгиси келибди. Он ҳазратлари эмас, балки қиз томон совчи бўлиб келди. «Қизимиз асли она юрти, ота юртининг фарзанди бўлишини истаймиз. Бизга мол-дунё керак эмас. Дунёмиз кўп. Ҳамма мамлакатларда уйларимиз бор. Йигирмага яқин мамлакатнинг одами ҳисобланамиз (фуқаросимиз, дейишмади. Илло, улар фуқаро «қул» дегани эканлигини яхши билишарди). Бизга фақат Ватан, ҳақиқий Ватан етишмайди», дейишди. Он ҳазратларига уларнинг сўзлари маъқул келди. У қизни шахсан ўзи кўрди. Чиройли, иболи, муомалали, маданиятли қиз экан. «Бўлди, шу қиз меники, уни ўзим келин қиламан», деди. Достон Алимовичнинг дўсти: «Оғайни, мана ўзим бошлаб бердим, сан давом эткизасан», деди. Бироқ давом эткизиш бироз чўзилди. Чунки Достон Алимович истаган қиз йўқ эди. Уни кўрди, бўлмади, буни кўрди, бўлмади. Энди кўрганларининг ҳаммаси ўзининг тоифасига яқин эди. Айш-у ишратни хуш кўрадиганлар эди. Уйдагилари: «Сенга ҳисоб-китобингни олиб юрадиган қиз керак. Сен кўп пул топасан, аммо жуда кўп ишлатасан. Агар тартиб бўлмаса, топганингдан фойда йўқ», дейишди ва ўзлари келин қидиришга тушиб кетишди… Охири топилди. Чекка бир туман раҳбарининг қизи. Айтишларича, қиз Помир томонларда туғилган экан. Бобоси шу томонларда яшаган экан. Кейин унинг отаси ўша чекка туманга кўчиб келган. Бироқ қиз бобоси томонда туғилган. Исми Зубайда. Зангори кўзли, оқ юзли, қора соч, қора қошли юзида кулгичи бор қиз экан. Нигоҳлари ўткир экан. Тошкентда ўқир экан. Фармацевтикада. Доришунос бўлар экан. Унча-мунча доривор ўсимликларни танир, улардан дори тайёрлар экан. Ошиғи кўп экан. Ҳар кўрган бўйдоғ-у боши боғлиқ уни кўрса, севиб қолавераркан. Бироқ Зубайда бировга рўйхушлик бермай, ёшини амаллаб йигирма иккига етказибди. Ана шундай бир пайтда уни Достон Алимовичнинг қариндошлари сезиб қолишди. Дарров ўрашга тушишди. Бунда уларга катта мартаба ва пул қўл келди. Аммо Зубайда Достонни ёқтирмади. Кўришганлари заҳоти Зубайда уни шилқимликда айблади. «Сизнинг қизларга суягингиз йўқ экан», деди. Аслини олганда, бошқа қиз ҳам шундай деган бўларди. Албатта, ўзини билган, ўзининг қадрига етадиган қиз шундай дерди. Чунки Достон Алимович шу биринчи учрашувдаёқ Зубайдани қучмоқчи бўлди… Дарвоқе, Достон Алимович «Боғи Нур» ресторанини уларнинг илк учрашувлари муносабати билан тўлалигича банд қилган эди… Ҳаммаёқ безатилди. Қип-қизил пойандоз тўшалди. Ерга гуллар сочилди. Иккита мусиқий гуруҳ уларнинг шарафига куй чалиб турди. Албатта, Достон Алимовичнинг ўзи ҳам пўрим кийиниб олганди. Италиялик қизлар тиккан оппоқ костюм-шим. Англиядан келтирилган қип-қизил бўйинбоғ, шляпа ва Франция фирмаси ишлаб чиқарган оёқ кийимида эди у. Қиз эса, ишонасизми, жуда оддий кийиниб келди. Бўлмаса, унга учрашув шоҳона бўлишини айтишганди. Яна махсус гўзаллик салонида қўшимча оро ҳам олиши керак эди у. Бироқ ҳаммасига қўл силтади. «Биринчидан, мен ҳали уни кўрганим йўқ. Иккинчидан, рози бўлмадим. Агар кўнглимга ўтирса, ўзим биламан қанақа кийинишни», деди. Ҳа, унинг отаси ҳам камбағал эмасди. Қизига шахсий машина олиб берганди. Яна Зубайданинг шаҳар марказида уч хонали уйи бор эди. Шунга қарамай, ўқишга кийиб борадиган жинси шими ва оқ футболкасида келди. Ҳатто елкасига ўзи яхши кўрадиган, оқ рангли тимсоҳ терили сумкачасини ҳам илиб олмади. Бунинг устига, у автобусда келди.
Ресторан қўриқчилари уни тўсишди.
— Бугун ресторан ишламайди. Эртага келинг, — дейишди.
— Шунақами? Қани энди эртага келганимда. Аммо мени кутишяпти. Бошқача айтганда, мен туфайли ресторанингиз ишламаяпти бугун, — дея кулди Зубайда.
Эшикбон қизлар унга бошдан-оёқ қараб чиқишди.
— Кетинг. Биз сизни деб балога қолиб кетмайлик, — дейишди.
— Кетсам, аниқ балога қоласизлар. Сизларни ўйлаганим учун ҳам киришим керак. Илтимос, ҳайдалишларингга сабабчи бўлиб қолмайин, — деди Зубайда.
Шунда қизлардан бири ичкарига кириб кетди. Куёв болага ким келганлигини айтди. Куёв бола ҳам ҳайрон бўлди ва югурдакларига: «Овсарга ўхшаб, менинг ёнимда туравермасдан, боринглар, кўринглар», деди. Югурдаклар югуриб чиқишди ва гўзалликда тенги йўқ қизни кўришди. Аммо жуда оддий кийиниб олганди у. Сўраб-суриштиришди… Азбаройи Зубайданинг гўзаллиги сабаб уни сўроққа тутишди. Бўлмаса, сўкиб-сўкиб ҳайдаб юборишарди.
Кейин югурдаклар ичкарига югуриб киришди. Кўрганларини, эшитганларини айтишди. Достон Алимович лабини бурди.
— Йўғ-э, унчаликмасдир. Бўлиши мумкин эмас. Мен унинг учун шунча пул сарфласам-у, у шунақа бўлиб келдими? — деди ва сўнг ўзи ташқарига чиқди. Зубайдани кўриб эси оғиб қолаёзди. Ҳатто унинг оддий кийимига ҳам эътибор бермади.
— Булар шунақа одамлар. Хафа бўлмайсиз. Одам ажратишни, одамни танишни билишмайди. Қани, ичкарига марҳамат қилинг! — деди у шошиб.
Зубайда жилмайди.
— Хўп, — дея майин овозда Достон Алимовичнинг юзига қараб қўйди.
Унга шоҳона кутиб олиниши олдиндан айтилган эди. Бироқ бунақасини кутмаганди. Шу боис ҳайратдан донг қотди. Бироқ ички пухталиги боис билдирмади.
Улар безатилган столнинг икки томонига — бир-бирига қарама-қарши ўтиришди.
— Мен сизни бунақа тасаввур қилмагандим, — деди Достон Алимович.
— Хунуккина эканманми? — деди Зубайда айёрона боқиб.
— Нималар деяпсиз? Тенгингиз йўқ.
— Оддий, ҳаммага ўхшаган қизман. Бироқ бунақа кўришишимиз биринчи мартасига жуда кўп эмасми?
— Мен чет элда ташкил қилмоқчийдим. Аммо сизни кўндира олишмабди. Шунга оддийроқ қилиб…
— Оддийроқ?! Йўқ, мен бунақа демаган бўлардим.
— Сизни ҳеч нима ҳайрон қолдирмадими?
— Тўғрисини айтсам, қаранг, мен қанақаман? Шунақасини яхши кўраман. Ҳар хил ҳинд киносига ўхшайдиган нарсаларни унчалик жиним суймайди.
— Нима? Сизга, оформления ёқмадими? Романтика бўлишини истадим. Иккита дизайнер тўрт кун ишлади битта ўзингиз учун.
— Ҳа, кўриниб турибди. Бундан, албатта, хурсандман. Энди танишсак нима дейсиз?
— Зўр. Бизнесменман. Анча-мунча олди-берди ишларим бор. Дубай, янги қурилаётган Дубай ва Кипрда уйларим бор. Яқинда битта яхта сотиб олдим.
— Ҳа, айтишди. Мен эса ҳали талабаман. Ҳали ўзим бир сўм ҳам ишлаб топмаганман.
— Аёл кишига пул ишлаб топиш шарт эмас.
— Сиздан совчилар келишгунча мен бундай деб ўйламасдим. Аммо энди фикримдан қайтдим.
— Келинг, битта-биттадан оламиз…
— Йўқ.
— Ахир бугун сиз билан мен учун унутилмас кун. Бир умр эслаб юриладиган кун.
— Шундай бўлишга улгурди. Фақат сиз билан менинг бир-биримизга розилигимизни билишимиз қолди. Шунинг учун ҳам ҳали ҳеч нима ҳал қилинмасидан бунақанги учрашув ўтказишимиз ғалати.
— Мен шуни тусадим. Тамом.
— Майли. Бизнесдан бошқа яна бирор нима қиласизми?
— Ҳеч нима. Ҳеч қаерда ўқимаганман. Аммо одамларни беш қўлимдай биламан.
— Шунақами? Унда мен қанақа эканман?
— Ўжар. Эрка. Ҳозирча шу.
— Деярли шундай. Аммо бошқа қилиқларим ҳам бор.
— Фақат биттасини олиб қоламан. Эркалигингизни. Қолгани меники билан бирлашиб кетади. Нима дедингиз?
— Ўҳҳў! Ўзингизга ишончингиз чаккимас! Мен кўнмасам-чи? Сизга турмушга чиқишни истамасам-чи?
— Истайсиз.
— Он ҳазратларининг ўғиллари билан яқинлигингиз сабаб шундай деяпсизми?
— Унинг алоқаси йўқ. Мен, шунчаки, ўжар қизларни яхши кўраман. Гапида туриб оладиганларни. Шу пайтгача…
Зубайданинг қулоғи динг бўлди. «Хўш, шу пайтгача нечтаси билан кўришгансан, нечтаси билан шакаргуфторлик қилгансан?» деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Бироқ у гапирмади, жилмайиб қараб тураверди.
Достон Алимович бўлса, гапини давом эттирди. Илло, унинг ўзи ҳам гап ўзани қаёққа кетаётганини сезиб қолган эди. «Лекин шошма, вақти келса, сендақаларнинг нечтасини ўйнатганимни ўзим айтиб бераман», дея кўнглидан ўтказди ҳамда шишадаги қип-қизил суюқликдан ўзига қуйди.
Бу суюқлик Франциядан келтирилган. Нақд ўн минг доллар туради. Ҳа, шу битта шишаси. Бор-йўғи беш юз грамми.
У бир финжонни сипқориб юборди. Ўзиям мазали шарбат ичаётгандай қулт-қулт ютди. Кейин Зубайдага: «Рақсга тушамиз», деди. Зубайда кўнмади. Бироқ ўжарлиги тутган Достон илгари бирга ишрат қилиб юрган қизларининг қўлларидан тортганларида уларнинг қиқирлаб кулганларини, нозланганларини эслаб, Зубайданинг ҳам қўлидан тортди. Бироқ қиз уни силтаб ташлади.
— Шилқим! — деди ва югуриб ресторандан чиқиб кетди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)