Қирғизистон хитойликларга қучоқ очмоқда

Қирғизистон хитойликларга қучоқ очмоқда

Қирғизистон Хитойдан келаётган сайёҳлар учун визасиз режим жорий қилди. Эндиликда Хитойдан Қирғизистонга келган 5 дан 25 кишигача бўлган гуруҳлар мамлакатда 21 кун давомида визасиз қолиши мумкин бўлади. Қирғизистон ҳукумати ушбу қарорни туризмни ривожлантириш нияти билан изоҳлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 28 октябрдаги қарорига кўра, Қирғизистонга визасиз келган сайёҳлик гуруҳи камида беш, кўпи билан 25 кишидан иборат бўлиши керак.

Улар аввал тасдиқланган туристик дастур бўйича келишлари ва қайтиш учун авиачиптага эга бўлишлари керак.

“Сайёҳларга Қирғизистондан чиқиб кетганидан кейин 21 кундан кейин визасиз қайта кириш ҳуқуқи берилади. Хитойдан сайёҳлар учун визасиз режимнинг жорий этилиши Қирғизистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туристлар оқимини кўпайтириш ва ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган”, — дейилади Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги хабарида.

Қирғиз ҳукумати раисининг ўринбосари Эдил Байсалов “Хитой – Марказий Осиё” 11-форумидаги йиғилишда ҳукуматнинг ушбу қарори ҳақида гапирди. Унинг қайд этишича, Бишкекнинг бундай қадами туризм учун ижобий натижалар беради.

Мазкур қарор хитойлик сайёҳларнинг Қирғизистонда қолишини осонлаштиради. Мавжуд талабларга кўра, Хитой фуқароси АҚШ, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия визаси ҳамда узоқ муддатли Шенген визасига эга бўлсагина Қирғизистон бўйлаб 7 кунгача визасиз саёҳат қилиши мумкин. Бир ҳафталик турар жойдан сўнг, жўнаб кетган кундан бошлаб 21 кун ўтгач, у худди шундай шартлар билан яна Қирғизистонга қайтиш ҳуқуқига эга.

Ҳозирда Макао ва Гонконг махсус маъмурий ҳудудлари аҳолиси қайтиш чиптаси билан Қирғизистонга 30 кунгача визасиз киришлари мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: