Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (4-қисм)

Шу куни Достон ишдан эртароқ қайтди. Қандайдир тинка-мадори қуриган, худди бир гектар ерни кетмон билан ағдариб чиққандай чарчаган бир аҳволда эди.

— Нима бўлди? — дея ундан сўради Зубайда айланиб-ўргилиб кутиб олганидан сўнг.

— Ҳаммасига сен айбдорсан. Кечаси билан роса чарчатасан, яна саҳарлабдан уйғотасан. Мана, кечгачаям етиб боролмаяпман. Менга тегинма. Мен ухлайман, — деб жавоб қилди Достон.

— Атайлабдан шундай қилдим, — деб жилмайди Зубайда.

— Нега? — деди бирдан жаҳли чиққан Достон.

— Чунки мен сизнинг кучни тўғри тақсимлашни тушуниб етишингизни истадим.

— Ҳо-о! Шунақами? Кир бўлмасам.

— Майли. Лекин эртага яна шу аҳволда қоласиз-да… Қўй гўштини боплаб димлаб, кейин стейк қилиб қўйибман. Аввал шуни еб, бироз кучга энинг.

— Эй-й, — дея у ёқ-бу ёққа қаради Достон, — мен, керак бўлса… Ҳа, майли. Французларнинг «Қип-қизил»идан, йигирма йиллигидан олиб, музлаткичга қўйиб қўйганман. Ўшаниям стейкингнинг ёнига қўй.

— Бўлди, — деди Зубайда унинг устидан ичида кулиб.

Эртасига у эри билан бирга ишга отланди. Кўчада юрадиган ҳар қандай олифта қизлардан олифтароқ бўлиб олди. Бўянди. Ҳеч бир бўёқни ортиқча ишлатмади ва у яна эрини куттириб ҳам қўймади. Эрига унинг бунақа кийиниши ёққанди. Ахир, кимсан, фалончи бойвачча. Унинг хотини ҳам шунга мос бўлиши керак-да. Шунингдек, кечаси Зубайда қайнонаси билан бўлиб ўтган суҳбат тўғрисида унга айтган ва унга қўшимча мотивация берган эди… Шу боисдан на уйдагиларда ва на эрида ажабланиш бўлмади.

Шу куни Зубайда ҳеч бир иш қилмади. Айтиш мумкинки, қўлини совуқ сувга урмади. Қилгани эрининг кабинетида, бир чеккада оёқларини чалиштириб ўтириш бўлди. Кирган-чиққанларнинг барини кузатди. Айниқса, аёлларни. Кейин ўзининг ҳеч кимга ошкор этмаган қилиғидан ўзи уялди. Илло, у майда нарсаларга ўралашиб қолдим, дея ўйлаганди… Кириб-чиққанлар эса ажабланишарди. Уларнинг деярли ҳаммаси Зубайданинг ким эканлигини билишарди. Чунки унинг расми шефнинг столи устида туради. Махсус рамкага солинган.

Улар бирга тушликка чиқишди. Ресторан-песторанга боришмади. Шу ерда. Қўшни хона Достон Алимовичнинг овқатланадиган жойи. Ресторанлардан буюртма қилинади. Овқатни ресторандаги официантларнинг ўзлари олиб келишади. Кейин токи Достон Алимович овқатланиб бўлгунича хизмат қилишади. Кейин кетишади. Бугун ҳам шунақа бўлди. Фақат келтирилган овқат икки ҳисса кўп эди.

— Сиз шоҳсиз! — дея уни мақтади Зубайда. — Керак бўлса, шоҳлардан ҳам баланд турасиз! Сизга фақат қойил қоламан!

— Агар ўзингнинг хотининг шундай деб турса, бошқалар нима деб ўйлашади? — деди унга жавобан Достон.

— Икки тийин. Сариқ чақа. Мен кимнингдир айтган гапи билан юрмайман. Кимнингдир фикри ҳам қизиқтирмайди. Асосийси, сиз ва оиламиз. Бошқа нарсанинг умуман аҳамияти йўқ. Аммо бошқача йўл тутиш керак эди.

— Қанақа?

— Он ҳазратларининг ўғиллари, мана пешин бўлди ҳамки, қўнғироқ қилмади. Айни пайтда сиз ҳам уни йўқламадингиз.

— Чунки унинг иш куни соат иккидан кейин бошланади. Шунда ҳам бошланса. У менга ўхшаб саҳарлабдан туриб олмайди. Унинг хотинига кучи етади.

Эрининг сўзлари Зубайдани завқлантирди. У ўрнидан туриб, овқатланаётган Достоннинг тиззасига ўтириб олди. Сўнг оҳиста бўса оларкан:

— Аммо унинг хотини мен сизни бошимга кўтарганчалик кўтаролмайди. Шунчаки, танбал, ишёқмас. Улар он ҳазратлари ҳар доим от устида бўлади, деб ўйлашади. Бироқ бундай бўлмайди. Он ҳазратларининг ҳам отлари бир кунмас-бир кун толиқади. Он ҳазратларининг ўзлари эса отларидан баттар аҳволга тушади. Кейин қандай йиқилганини билмай қолади.

— Сен қўрқинчли гапларни айтяпсан. Билиб қўй, деворнинг ҳам қулоғи бор.

— Бунисини жуда яхши биламан. Аммо ҳаракат қилиб қолишимиз керак. Сизнинг ходимларингиз ҳеч вақога ярамайди. Уларнинг бирортасидан ҳам шерик чиқмайди.

— Аммо чиройли қизларим бор.

— Наҳотки! Бироқ билиб қўйинг, улар ҳам пичоққа даста бўла олишмайди. Топиб, оғизларидан тиқиб турсангиз ейишади. Бошқа пайт ўзларини осмон чоғлаб юраверишади. Аммо билишмайдики, шунчаки қўғирчоқ, шунчаки ўйинчоқ.

— Хоним, нималар деяпсиз? Ҳамма нарса сен оқшом қилганингга ўхшаб кетавермайди.

— Нимага экан? Биз энди бошқача иш тартибини ўрнатамиз. Кўраяпман, ходимларингизга, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, бир хил муомала қиляпсиз. Аммо бунақаси кетмайди. Беш бармоқ баробар бўлмагани каби, муомала ҳам турли-туман бўлиши керак. Бунинг устига, уларнинг ораларига фитна солиб қўйсак, бошқариш янада осон кечади. Улар узлуксиз бир-бирларини сотишга тушишади.

— Унақада ҳамма бир-бирига душман бўлади.

— Ҳа, шуниси керак-да. Он ҳазратларининг ўзлари худди шу усулни қўлламаяптими? Яхшилаб ўйлаб кўринг, жоним!..

— Сен балосан. Очиғини айтганда, менга қандай хотин бўлганингни ҳам билмайман. Ҳозир гапларингни эшитиб, сен менга эмас, балки мен сенга турмушга чиққандайман.

Зубайда эрининг гапларига қиқирлаб кулди. Кўзини қисиб, эрининг бурнини секингина чимдиб қўйиб деди:

— Йўқ. Ҳар ким ўзининг ўрнида тургани маъқул. Биз узоқни кўзлаганмиз. Жуда узоқни. Шундай экан, ҳеч бўлмаганда умримизнинг охиригача битта мақомда туришимиз керак. Нафақат керак, шарт! Энди, жаноби олийлари, тушлик вақтингиз тугади. Дарров ишга киришинг.

— Балки, менга хўжайинчилик қилмассиз.

— Иложим йўқ.

— Бекор ишга олиб келибман. Бекор ёнимда ишлашингга рози бўлибман. Энди миямни эговлаб ташласанг керак.

— Йўқ. Мен ўзимга ўзим сизни фақат хурсанд қиламан, деб ваъда берганман. Сўзимнинг устидан чиқаман.

Ҳа, Зубайда эрининг иш кабинетига тушдан кейин кириб ўтирмади. Омборхонага кетди. У жой шаҳарнинг бошқа бурчагида эди… Омборхонадаги юк уларники эмас. Улар фақатгина олиб келиб бериш хизматини бўйинларига олишган. Шунингдек, улар келтирган моллар ҳар қандай тўловлардан озод. Шунга уларнинг мижози кўп, омборхонаси мол билан лиммо-лим. Одам ҳам кўп. Шунинг тўқсон фоизи мижозлар.

Зубайдани олиб борган ҳайдовчи ўзиникиларга Зубайдани таништирди. Олдинига бир-икки йигит суқланиб қараётганди. Бирдан улар ўзларини йиғиштириб олиб, хушомад қилишга тушиб кетишди.

Бу ердаги иш ҳам Зубайдага ёқмади. Чунки ҳаддан зиёд кўп одам тўпланиб қолаётган эди. Юк келган заҳоти тарқатилиши лозим. Ана шунда катта амалиёт бажарилаётгани билинмайди.

У эринмади. Омборхонадаги ҳамма молни бирма-бир кўриб чиқди. Шунингдек, бир-иккита қоғозларга ҳам қараган бўлди. Шу билан эрининг ёнига кетди. Бироқ эрини хонасидан тополмади. У қандайдир мижозлар билан кўришгани кетибди. Зубайда бир марта Достонга қўнғироқ қилиб кўрди. Лекин унинг телефони ўчирилган экан. «Йўқ, сен шу ерда бўлишинг, мени кутиб олишинг керак эди. Шундай қилмабсанми, бундан чиқди, ҳали анча тарбиялашимга тўғри келади», дея кўнглидан ўтказди Зубайда.

Ёнига иккита котибанинг гўзалроғини чақирди. Унга қаҳва дамлатди. Сўнг гапга тутди. Котиба довдиради. Кўзларини олиб қочди. Шундан билдики, бу аёлнинг эри билан қандайдир алоқалари бор. Бироқ сир бой бермади. Қайтага, торт олиб келишни буюрди. Ҳа, Достон Алимовичнинг ишхонасида ҳамма пишириқлардан бор. Меҳмонлар келса, уларга таклиф қилинади.

— Ёшингиз нечада? — деб сўради Зубайда сариқ сочли котибадан.

— Йигирма иккида, — дея жавоб берди оқ юзли қиз овозини баттар нозиклаштириб.

— Турмушга чиққанмисиз?

— Ажрашганман.

— Оббо, нега?

— Бир-биримизга тўғри келмадик.

— Шунақами? Қачондан бери ишлайсиз бу ерда?

— Олти ой бўлди.

— Ҳимм, маошингизни ошириш вақти бўлиб қолибди-ку. Кейин, менимча, иккита котибадан биттаси ҳам бу ердаги арзимас ишларни бажаришга улгурса керак, шунга нима дейсиз?

Котибанинг юзига бирдан қизиллик югурди. У киприкларини пирпиратиб, Зубайдага қаради.

— Кўряпман, ишларинг унақа кўп эмас. Бор-йўғи битта одамнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турасизлар. Шундайми?

— Яна бошқа топшириқлар ҳам бўлади. Хат ташиймиз. Яна…

— Маошингиз ошишини истайсизми?

— Билмадим.

— Биласиз. Менга айтинг-чи, ҳамкасбингиз қанақа қиз?

— Яхши.

— Аниқми?

— Ҳа.

— Ўқиганми?

— Йўқ.

— Сиз-чи?

— Курсда ўқиганман.

— Котибалик курсида, шундайми?

— Ҳа.

— Менга ёқяпсиз. Бундан бу ёғига мен ҳам шу ерда ишлайман. Менимча, хўжайинга қараганда мен кўпроқ бўлсам керак бу ерда. Чунки, биласиз, хўжайиннинг чет элларда ҳам ишлари кўп. Шунга бир-биримизни яқинроқдан билиб олганимиз яхши, шундай эмасми?

— Ҳа, шундай.

— Баракалла! Ақллилигингиз шундоққина кўриниб турибди. Менимча, бу ақллилик сизда ҳамма томондан бўлса керак. Нима дедингиз?

Котиба баттар ўзини ноқулай ҳис эта бошлади. Чунки у Зубайда нимани назарда тутаётганлигини тушунолмаётганди. Тушунолмаётганини сўрашга эса юраги бетламаётганди. Илло, унинг Достон Алимович билан бир неча марта қизғин ўтган кунлари бўлган. Уни ҳар доим хўжайини мақтаган. «Тиришқоқсан», деган. Агар шу тиришқоқлигини манави билиб қолса борми, терисини шилиб олиши ҳеч гап эмас. Гарчи овози майин, ўзи ниҳоятда гўзал бўлса-да, сўзлари жудаям ўткир эди. Ҳар сўзки, котибанинг суягигача қақшатиб юборади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: