Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (5-қисм)

— Йўғ-э, — деди у бироз иккиланишдан кейин.

— Сиздан олдинги котиба нега бўшаб кетган? — дея синчковлик билан котибага термилди Зубайда.

— Йўқ, у бўшамаган. Бошқа фирмага ўтган. Достон Алимовичнинг сўзларига қараганда, у ҳам ўзимизники экан. Бу ерда малака оширганлар бошқа фирмаларга, ҳатто чет элдаги фирмаларга жўнатиларкан.

— Аҳа, шунақа денг. Мана буниси мен учун янгилик. Демак, сиз ҳам бу ерда ўзингизни ҳар томонлама кўрсатиб, чет элга кетишни режалаштириб юрибсиз, тўғрими?

— Ҳамма шундай.

— Ҳамма деганингиз ким?..

Котиба жавоб беришга улгурмади. Чунки эшикдан Достон Алимович кириб келди.

— Эрта қайтибсизми? — деди у хотинига, котибага ўқрайиб қараб қўяркан.

— Шундай бўлди, — дея жавоб берди Зубайда, сўнг котибага: — майли, сиз бораверинг, бўшсиз, — деб кулиб қўйди.

— Қалай, тил топишиб олдингларми? — сўради Достон Алимович котиба чиқиб кетганидан сўнг.

— Ҳа, танишдик. Эй-й, мен исмини сўрашни унутибман. Аммо истарали қиз экан. Дидингиз чакки эмас, хўжайин. Хўп, менсиз қаерга кетиб қолдингиз?

— Нега энди сенсиз бўларкан? Сенга топшириқ берилди. Аниқроғи, топшириқни ўзинг топиб олдинг. Омборда нима гаплар экан?

— Омбор эмас, бозор деяверинг. Мен бўлганимда, ишни бошқача ташкил қилардим.

— Қанақа? — дея энсасини қотирди Достон Алимович.

— Мол омборда бир кундан ортиқ сақланмаслиги керак. Келгунимча молни келган заҳоти тарқатиб юборишни режалаштирдим. Ўнта юк машина сотиб олинади. Улар уч, беш тоннадан ортиқ юк кўтармайди. Юклар тартиб билан, бозорнинг ўнта жойига олиб борилади. Мижозлар ана шу ўнта жойдан молларини олиб кетишади. Бундан чиқди, етказиб бериш хизматининг устига яна бир-икки сўм қўйилади. Ахир текиндан-текин олиб бориб бермайсиз-ку.

— Мана бу зўр фикр, — деди ўшшайган Достон Алимович, — энди уйга кетамиз. Соат бешга яқинлашиб қолди. Менинг эса он ҳазратларининг эркатойлари билан учрашувим бор. Ресторанда. У хотини билан келади.

— Қанақасига? — дея жилмайди Зубайда.

— Оддий. Мен сени ёнимга олганимни айтганимдан кейин таклиф бериб қолди. «Хотинларимизни кўриштирайлик. Тўйда кўришганлари, кейин яна бир-икки марта учрашганлари ҳисобмас. Улар ҳам ораларидан қил ўтмайдиган дўст бўлиб кетишлари керак, худди бизга ўхшаб», деди.

— Зўр таклиф берибди-ку. Айни кўнглимдаги иш.

— Лекин унинг хотини сенинг тоифангдан эмас.

— Фарқи йўқ қанақа тоифадан бўлиши. Демак, тусимизниям, ўзимизниям ўзгартирамиз.

— Сен ёмонсан. Биттада уйдагиларниям қўлга олдинг.

— Фақат сиз учун. Сизнинг фойдангиз учун. Ҳозир иккаламиз ҳам ёшмиз. Шу ёшликдан унумли фойдаланиб қоламиз. Айтганча, котибангиз қалай? Агар жудаям ёқтирсангиз, қолсин. Бўлмаса…

— Мен сенга…

— Сизга ўшанда айтган гапим гап. Рашк қилмайман! Агар фойдаси тегса, қайтага яхши…

— Унда кетдик. Аввал уйга, ана ундан кейин ресторанга меҳмондорчиликка борамиз, — дея иржайди Достон Алимович.

— Қандоқ яхши! Кундан кунга мен сизни кўпроқ яхши кўряпман. Бунинг «жазо»сини оқшом бераман, — деб Зубайда бир-бир қадам босиб келди-да, эрининг бўйнига осилди.

— Йўқ, фақат бугунмас.

Зубайда хандон отиб кулиб юборди ҳамда ўзининг шевасида:

— Қўрқоқ! — деб эрининг бурнини чимдиб қўйди.

Достон Алимович уйидагиларга Зубайданинг оёғини ерга теккизмай мақтади. «Ҳали бу менинг хаёлимга келмаган ишларни қилмоқчи! Ишхонамдан мингта камчилик топди. Яхшиям текширувчи эмас, агар текширувчи бўлганида борми, бўйнимга тоғдай бир нарсани илиб қўйган бўлар экан», деди.

Уйдагиларнинг ҳаммаси унинг сўзларига кулишди. Кейин улар хизматкор ҳақида гапиришди. Хизматкор рус аёл эди. Надя. Ёши қирқда экан. У ҳаммадан ҳам Алим бобога ёқиб қолибди. «Оёқ-қўли чаққон экан, муомаласи ширин экан. Қилган овқатини еган сайин егинг келади», деди ва бу сўзлари учун хотинидан дакки ҳам эшитди. Чунки Санобар Зубайдага ўхшамасди-да. У бир пайтлар эрини ташқарида юрган итлардан ҳам қизғанарди. Шунинг орқасидан қанча жангу жадаллар бўлган. Энди бўлса бу чол қурмағур унинг кўз ўнгида хизматкор аёлни мақтаб ўтирибди.

— Бўлмаса, хотин қилиб олинг! Битта шу хотинлик қилмагани сизга етишмаётган экан-да! — деди у.

Дарров орага Зубайда қўшилди.

— Онажон, адажон бошқа ниятда гапирдилар. Лекин рашкингиз учун мен сизни янаям кўп яхши кўриб кетдим. Очиғини айтганда, ўғлингизнинг ишхонасидаги қизларни кўрсангиз, кўзингиз қамашади. Лекин уларнинг баридан ўзим зўрман. Сиз ҳам адажон учун хизматкорлар у ёқда турсин, ўзларига роса оро берадиган зодагон хотинлардан минг марта яхшисиз! — дея қайнонасининг юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди.

— Ана кўрдингми? Тушунган аёл, мана, қанақа бўлади! Аммо, қизим, сен бизнинг уйда туғилиб ўсганга ўхшайсан, — деди Алим бобо.

Энди у жуда бобо бўлиб бобо эмасди. Чунки ҳали ёши олтмишга етмаган. Лекин набиралар шунақа деб чақиришади-да. Олдинига ғалати туйилди. «Ҳали бобо бўлишга бироз боров!» деди. Бироқ аста-секин кўникди. Энди набиралар бобо дейишмаса, бошқача бўлади.

— Адажон, мана шу хонадон менинг тушимга кирган, — дея қиқирлаб кулди Зубайда.

Кейин Достон Алимович хотинига бошмалдоғини тикка қилиб кўрсатди ва онасига юзланиб:

— Бугун бизни ресторанда кутишяпти, — деди.

— Эй-й, ким экан кутадиган? Бу ерда адангнинг хизматкори мазали овқатлар қилиб турган бир пайтда сенлар ресторанга кетасанларми? — деб пешонасини тириштирди Санобар.

— Бошқа бировлар бўлганида бормасдик. Он ҳазратларининг ўғли хотини билан келади.

— Бошидан шунақа демайсанми? Унда боринглар. Бундан бу ёғига Зубайдахон ёнингда экан, мен сира хавотир олмайман, ўғлим.

— Ўзимнинг ойижонимдан! — дея эркаланди Зубайда ва тағин қайнонасини ўпиб олди.

Санобар бу эр-хотиннинг қўлтиқлашиб ресторанга кетишига ич-ичидан қарши эди. Бироқ у ёқдагилар нозик одамлар, боришмаса бўлмайди. Ўзи бу келин ҳамиша нозик жойдан олади. Шунчалик нозикки, рози бўлганингни, ихтиёрни унинг ўзига топшириб қўйганингни сезмай қоласан.

— Ҳали вақт бор, — деди Зубайда ичкарига кирганларидан кейин, — сиз тетик бўлиб боришингиз керак. Бунинг учун чўмилиш зарур, — деди ва яна айтганини қилдирди…

Улар ресторанга вақтидан ўн дақиқача олдин боришди. Таомили шунақа, нариги томоннинг юки оғир бўлганида, бу ёқдагилар олдинроқ ҳаракат қилишлари лозим. Нариги томонни иззат-икром билан кутиб олиш керак. Ажойиб-а! Он ҳазратларининг ўғли Саъдулла Достон Алимович билан тенгдош. Боғча, мактаб ва ҳоказоларда доимо ёнма-ён юришган. Бироқ азбаройи он ҳазратларининг ўғли бўлганлиги учунгина унинг юки оғир. Ва унга бу томон, албатта, хизмат қилиши керак. Ёзилмаган қонун шундай.

— Аммо, — деди Достон Зубайдага, — мен сенга барибир қойил қоляпман. Уйланганимга анча бўлиб қолди. Бироқ негадир барибир… Бўлмаса, сирларингнинг ҳаммасини очиб ташладинг. Кейин…

— Кейинини мен сизга айтаман. Биласизми, мен ўликларданмасман. Мен тирикман. Тирикманки, энг аввало ўзимни ўйлайман. Тасаввур қилинг, сиз шоҳсиз. Мен шунда малика бўламанми? Яшанг! Шундоқ экан, аввало, мен сизга шоҳликни тақдим этмоғим лозим. Илгари жуда уста, жуда пухта шоҳлар бўлишган. Улар ҳеч қачон ўзларини биринчи рақамли қилиб қўйишмаган. Аммо биринчи рақамли унинг измида бўлган. Суриштирсам, ҳаммасининг хотини ақлли бўлган экан. Шулардан ўрнак оляпман. Бор-йўғи шу. Агар шубҳаланаётган бўлсангиз, мени ўта кўчада юрган, деб ўйласангиз, кеч эмас. Жавобимни бериб юбораверинг. Бунисига ҳам розиман. Чунки ҳар қандай шароитда ҳам ҳаёт давом этаверишини жуда яхши биламан. Ва шунда ҳам қайғуга ботмайман, ўзимни ўликка солиб ётмайман ёки оғирлигимни бошқа бировнинг елкасига ташлаб юрмайман! — деди Зубайда кескин. Илло, эрининг сўзлари унинг энсасини қотирган эди. Ҳатто Достоннинг гаплари ғижинини келтирганди.

— Лекин…

— Хўжайин, сиз мен учун улуғсиз. Кўнглингизда ҳеч қанақанги иккиланишлар бўлмаслиги учун мен ёғочдай ётишим мумкин. Сиз истасангиз бўлди, мен бажараман. Айни чоғда, чапу ўнгга қайрилиб юришларингиз билан ҳам ишим бўлмайди!

— Ҳали оғзимдан сўз чиқмай туриб, ёқамга ёпиштириб ташлаяпсан!

— Шунчаки, ҳазм қилолмайман. Қилган, қилаётган меҳнатларим ҳавога совурилишини истамайман. Ахир менда ҳам кўнгил, орзу-ҳавас, қадр-қиммат деган нарсалар бор.

— Бўлди, тан бердим. Бундан бу ёғига ҳеч нимангдан шубҳаланмайман.

Зубайда бошини эгди. «Қаерга ҳам борардинг? Истасам, кучукваччадай ортимдан акиллаб юрасан», дея хаёлидан ўтказди у.

Шундан сўнг уларнинг суҳбати қовушавермади. Достон эса бостириб-бостириб ҳалигидан икки қадаҳ ичди.

Ниҳоят, Саъдулла қўриқчилари ҳамроҳлигида ҳали у давлатда, ҳали бу давлатда юриб катта бўлган хотини билан қўлтиқлашганча кириб келди. Бирдан рестораннинг бошлиқларидан тортиб, хизматчиларигача шошиб қолишди. Уларга айтилган, хабари етказилган. Олдиндан тайёр туришибди. Аммо, барибир, Саъдулланинг салобати босди. Довдирашди. Довдирашлари Саъдулла учун бир чақага қиммат эди. Саъдулла одамларнинг довдирашларига кўникиб қолган эди. У одамларнинг довдирашларидан завқ оларди. Ахир зўр-ку! Сени кўришгани заҳоти ўтиришлариниям, туришлариниям билмай қолишади. Гапираётган гапларини унутишади. Хушомад қилмоқчи бўлишади, аммо эплашолмайди… Агар бир марта ўқрайиб қараб қўйсанг борми, шу ернинг ўзида юраклари ёрилиб жон бериб қўя қолишади. Буларни кўриш шунчаки кайф. Аммо шу кайф ҳам бора-бора оддий ҳолга айланиб, қизиқишини йўқотди.

У қучоғини очди.

— Дўстим! — деди.

Достон ҳам қулочини кенг ёзиб дўстига пешвоз чиқди. Тез-тез юрди ва бора солиб Саъдулла билан қучоқлашиб кўришди. Бунақанги лаҳзалардан Достон усталик билан фойдаланади. Пешонасини бирдан Саъдулланинг елкасига қўяди.

— Қадрдоним! Жигарим! — дейди.

Бу сўзларни у баландроқ овозда айтади. Ён-атрофдагилар, кузатиб турганлар эшитишлари учун шундай қилади. Чунки фойдаси кўп-да. Энди бундай олиб қараганда, унинг шундай дейиши шарт эмас. Сабаби ҳамма уларнинг дўст эканликларини билади. Бироқ такрор кўришса, такрор ҳаваслари келса, такрор гап тарқаса, Достоннинг обрўси янада мустаҳкамланади.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: