Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (8-қисм)

— Бу бобой бало, — дея пичирлади унинг ортидан Санобар, — ўшанда бир «КамАЗ» олиб келганди. Ҳеч қаерга сиғмай кетганди. Замон нозик эди. Бунақанги нарсаларни кўрганларнинг кўзлари чиқиб кетарди. Ертўламиз жуда кичкина эди. Лекин чол тушмагур ертўлани қазиди бир ўзи. Шу ерга бир «КамАЗ» юкни жойлаштириб юборди. Мениям роса қийнаган. Ташийвериб, белим синай деган. «Бориб мардикор олиб келинг», десам, унамайди. «Мардикорга ишониб бўладими?» дейди. Кейин уйни бузиб қурганимиздаям ўша ертўлага тегинилмади. Ҳозир тахминимча, ярим машинача қолган. Жуда нозик меҳмонларга, кейин байрамларга қўйди. Гапига қараганда, ўта тоза эмиш. Агар ҳозир шу қолганини сотса ҳам, камида бир миллион доллар бўлармиш. Ертўланинг эшиги қулф, ўзи кириб чиқади. Калитни ҳатто менга ҳам ишонмайди. Менинг ҳамма эркаликларимни кўтаради, нима десам, барини бажаради, аммо шу калитни бермайди-да.

— Қойил! — деди Зубайда кўзлари чақнаб.

— Шунақа. Энди, қизим, устингизга бошқа бир нима кийиб келинг. Ҳар қалай, қайнотангиз бўлса ҳам, эркак киши. Тўғри, замонавий одамлармиз. Ҳатто денгизларда бирга чўмилишимиз мумкин. Аммо у ерлар шуни кўтаради. Нима дедингиз?

— Хўп, сиз нима десангиз шу.

Зубайда ичкарига кириб, кийимларини алмаштириб чиқди. Келса, столнинг устида бир эмас, иккита ўша «бўйнинг узилгур»дан турибди. У биттасини олиб, ёрлиғига қаради. Кейин қопқоғини кўздан кечирди. Қопқоғи бироз занглаб қолибди.

— Адажон, бунинг муддати ўтиб кетмаганми? — дея сўради хавфсираб.

— Йўқ, буники ўтмайди. У пайтларда маълум муддат учун эмас, балки муддатсиз чиқариларди. Зўр пайтлар эди. Синаб кўрганман неча марталаб. Бунинг биттаси ҳозиргиларнинг мингтасидан зўр. Очинг қўлингиздагини, ҳаммага қуйинг.

Зубайда унинг сўзларига сўзсиз итоат этди. Қулқуллатиб қуйди. Ўзига ҳам. Аммо ўзи биринчи ичмади. Қўрқди. «Заҳарланиб қолмайин», деди. Алим чол эса келинини кўкларга кўтариб мақтаганидан кейин сипқориб юборди. Ортидан қайнона ҳам шу ишни қилди.

— Ҳа-а, — деди қайнона, — худди сувдай кетди. Аччиғи ҳам билинмади. Кейин ёқимли ҳам. Ҳозиргиларда бундай таъм йўқ.

Унинг сўзларидан сўнг Зубайда ҳам ичди. Дарҳақиқат, шундай эди. Қандайдир салқин ичимликларни эслатиб юборади… Йўқ, салқин ичимликларнинг кимёси дарров билинади. Бунда эса… Ҳа, янги сиқилган сабзи билан олма сувининг аралашмасида шунга ўхшаган таъм бор.

— Ажойиб экан, — деди у, — энди, адажон, менга мақтаб қўйдингиз. Ҳозирнинг ўзидаёқ қудангизга совға қилиш истаги пайдо бўлди менда.

— Ҳоким бувагами?

— Ҳа.

— Албатта. Бир яшигини бераман.

— Лекин жуда қиммат, бунинг устига топилмайдиган экан.

— Ҳечқиси йўқ. Менда ҳали кўп.

Зубайданинг дарров боши қизиди. Ўз-ўзидан кайфияти кўтарилди. Иштаҳаси ҳам очилди. Шундан сўнг у қилган ишлари тўғрисида қайнона-қайнотасига берилиб гапириб бера бошлади. Аммо бошқа ичмади. Ҳали Достон билан қиладиган иши бор эди. Режада турганди. Бироқ хоҳиш йўқ эди. Энди эса хоҳиш ҳам пайдо бўлди. Қайнона-қайнота эса шу битта «яримта»ни ҳам тугата олмади. Очилмаганини эса Зубайда олди. «Эрим келса бераман. Қаёқдаги химикатларни ичиб юрибди, ҳар-ҳар замонда ишдан чарчаб келганида ўзим қуйиб бераман», деди.

Достон эса ўша куни оғзи қулоғида кириб келди. Елкасида катта қоп-қора сумка. Зубайда ҳайрон бўлди. Чунки эри ҳатто иш қоғозлари бор папкани ҳам кўтаришга эринарди. Шуниям унинг учун бировлар кўтариб юриши керак эди. Бу сафар эса елкасига ортмоқлаб келяпти. Яна сумка шунчалик оғир эканки, бир томонга қийшайиб қолибди.

— Вой-й! — деди Зубайда уни кўриши билан кўзлари каттариб. — Қоп кўтариб олибсизми?

— Ҳа, қоп! — деб бурнини тортиб қўйди Достон.

— Муборак бўлсин! Қилмаган ишингизни қилиб юрибсиз.

— Буни бошқа бировга ишониб бўлмайди, — деб у дарвозахонада кираверишга қўйди. Сўнг ортидан дарвозанинг кичик эшигини ёпди.

— Нима бу? — деб сумкани кўтармоқчи бўлди Зубайда. Оғирликни сезиши билан эса жойига қайтариб қўйди.

— Ичкарида кўрсатаман.

Ичкарида кўрсатди. Қора сумка тўла доллар экан. Албатта, Зубайда қувонди. Бироқ севинчини сиртига чиқармади.

— Бунингиз зўр. Бироқ бу зўрлик фақат мана шу ерда. Мана шу ердаги зўрликдан сиз тўла лаззатлана олмайсиз. Буни энди хорижга олиб бориш керак. Хориж банкларидан энг ишончлисига қўйишингиз керак. У шундай банк бўлсинки, сиз исталган пайтда бориб олишга қурбингиз етсин. Шундай зўр бўлсинки, бу пулларни қаердан олиб келяпсан, деб сўрамасин. Шундай зўр банк бўлсинки, сиздан бошқа биров бу пулларни олиш тугул, уни сиз қўйганингизни билмасин. Шундай банк бўлсинки, кундан кунга кўпайтирсин! — деди.

— Бор шундай банк. Швейцарияда.

— Йўқ, менинг арслоним, Швейцария ҳамиша Америкага ҳисоб беради. Кипрга қўйинг.

— У ерда танишим йўқ. Қандай қўяман?

— Отам ёрдам беради. Отамнинг таниши бор. Ўзиям пулларини шу ёқда сақлайди. Агар мен илтимос қилсам, қилиб беради. Кейин яна бир иш қилиш керак.

— Нима экан у? — дея сўради Достон хотинига тикилиб.

— Отамнинг амалини бироз кўтариш. Ҳозир Саъдулла бор. Биз ҳозир Саъдулланинг қош-қовоғига қараб юрамиз. У нима деса, ёқмасаям қиламиз. Аммо он ҳазратларини биласиз, ёши анча катта бўлиб қолди. Бир кунмас-бир кун ўрнини бировга бериши керак. Ана шунда Саъдулла учади. Унга алоқаси борларнинг ҳам пайтавасига қурт тушади. Ана шунда отамнинг фойдаси тегади.

— Отангнинг ўзи айтдими?

— Йўқ. Менинг фикрим.

— Пуллар сени хурсанд қилмадими? Бор-йўғи бир ҳафтада топдим шунча пулни.

— Жоним. Нега хурсанд қилмас экан? Мен еттинчи осмонда учиб юрибман. Аммо келажакни ҳам ўйлашимиз керак, тўғрими?

— Тушундим. Майли кўрайлик-чи. Лекин он ҳазратлари билан гаплашиш жуда оғир. У сени биттада яхши кўриб қабул қилса яхши, аммо ёмон кўриб қолса, бирдан балчиққа тиқиб ташлайди. Шунинг учун жуда бир нозик пайтини топиб гаплашиш керак.

— У ёғини менга қўйиб беринг, — деб жилмайди Зубайда.

— Менга Саъдулла қандай одамлигини айтмадинг… — дея Достон хотинини қучди.

— Сўрамаганингиз учун айтмагандим. Умуман, ўша куни роса чарчаган эканман. Бошим ғовлаб кетди. Яхшики, эртасига пешингача ухладик, йўқса, мен тентираб юрардим. Саъдулла шунчаки омадли одам. У бахтли тасодиф туфайли он ҳазратларининг ўғиллари бўлиб туғилган. Агар бошқа оилада туғилганида…

У бирдан сўзлашдан тўхтади. Достоннинг эса қулоғи динг эди.

— Хўш, кейин-чи, — деди у хотинига тикилиб.

— Умуман олганда, у ҳам бошқалар каби одам. Фақат яхши одам, — дея Зубайда гапни бошқа томонга буриб юборди. Илло, у умуман бошқа сўзларни айтмоқчийди. Эрига: «Саъдулла сизнинг кучукваччангиз бўларди, агар бошқа оилада туғилганида», демоқчийди. Кейин бирдан унинг Саъдулла билан дўстлиги эсига тушиб қолди. Билиб бўлмайди, ичгандами ёки бошқа бир даврадами: «Хотиним сени шундай деди», деб қўйса борми, Зубайданинг нақ калласи кетади. Шунда Достон уни ҳимоя қиладими ёки йўқ, ҳеч қачон унга қалқон бўлмайди. Айниқса, Саъдулла қаршисида турса! Шундай экан, бундай гапларни айтмагани маъқул.

— Аммо сен бошқа гапни айтасанми, дегандим, — деди Достон.

— Ҳа, сизга ўхшаган демоқчийдим… Кейин қарасам, сиз битта экансиз. Ахир мен учун туғилган одам битта бўлиши керак, тўғрими? Уни қўйиб туринг, пул масаласини ҳал қилайлик, олдимизда турган энг катта масала ҳозир шу.

Буям гапни бошқа томонга буриш эди. Достонни шундай турли-туман гап-сўзлар билан ўраб ташласинки, суҳбат эркакнинг хаёлидан буткул ўчиб кетсин.

— Ҳа-а, — дея бошини қимирлатди Достон.

Шунда Зубайда чаққонлик билан шкафдан қайнотасидан олган нарсани олди.

— Буни қаранг, — деди.

— Эй, қаердан келиб қолди у? — деб сўради Достон падарида борлиги эсидан чиқиб.

— Топинг-чи, — деб мийиғида кулди Зубайда.

— Имм, ҳа, бўлди. Аммо Алим ака буни ўзидан бошқа бировга бермас, ишонмасди, қандай қилиб сенга берди? — деди Достон тиржайиб.

— Йўлини қилдик-да. Майли, сизни ҳар хил сирлар билан каллангизни қотирмайин. Бугун сиз билан менинг кичкинагина оиламизда роса топадиган кун бўлган экан. Албатта, менинг топганим сизникининг олдида зиғирча ҳам келмайди. Жуда ошиб борса, бир «Мерс»нинг пули. Аммо бир кунга, биринчи кунга шу ҳам катта ютуқ, тўғрими? Шуни адажон билан ойижонга айтдим. Суюнчисига улар байрам қилиб беришди. Алим бобо эриб кетганидан кўз қорачиғида асраб юрганидан биттасини менга берди. Қалай?!

— Оҳ! Сен менинг бойлигимсан! Қуй, бугун бир маза қилайлик! — деди у.

Зубайда дарров унинг айтганини бажарди. Аммо кўп бермади. «Ҳали сиз билан қиладиган ишларимиз бор. Ўша ишларни бажарганингиздан кейин, марҳамат, хоҳлаганингизча», деди.

У хурсанд эди. Илло, эрини чалғитди, чалғита олди. Эри Саъдулла деган одамни буткул унутиб, чарчаб-ҳориб, анави бўйнинг узилгурдан бир пиёла ютиб, сўнг қотиб ухлаб қолди.

Зубайда иягини муштумига тираб, талай муддат унга тикилди. «Аслини олганда, ҳамманг содда, гўлсанлар. Ҳеч вақога ярамайсанлар. Сенларни итдай ўйнатиш мумкин», дея кўнглидан ўтказди ва кейин эрининг сочларини силади…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: