100 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги бор отага ҳукм ўқилди

100 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги бор отага ҳукм ўқилди

Салкам ўн йилдан буён вояга етмаган фарзандининг таъминотидан бўйин товлаб келган ота бир йилга қамалди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди судьяси Малик Бобоев маълум қилмоқда. Таъкидланишича, 2010 йилда фуқаро К.Н. ва Д.А. қонуний никоҳдан ўтиб оила қуришган. 2012 йилда ўрталарида фарзанд туғилган бўлишига қарамай, оилавий келишмовчиликлар сабабли алоҳида яшай бошлашган. 2014 йилдан бошлаб, К.Н. оталик масъулиятидан қочиб, 9 йил давомида вояга етмаган фарзанди таъминоти учун тўланадиган 100 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги алимент тўловларини амалга оширмай келган. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди қарори билан 2023 йилда К.Н.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Орадан яна бир неча ой ўтганига арамай, бундан хулоса чиқармаган К.Н. фарзанди таъминотидан яна бўйин товлаб келган. Қарздор сифатида 100 миллион сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган отанинг қарздорлиги яна салкам ўн миллион сўмга ошган. Судда ўз иши кўриб чиқилган К.Н. бунча миқдордаги пулларни тўлашга қурби етмаслиги ва имконияти ҳам йўқлигини рўкач қилган ва бор-йўғи, 6 миллион сўм тўловни амалга оширган. Вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатларини менсимай, алимент тўловидан қасддан бўйин товлаб келган К.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят тиши қўзғатилиб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. «Алимент тўловчи шахс вояга етмаган фарзанди таъминотини амалга оширишдан бўйин товласа ҳам, қочиб юрса ҳам, ўзини оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинишини сўраса ҳам қарздорлигини амалга оширишга мажбур. Отанинг турли жазо муддатларини ўташи – тўловларнинг қисқариши ёхуд тўламаслигига кафолат эмас! У ҳар қандай ҳолатдаям вояга етмаган фарзанди таъминоти учун белгиланган миқдордаги қарздорликни амалга оширишга мажбур»,-дейди суд раиси.

Дўстларингизга ҳам юборинг: