«Ватандош» гувоҳномаси: у кимларга берилади ва қандай имтиёзлари мавжуд?
Ўзбекистон президентининг 20 ноябрь куни эълон қилинган қарори билан айрим хориждаги ўзбекистонликларга «Ватандош» гувоҳномаси ва шу номдаги карта берилади, дея хабар қилди Адлия вазирлигига тегишли «Huquqiy axborot» Telegram канали.
Низом билан республиканинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган ватандошларга «Ватандош» гувоҳномаси ва «Ватандош» картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби белгиланди.
«Ватандош» гувоҳномаси — хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, республикада хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларга миннатдорчилик ва ташаккур белгиси ҳамда «Ватандош» картасини олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат.
Таклиф ва ташаббус асосида гувоҳнома бериш бўйича тақдим этилган номзодларни вазирлик ва идоралар кўриб чиқиш учун Комиссияга тавсиянома киритади.
«Ватандош» картаси — гувоҳнома асосида 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) бериладиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ID карта шаклидаги ҳужжат;қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;
мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;
хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;
Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш.
Карта эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади:
амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш;
Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;
вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш.