Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (19-қисм)
Эшик тақиллади. Зубайданинг хаёли бўлинди.
— Киринг, — деди.
Зум ўтмай, Неъмат омборчининг олдин калласи, кейин гавдаси кўринди. У худди ҳаво шиширилган шарга ўхшайди: бўйи паст, дум-думалоқ. Шу ҳолига мўйлов ҳам қўйиб олган. Жуда хушомадчи одам. Зубайда уни жини суймайди. Аммо Неъмат қилган ишни бошқалар бажара олишмайди-да.
— Келдим, — деди Неъмат салом берганидан сўнг.
— Сизга кўпи билан икки соат муҳлат. Шаҳар марказидан энг зўр уйни топасиз. Иккинчи ёки учинчи қаватдан бўлсин. Ундан юқорисиям, пастиям бўлмасин. Хоналари камида учта бўлсин. Сотиб оламиз. Тушунарлими? — деди Зубайда унга ўткир нигоҳини қадаб.
— Хўп бўлади. Есть қиламиз. Аммо битта савол: ичида мебеллари бўлсинми, йўқми?
— Бўлсин. Уй яшашга тайёр бўлсин. Ҳужжатлаштириш ҳам бугуннинг ўзида бўлсин. Агар эртага қолса, сизнинг ўрнингизга бошқа омборчи топишга мажбур бўламан.
— Худди айтганингиздай қиламан, — деди Неъмат ва қўлини кўксига қўйиб, икки букилмоқчи эди, аммо уддалай олмади. Қорни халақит бериб қолди.
Зубайда пиқ этиб кулди ва қўли билан ишора бериб, чиқиб кетишга шошаётган Неъматни тўхтатди.
— Менга қаранг, кеннойимнинг бўйлари қандай? — дея сўради.
— Унча узунмас, — деб илжайди Неъмат, — бор-йўғи мендан бир ярим қарич баландроқ!..
Бу гапни эшитиши билан Зубайда хандон отиб кулиб юборди. Сўнг кулгига чапак чалиш қўшилди. Маза қилди. Кўзларидан ёш чиқди. Шу кулиш асносида:
— Озғинмилар? — дея амаллаб сўради.
— Ҳа-а, чўпдай, — деб жавоб қилди Неъмат.
Бу жавобдан Зубайда баттар жўшди.
— Кетинг! Кетинг!!! — деди у ўзини тўхтатолмай…
Нодира кириб келганида, Зубайда энди-энди ўзига келаётган эди. Нодира унинг юзи қизарганини, кўзидан ёш оқиб, бўёқлари қовоғига чаплашганини кўриб ҳайрон бўлди.
— Йиғладингизми? — деб сўради хавотир билан.
— Йўқ, ундан ҳам баттар, — деб кулди Зубайда, — ўлиб қолишимга сал қолди.
— Нега?
— Анави «колобок» келганди. Шу ичагимни узай деди. Ўзининг кўринишини биласиз. Хотини ингичка, бунинг устига, «колобок»дан бир ярим қарич баланд экан. Мен уларни ёнма-ён тасаввур қилдим. Шунга кулавериб, ўлиб қолай дедим.
Нодира ҳам кулди.
— Ҳа, жуда беўхшов бўларкан, — деди сўнгра қўлидаги оппоқ ликопчани Зубайданинг столи устига қўйиб. Ликопчадаги бодринглар ҳаммаси бир хил эди. Катталиги кўрсаткич бармоқдай келарди. Уларнинг орасига кўкат қўйилганди.
— Войбўй! — деди Зубайда қувониб. — Бунча чиройли булар? Сиз буларни ейиш учун менга олиб келдингизми ёки томоша қилиб ўтирсин дедингизми? Одам ейишга қизғанади-ку! Катта раҳмат!
— Шошдим, шунга унча безата олмадим…
— Агар шошмаганингизда, бундан ҳам зўр бўларкан, — деб бодринглардан бирини қўлига олди Зубайда. Сўнг бирдан оғзига солди-да, ғарч эткизиб тишлади ҳамда лаззат билан чайнай бошлади. — Зўр! Маза! Роҳат!
Нодира эса жилмайганча уни кузатиб турарди. Зубайда биттасини еб бўлиши билан иккинчисини олди, сўнг учинчисини, ундан кейин тўртинчисини… Шу тахлит бирпасда ликопчадаги ҳамма бодрингни еб қўйди.
— Вой, тугаб қолди-ку. Лекин ҳали менинг нафсим қонмаганди. Тавба, ҳомиладорлар кўнгли тусаган нарсаларни бор-йўғи бир тишлашади, дейишганди. Ман бўлсам очофат бўлиб кетдим. Қани қолгани? Идиши билан олиб келинг.
Нодира кўз очиб юмгунча унинг бу амрини ҳам бажо келтирди ҳамда идишдаги бодрингларни олмоққа чоғланганида, Зубайда уни тўхтатди.
— Бонкани менга беринг, — деди ва уни қўлига олиши билан энг аввал идиш ичидаги шўр сувни сипқора бошлади. Унинг кўп ичаётганини кўрган Нодира:
— Бўлди, зарар қилиб қолмасин, — деди.
Зубайда кулди. Сўнг йиғлагиси келди. Чунки охирги пайтларда унга ҳеч ким ҳеч нимани буюрмайди. На қайнона ва на Достон. Унинг эса кимгадир итоат этгиси келиб юрибди… Ҳозир эса Нодира шунга яқин гап айтди.
— Нега йиғлаяпсиз? — дея сўради Нодира ажабланиб.
— Ўзим шундай. Кўнглим бўшаб кетди. Сизга раҳмат. Сиз ҳақиқий дўстсиз, — деди у.
Зубайда сал ўзига келиб олганидан сўнг, Нодира идишларни йиғиштириб чиқиб кетди. Зубайданинг эса мияси бўм-бўш эди. У ҳеч нимани ўйлаёлмас, ҳеч нимани режалаштиролмасди. Ҳатто у Неъматга берган топшириғини ҳам унутди. Шу боис диванга ётиб кўзини юмди. «Ухлайман, — деди ўзига ўзи, — роса чарчаганман. Руҳан толиққанман. Бундай пайтда одам ухлаши керак. Ухласа, маза қилади…»
Аммо ухлаёлмади. Чунки Нодира телефонни кўтариб келиб қолди. Неъмат қўнғироқ қилаётганини ҳам айтди.
— Оббо, — деди Зубайда, — энди кўзим илинган экан.
— Кейинроқ қилинг, дейинми? — дея сўради Нодира.
— Йўқ. Зарур гап бор. Сиз ишингизни қилаверинг, — деб Зубайда ётган жойида телефонни қулоғига босди. — Ҳа, эшитаман, — дея яна кўзларини юмди.
— Вазифани бажардим. «Алайский»нинг орқасидаги дом, тўрт хона. Юз квадрат. Ўзим кўрдим. Зўр. Иккинчи қават, — деди Неъмат шошиб.
— Нархи қанча экан?
— «Бир юз ўттиз беш», деди. Лекин иккига туширса бўлади.
— Мебели биланми?
— Мебелига, гилам-пиламларига, яна идиш-товоқларига ўн беш минг қўшаяпти.
— Бирдан кириб яшайверадими?
— Ҳа.
— Унда ҳужжатларини олиб нотариусга борсин. Ўзингиз бош-қош бўласиз ҳаммасига. Ҳозир Нодира онаси билан бирга боради. Уйни Нодиранинг онасининг номига оласизлар. Пулниям улар беришади. Уқдингизми?
— Бўлди, гап бўлиши мумкин эмас. Бажарамиз.
— Шундай бўлсин.
Зубайда телефонни ўчирганидан сўнг Нодирани чақирди. Унга уйига боришни, Неъматга қўнғироқ қилиб, ундан манзилни билишни, сўнг онаси билан бирга паспортларини олиб шу ёққа боришни тайинлади.
— Ҳа-а, — деди ҳайрон бўлиб чиқиб кетаётган Нодирага, — пулингизни олволинг. Сиз бир-икки соатда уйли бўласиз, — деб қўшиб қўйди.
Нодиранинг яна ўпкаси тўлди. Изига қайтиб, диванда ётганча буйруқ бераётган Зубайдани қучоқлади.
— Мени бутунлай қарздор қилиб ташладингиз, — деди кўзидан ёш оқиб.
— Сира қарздор эмассиз. Ўзингизнинг ҳақингиз. Ўзингизнинг меҳнатингиз. Ўзингизнинг зийраклигингиз сабаб ҳаммасига. Энди боринг, хоним. Телефонларнинг ҳаммасини ўчириб ташланг. Уйқум келаяпти. Ҳатто Достон билан ҳам гаплашмайман.
Зубайда енгил тортгандай бўлди. «Энди Нодира билан унинг онаси менинг қанчалик қудратли эканлигимни билишди. Илгари ҳам билишарди. Бундан бу ёғига роса ишончи комил бўлади. Мен агар бировга яхшилик қилишни истасам, керак бўлса, жаннатга киритиб қўяман…» «Шошма, — деди у кейин бирдан, — Худомасман-ку. Ҳамма нарсани биламан, тушунаман. Ҳамма нарсани эплай оламан. Аммо Худомасман. Шу нарса эсимдан чиқмасин. Яхшилигимдан бошқа бир одамни роҳатлантира олишим мумкин. Лекин жаннатга киритолмайман… Аммо ёмонлик қилсам, уйини куйдириб юборишим ҳам ҳеч гап эмас. Ҳозирча менинг қаҳримга ҳеч ким дуч келмади…»
У ухлади. Кўп ухлади. Нақ тўрт соат. Сўнг уйғонди. Боши хумдай бўлиб уйғонди. Ўрнидан туриб ювиниш хонасига кирди. Яна ўқчиди. Бу сафар жуда кўп нарсани қайт қилиб ташлади. Кўзидан узлуксиз ёш оқди. Жони чиқиб кетай деди. Сўнг мадори қуриб, оёқларини зўрға судраб босиб, деворга суянганча хонасига кирди. Оромкурсига ўтиргач, қабулхона қўнғироғи тугмачасини босди. Кейин бирдан Нодиранинг йўқлиги эсига тушди. «Уни бекор бугун жўнатибман. Шунчалик шошиш шартмиди? Шу ишни бошқа кунлари қилса ҳам бўларди-ку. Шу кулбасида шунча вақт яшаган, яна бир-икки кун яшаганда ўлиб қолмасди», дея ўйлади.
Аммо эшик очилди. Бошига рўмол ўраган аёл кирди.
Нодира зукко эди. Фаросатли эди. «Мен кетганимда хонимга бирор нима керак бўлиб қолса, нима қилади?» деган хаёлда кадрлар бўлими бошлиғини ўзининг ўрнига ўтқазиб кетганди. Мавжуданинг ёши унақа катта эмас. Аммо иккита боласи бор…
— Чақирдингизми? — деди у ичкарига кириши билан.
— Ҳа. Нодирага иш буюрганим эсимдан чиққан экан.
— У мени қолдириб кетганди.
— Ақлли қиз-да. Менга муздай ичимлик олиб келинг. Ундан кейин ҳеч ким сўрамадими?
— Йўқ. Фақатгина Талъат деган йигит қабулхонада кутиб турибди.
— Ҳа-а, Талъатми? Кирсин.
Зубайданинг юзига табассум югурди ва сочларини силаб тўғрилаган бўлди…
Салдан кейин Талъат кирди. «Ҳақиқий йигит, ҳақиқий эркак мана шундай бўлиши керак», дея унга суқланиб қаради Зубайда.
«Билагида кучи бор. Кўзлари ўткир. Унча-мунча нарсадан тап тортмайди. Фақат юраги кичикроқ. Аввал катта бўлгандир, балки. Кейин кичрайиб қолган. Бошлиқлари шундай қилиб қўйган бўлса керак. Аммо эрки қўлида бўлганида ўт-олов бўларди», дея ўйлади Зубайда. Кейин у ўзини босиб туролмади. Бу ёққа келишидан олдин соқолини қиртишлаб олган, сочини ҳам сартарошга қайтадан тўғрилатган, атир сепган, тўйларга киядиган қоп-қора шими ва оппоқ кўйлагини кийган, оёқ кийимини роса ялтиллатиб мойлаган Талъатнинг ёнига бир-бир қадам босиб келди. Баланд пошнали туфлисида Зубайда худди моделлардай юрди… Талъатнинг кўзига тикилиб, унинг юзини силади, бўйнига осилиб ўпиб қўйди. Сўнг бирдан қўйиб юборди.
— Одам атирниям шунчалик кўп сепадими?! Лабларим ачишиб кетди! — деб кулди ва дарров жойига бориб ўтирди-да, шундай деди: — Сизга маслаҳат: бундан буён атирни кўп сепманг. Чунки олдинда уйланишингиз бор. Уйланадиган қизингиз сизни яхши кўриб, юзингиздан ўпиб қўйса, худди менинг аҳволимга тушади.
Битта ўпичдан оёқ-қўллари қалтираб, юзи шолғом тусига кирган Талъат:
— Хўп, — дея бошини қимирлатди.
— Сизга биринчи топшириқ! Оёғингизни қўлингизга олиб, эски ишхонангизга жўнайсиз. Ҳа, у энди эски. Аризани ёзасизу қайтасиз. Ҳа, айтганча, машина нима бўлди?..
— Кечаси билан усталарнинг тепасида туриб тузаттирдим. Худди аввалгисидай бўлди. Пачақлангани умуман билинмайди.
— Қалай экан машина?
— Зўр. Енгил. Нима десангиз, шу заҳоти айтганингизни бажаради.
— Ҳимм, шунақа денг! Роса бўйсунувчан денг… Тушунарли. Унда менга умуман ўхшамабди. Мен мутлақо бировга бошимни эгмайман. Демак, энди менга ёқмай қолибди. Бошқасини оламиз.
— Лекин, — деди ҳайрон бўлган Талъат, — яп-янги. Бошқалар бир умр…
— Йўқ. Бундан бу ёғига ўйинчоқ машина мени қизиқтирмайди. Жиддийсидан оламиз. Чунки жиддий одамлармиз. Шундай эмасми?
— Майли.
— Хуллас, айтган нарсаларимни бажариб, дарров қайтиб келинг. Машинани сотиш чорасини ҳам кўринг. Айтганча, бозорчилар, олибсотарлар бор-ку, ўшаларга пуллаб юборинг. Аммо обрўсини тушириб қўйманг. Энди жўнанг. Менинг вақтим йўқ.
Зубайда ўпиб қўйганидан кейин Талъат: «Ҳа, роса маза қиларканман. Эркаси бўлиб олсам, пичоғим мой устида бўлади», деб ўйлаган эди. Аммо Зубайданинг кейинги гапларини эшитиб, бирдан ҳафсаласи пир бўлди ва дарров хонадан чиқиб кетди. Кетиш асносида: «Ҳамма бошлиқлар бир гўр бўларкан», дея кўнглидан ўтказди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Жиноятнинг йирик вакиллари” китоби онлайн сотилмоқда!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/11/26/nuriddin-ismoilov-asari-jinoyatning-yirik-vakillari-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 35 000 сўм.