Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (22-қисм)

Достон ҳайрон бўлганча кўзларини олайтириб хотинига қаради.

— Менга бундай термилманг. Ҳомиладорман-ку. Тутунни ҳидлаш менга мумкинмас-ку! — деди унинг қаҳрли нигоҳига дарров жавоб қайтарган Зубайда.

Достоннинг бирдан ранги ўзгарди. У секин-аста дераза ёнига бориб, уни очди-да, чека бошлади.

«Ҳаддимдан ошяпман, — деди уни кузатиб ўтирган Зубайда, — ҳали анча эрта. Ҳали ўзим кутган натижанинг яқинига ҳам борганим йўқ. Мен эса қўполликларни бошлаб юбордим. Бунақада орзуларим амалга ошмай қолади».

У секин ўрнидан турди ва бир-бир қадам босганча эрининг ёнига келди-да, ортидан қучди.

— Мени кечиринг, — деди шивирлаб. Жавоб бўлмади. — Менга ҳомиладорлик ёмон таъсир қиляпти. Инжиқ бўлиб қоляпман…

— Лекин мен сенга ўта муҳим гапни айтгандим. Ҳаёт-мамот масаласи!..

— Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши бўлади. Ёмон нарса бировга билдирмай келади. Келмасидан олдин шовқин-суронни эшитдингизми, демак, у сизга тегмай ўтиб кетади. Он ҳазратлари болалари билан овора бўлиб… Агар каттасини «элак»дан ўтказаётган бўлса, кичигига тегмайди. Чунки бирдан иккита боласини сиқувга олиши бўлмағур гап-сўзларни кўпайтириб юборади… Худди шундай, хавотир олманг!..

Достоннинг кўнгли ёришди. У бармоқлари орасидагини очиқ деразадан ташқарига улоқтириб юборди ва ўгирилиб, хотинини бағрига босди.

— Сен менинг бойлигимсан. Сира ўзимга келолмаётгандим, — деди.

— Музлаткичда роса тиниғи бор. Муздеккина бўлиб турибди. Битта пахта гулли пиёлани тўлдириб ичиб юборинг, хотиржам тортасиз.

— Тўғри, айни муддао.

Музлаткич котиба ўтирган жойда. Зубайда керакли нарсани унга буюриши мумкин, лекин ўзи олиб келмайди. Аммо ҳозир иккиланиб қолди. Нодира бўлганида ҳам майли эди. Бироқ бунга… У нима хаёлга бориши мумкин? «Тўхта, тўхта. Билсин, менинг қирраларим қанчалик кўплигини билиб қўйсин. У олиб келади. У турганида, мен шиша кўтараманми?»

Зубайда бир муддат шуларни ўйлаганидан сўнг, котибанинг қўнғироғини босди. У дарров келди. Унга буюрди. Қисқа муддатда афт-ангоридаги ўзгаришга ҳам қараб олди. Мавжуда бироз қизарди. У бировларга унақа нарса ташиб ўрганмаган. Уйида ҳам эрига ичирмайди. «Агар ичсангиз, мен ўтирган жойга келманг», деб шарт қўйган. Қизлик уйида эса отаси тақводор. Ичиб юрадиганларни жуда ёмон кўрадиган одам. Ҳозир эса Зубайда ичкиликни олиб келишни буюриб турибди. Начора, буйруқ берилдими, бажариш шарт. Бажармаса, ишидан айрилади. Бажармаса, шундай маошдан қуруқ қолади. Бунақа жойни бошқа ҳеч қаердан тополмайди у.

— Хўп, ҳозир, — деди, камига кулиб ҳам қўйди. Кулгани қизарганини босиб кетди.

Эр-хотин бир соатча гаплашиб ўтиришди. Мавзулари энди он ҳазратлари нима қилиши, Ғайбуллага нисбатан қандай жазо қўллаши атрофида бўлди. Шундан кейин Зубайда эрига ота уйига бориши кераклигини айтди.

— Анча бўлди бормаганимга. Телефонда гаплашиб турибман. Аммо, барибир, одам зерикар экан. Икки кунга бориб келаман. Шу баҳонада ҳаво алмаштираман, болангизга ҳам яхши бўлади, — деди.

— Унда, хоним, ҳеч нимани ўйламайсиз. Шунга ваъда берасиз. Сиқилиш ҳам мумкин эмас сизга. Ишингизни ўринбосарингиз… Айтганча, битта ўринбосар олиб қўйиш керак. Усиз иш бўлмайди. Кўряпсиз, бирор жойларга боришингизга тўғри келиб қоляпти. Сизни бўлса, қолдириб кетишга одамингиз йўқ, — деди Достон.

— Нега йўқ бўларкан? Нодира-чи? У ҳамма ишни мендан ҳам яхши уддалайди, — дея шу заҳоти жавоб қайтарди Зубайда.

— Нодирага ҳаддан зиёд ишониб юбормаяпсанми? — деб пешонасини тириштирди Достон.

— У энди менинг қулдай хизматимни қилади. Кўнгли тоза қиз. Шунинг учун унга қилган ёрдамимиздан кейин ўзини қўярга жой тополмай юрибди… Фақат мен эртага бошқа машина сотиб олишим керак. Классик машина: «Мерс». Ана шунда кетаман.

— Нега энди классика? Сен менга: «Эркин юришни яхши кўраман. Менга эркинлик руҳини берадиган машиналар ёқади», дегандинг-ку, — деди Достон ҳайрон бўлиб.

— Хўжайин, вазиятга қараб ўзгариб туриш керак. «Мерс» деганим билан унинг ҳаммаси классика эмас. Аммо одамлар шундай деб ўйлашади. Ва мен одамларнинг гапларини гапиряпман.

— Зубайда бир нарсани билмаса гапирмайди. Бир нарсани билмаса, шунга ҳаракат қилмайди. Начора, ҳозир йигитларга айтаман, бирдан номери билан бирга олиб келишади.

— Наригисини сотишга бердим.

— Кимга?

— Талъатга.

Достоннинг афти бужмайди.

— Биламан, сизга ёқмайди. Аммо мен уни Нодирадан ҳам баттар хизматчига айлантираман! — деди Зубайда.

— Унинг учун қандайдир…

— Йўқ, сиз битта нарсани эсингиздан чиқарманг. Қўрқиш орқали итоаткор бўлган одам эрта бир кун сизга панд бериб кетиши мумкин. Аммо ўз хоҳиши билан хизматингизни қилса, буниси бошқача бўлади. Керак бўлса, у ўлишга ҳам тайёр бўлади.

Достон бошини қашлади. У нима бўлаётганини сира тушунолмаётганди. Нима гап гапирса, гапи орқага қайтяпти. Ҳаммасини Зубайда бекорга чиқариб ташлаяпти ва қайтгани учун Достон сира хафа бўлмаяпти. Қайтага, хато қилганини тушуниб етяпти.

Боя у «Бир пиёла билан қаноатланаман», деган эди. Бўлмади. Яна бир пиёлани сипқориб юборди. Ортидан шўр бодрингни қарсиллатиб тишлади. Сўнг хотинига: «Мен ташқарида бўламан», деди.

Зубайда индамади. У чиқиб кетди. Шундан кейингина Зубайда ўзини ниҳоятда толиққан ҳис эта бошлади. Бошини столга қўйди. «Қиз бундан кейин дам олади. Ўзини ҳар балоларга уравермайди. Чунки бу эрка қизалоқ эркаланиш учунгина туғилган», дея пичирлади лаблари. Сўнг бошини кўтариб компьютерни ўчирди-да, сумкачасини елкасига илди…

У ташқарида эрини чекиб турган ҳолда кўрди. Яна унинг ёнида қўриқчилардан биттаси турарди. У хўжайинининг гапларига кулаётган эди. Ҳар иккиси ҳам баравар Зубайдани кўрди. Қўриқчи дарҳол Достоннинг ёнидан узоқлаша бошлади.

— Кетдик, — деди Зубайда Достонга.

Уларнинг кайфияти худди уйидагиларга ҳам юқиб қолгандай эди. Қайнона-қайнота шумшайиб, гап-сўзсиз чорпояда ўтиришарди. Улар ҳатто болаларини кўрганларидан сўнг кулиб ҳам қўйишмади.

— Келдингларми? — деди Санобар.

Алим чол эса миқ этмади.

Буларнинг орасидан ола мушук ўтганга ўхшайдими, деб ўйлади Зубайда ҳамда салом бериб хонасига кириб кетди. Кейин дарров кийимларини алмаштириб чиқди. Бошқатдан салом берди. Одати бўйича аввал Алим чолнинг, кейин Санобарнинг юзидан ўпди. Сўнг ўзини мажбурлаб кулди. «Бунча қийин? — дея ўйлади шунда у. — Ҳар доим бировларнинг кўнглига қараш, хушомад қилиш бунчалар ҳам оғир? Шу, аслида, менга керакми? Нега мен бунақаман? Кимнинг қовоғи осилган бўлса, шунга хушомад қилгим келаверади…»

— Иш яхши бўлдими? — дея сўради Алим чол.

— Ҳа, ҳар доимгидай. Олдинга силжияпти, — деб жавоб қилди Зубайда.

— Бугун бошқача келдинглар, — деди Санобар.

— Чарчабмиз. Кела-келгунча ўғлингиз иккаламиз ҳатто гаплашмабмиз ҳам. Кун оғир бўлди. Оғирлигига ишнинг кўплиги сабаб.

— Машинангиз кўринмайди.

— Ҳа, ойижон, уни мен уриб олдим. Енгилгина. Таъмирлатиб ҳам бўлдим. Набирангиз пайдо бўлганлиги учун бундан бу ёғига машина ҳайдамасликка қарор қилдим. Ҳайдовчи олдим.

— Ўзингизга ҳеч нарса қилмадими?

— Йўқ. Мутлақо. Ўзи жуда қойиллатиб урганим ҳам йўқ. Лекин, барибир, кўнглим хижил бўлди-да…

— Яхши қилибсиз, — деди Алим чол ва чўнтагидан чеккилик қутисини олди.

— Сиз-чи? Нега хафа кўринасиз ҳар иккингиз ҳам?

— Биз ҳам гаплашавериб-гаплашавериб, охири гап қолмаганидан сўнг ўтирибмиз. Адажонингиз чойхонага суриб қолмоқчийдилар, рухсат бермадим.

Зубайда пиқиллаб кулди. Сўнг Санобарнинг ёнига келиб, унинг қулоғига энгашди-да:

— Ойижон, шу одатингиз менга ҳам юқяпти, — дея шивирлади.

Санобарнинг юзида шу заҳоти табассум пайдо бўлди. Аммо у қандай тез пайдо бўлган бўлса, худди шундай йўқолди.

— Достон менинг ўғлим, — деди у ҳам пичирлаб.

— Ҳа, шундай. Аммо уни тортиб, тортқилаб тергаб туришим керак-да. Вазифам шу…

— Ҳа-а, — деди уларга тикилиб қолган Алим чол, — менинг ғийбатимни қилаяпсизларми қайнона-келин?!

— Вой, йўқ, адажон, бошқа нарсани гаплашяпмиз, — дея қиқирлаб кулди Зубайда.

— Бора қолинг. Мен тушунмабман. Билмабман. Чойхонага бора қолинг. Лекин мени кечиринг! — деди Санобар чолига.

— Эй-й, Зубайдахон, эртароқ қаерда эдингиз? Қандай қилиб «аждаҳо»нинг дамини ўчириб қўйдингиз? — деди Алим чол.

Санобарнинг бирдан қовоғи осилди. У чолига Зубайда томонни кўрсатиб, бошини сарак-сарак қилди. «Уят келиннинг ёнида», демоқчи бўлди.

— Шундай қилмаса, сенга етиб бормайди-да, — деди Алим чол, сўнг билагидаги эски соатга қараб: — Вақти ўтиб қолди-ёв, — дея қўшиб қўйди.

— Қўнғироқ қилинг, ўтириб туришсин, — деди бирдан унга Санобар.

— Ўтириб туришади. Аммо ош тугаб қолган бўлса-чи?

— Тугамайди. Сиз бораверинг. Бор-йўғи ярим соат кечга қоляпсиз.

— Мана бу бошқа гап, — деб Алим чол ўрнидан турди ва Зубайдага қараб: — Битта такси чақиртиринг, — деди.

— Адажон, шартмас. Ўғлингизнинг ҳайдовчиларидан биттаси ҳар доим эшигимизнинг тагида туради. У сизни ғизиллатиб олиб боради, — деди Зубайда ҳозиржавоблик билан.

— Ўҳ, замонингдан айланай. Яна ёш бўлиб қолгим келяпти, — деб бурнини тортиб қўйган Алим чол ўзининг хонаси томонга шошилди.

Санобар келинини мақтади. Ваҳоланки, келмасидан олдин уни ёмон кўриб ўтирганди. «Ҳамма инон-ихтиёрини ўзига бериб қўйдик. Сал тортиш керак. Бунақада у жудаям талтайиб кетади», деб ўйлаганди. Ўйлаганини у ҳатто чолига айтмади… Аммо Зубайда келди-ю, ўша ўйларининг ҳаммаси тумандай тарқаб кетди. Кайфияти кўтарилди. Шуни Зубайда сезди. Сезгани баробарида:

— Ойи, уйимга бормаганимга ҳам кўп бўлиб кетди. Ўзи бундай олиб қараса, бормадим ҳам. Шунга ота-онамни кўргани бориб келсам, нима дейсиз? — деди.

— Уй ҳувиллаб қолади-ку, — дея шу заҳоти жавоб берди Санобар.

— Қўнғироқ қилиб тураман. Кўпга бормайман. Узоғи билан икки кун. Ишонсангиз, роса оқибатсиз фарзанд бўлдим.

— Ишларингиз кўп-да. Тиним билмайсиз. Сиздай жувоннинг бир жойга бориши жуда қийин.

— Айтманг. Лекин боришим керак.

— Достон нима деди?

— Рухсат олдим. Фақат сиз рухсат берсангиз бўлди. Адажон эса, биласиз, сиз нима десангиз, хўп дейдилар.

— Ҳимм, айёр… Сезиб қолдингизми? Энди жуда унчаликмас-у, лекин, ҳар қалай, йўқ демай турибдилар…

— Ўзимнинг ойижоним, шунинг учун сизни яхши кўраман-да!

Зубайда ўзига ўзи қойил қолди. Бир хил пайтлари: «Ҳамма нарсани боплаб ташлайман. Гап дегани қайнар булоқдай чиқиб келаверади. Мулойим гапиришим эса ҳатто ўзимга ёқади. Ҳатто ўзимни ўзим эритиб юбораман гоҳида. Бундай хислатларим билан мен бундан ортиғига лойиқман!» деб керилиб ҳам қўяди.

Шунга қарамасдан, ҳали у, ҳали бу баҳона бўлиб, отасининг уйига бориши кечикди. Айниқса, шундай бир пайтда уни Саъдулла чақириб қолгани мутлақо кутилмаган ҳол бўлиб, буни Зубайда мутлақо кутмаганди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Жиноятнинг йирик вакиллари” китоби онлайн сотилмоқда!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/11/26/nuriddin-ismoilov-asari-jinoyatning-yirik-vakillari-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 35 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: