Ормана – 2024 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи деб топилди
Турк Ривиерасининг юраги Анталиядаги Торос тоғлари этагида жойлашган Ормана қишлоғи Бутунжаҳон туризм ташкилоти (УНWТО) томонидан “2024 йилнинг энг яхши туризм қишлоқлари” рўйхатига киритилди. Бугунги кунда ушбу қишлоқнинг тарихий тузилиши, бетакрор табиий гўзаллиги, барқарор туризм ва қишлоқ тараққиётига қўшган ҳиссаси халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Ормана Мустафопаша ва Таракли (2021), Бирги (2022) ва Ширинже (2023) дан кейин ушбу рўйхатга киритилган Туркиянинг 5-қишлоғи ҳисобланади.
Ормана Ибради туманидаги эски кўчманчи туркий халқларнинг қишлоғи бўлиб, Манавгат дарёсига қуйиладиган сойлар орасида жойлашган ва Анталия шаҳар марказидан атиги 2,5 соатлик масофани ташкил қилади. Хушманзара қишлоқ узоқ йиллардан буён табиат қўйнида сокин ҳордиқ чиқарадиган яширин марвариддир. Эллинистик даврдан бери аҳоли пункти бўлган қишлоқ маданий ва тарихий ажойиботлари билан ҳам ажралиб туради. Ҳозирги кунда 600 кишилик аҳолига эга Ормана, айниқса, яхши сақланиб қолган халқ меъморчилиги ва 57 йил давомида нишонланиб келинаётган узум фестивали билан ҳақиқий тажрибасевар саёҳатчиларни ўзига жалб қилмоқда.
350 йиллик архитектура дурдонаси: тугмали уйлар
Ормана кўп асрлик тарих, маданият ва табиатни ўзида мужассам этган. Туркиядаги маҳаллий архитектуранинг энг барқарор намуналаридан бири оҳаксиз, фақат тош ва кедр ёғочидан қурилган “тугмали уйлар” дир. Бу уйларда минтақадаги кедр (cедрус, cедар- қарағайдошлар оиласига мансуб доим яшил дарахтлар туркуми) дарахтларидан олинган тахталарни бирбирига маҳкамлаб, ёғоч рамка ҳосил қилинади ва тошлар бу ёғочлар томонидан ушлаб турилади. Бундай иморатлар “тугмали уйлар” деб аталади, чунки ёғоч рамканинг кўринадиган қисми тугмачаларга ўхшайди.
Уйларнинг қурилиши ўзига хос бўлса-да, унинг яна бир эътиборли жиҳати – чидамлилигидадир. Уларнинг тошлари тупроқдаги ҳар қандай тебраниш вақтида мослашувчан тарзда ҳаракатлана олади ва қалин деворлари ички маконни қишда иссиқ ва ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Сўнгги йилларда бу ноёб уйлар қайта тикланди ва Торос тоғлари этагидаги Ормана қишлоғи барқарор саёҳат йўналиши сифатида сайёҳларни мафтун қилмоқда. Қайта тикланган баъзи тугмали уйлар ҳатто бутик меҳмонхоналарга айлантирилиб, бу ерда ҳудуднинг жўшқин руҳини ҳис қилиш ва ўзига хос маҳаллий турмуш тарзини бошдан кечириш каби ҳақиқий тажрибаларга эга бўлиш имконияти мавжуд.
Барқарор саргузаштлар
Ормана ўзининг ноёб архитектурасидан ташқари, кўплаб тарихий ва табиий бойликларга эгалиги ҳамда ёввойи табиатни кузатиш ва фотосафарлардан тортиб қадимий ғорларни кашф қилиш ва треккинггача бўлган турли хил қизиқарли машғулотлари билан эътиборга моликдир. Ушбу тажрибалари туфайли бу ер Туркиянинг қишлоқ ландшафтлари ва анъанавий турмуш тарзини ўрганишга қизиқувчилар учун энг яхши манзилга айланди. Ташриф буюрувчиларни кузатув терасларидан кўк ва яшил рангларнинг гўзал жозибасини акс эттирувчи қишлоқнинг беназир манзараси қарши олади. Тугмали уй меҳмонхонасидан жой банд қилгандан сўнг, маҳаллий қаҳвахоналарда қишлоқ аҳолисининг кундалик суҳбатларидан баҳраманд бўлиш ёки тор кўчаларда кезиб, тинчлик ва осойишталикдан баҳра олиш мумкин.
Ормана ва унинг атрофида диққатга сазовор жойлардан Олтинбешик ғори ва Эйниф текислиги бор. Туркиянинг энг катта ер ости кўли ва Европанинг учинчи йирик кўли жойлашган Олтинбешик ғорининг сон саноқсиз мўъжизалари кашф этилишини кутмоқда. У ерда ажабтовур ер ости манзарасини яратадиган ажойиб травертин, сталактит ва сталагмит (ғорлар ва бошқа ер ости карст бўшлиқлари тубидаги устунсимон, конуссимон ва бошқа шаклли томчи ҳосилалар) тузилмалари, шубҳасиз, ҳар бир инсонни қойил қолдиради.
Туркиядаги биринчи ва ягона миллий ғор боғи Олтинбешикка туташ ҳудудда 90.000 гектарлик Эйниф текислиги жойлашган. Текислик тарихий Буюк Ипак йўлида жойлашган бўлиб, бу ерда юзлаб ёввойи отлар яшайди. Текисликда Салжуқийлар даврига оид Тол Инн (Тол Хон) ва Рим даврига оид Эримна қадимий шаҳарлари жойлашган.
Бундан ташқари, Ормана узумзорлари билан ҳам машҳур. Сайёҳлар узумзорларга ташриф буюриб, маҳаллий эчки сутидан тайёрланган пишлоқ ва узумнинг ажойиб навларидан татиб кўришлари мумкин. Бу ерда сентябрь ойида “чавуш” узумини нишонлаш учун ҳар йили узум фестивали ўтказилади. Сентябр ойида Орманага ташриф буюрганлар фестивалда иштирок этишлари, унинг машҳур узумларини татиб кўришлари ва минтақадаги узумчилик ҳақида керакли маълумотга эга бўлишлари мумкин.