Аргентина суди Никарагуа президентини ҳибсга олишга ордер берди
Суд Никарагуа президенти Даниэль Ортега ва унинг рафиқаси, республика вице-президенти Росарио Муриллони қидирувга бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари бузилиши эҳтимоли бўйича Никарагуа ҳукуматига нисбатан тергов ўтказилишига эришган аргентиналик адвокат Дарио Ричарте маълум қилди.
“Қарийб икки ярим йиллик терговдан кейин судья ҳозиргина Даниэль Ортега ва Росарио Мурилло, шунингдек, ўнга яқин бошқа шахсларни сўроққа чақириш ва халқаро қидирувга бериш сўрови билан ҳибсга олиш ордерини берди”, деб ёзган Ричарте ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Никарагуа Ла Пренса нашрининг аниқлик киритишича, бу Никарагуадаги 2018 йилдаги тартибсизликлар билан боғлиқ. Бу ҳаракатларга солиқларни ошириш ва ижтимоий нафақаларни қисқартиришни кўзда тутган ижтимоий таъминот ислоҳоти сабаб бўлганди. Намойишлар фонида Оргета ислоҳотни бекор қилган, аммо митинглар давом этган — намойишчилар унинг истеъфосини талаб қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Никарагуа нодавлат ассоциацияси (АНПДҲ) маълумотларига кўра, мамлакатдаги намойишлар чоғида бир неча юз киши ҳалок бўлган.
Аргентина судига кўра, инсон ҳуқуқларини бузганлик борасидаги айблов — ҳар қандай миллий юрисдикциядан ташқарида. Шунинг учун бошқа давлат раҳбарини сўроққа чақириш ва уни ҳибсга олиш учун ордер бериш ҳуқуқига эга.
Аргентина суди 2024 йил сентябрида инсониятга қарши жиноятлари учун Венесуэла раҳбариятининг бир қатор аъзоларини, жумладан, мамлакат президенти Николас Мадурони ҳам ҳибсга олишга ордер берганди.
