Uzbekistan Airways’нинг яна бир самолётида техник носозлик кузатилди
Uzbekistan Airways’нинг Жидда—Тошкент йўналишидаги самолётида техник носозлик кузатилди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 январь куни Жидда халқаро аэропортида самолётнинг техник носозлиги сабабли HY336 рейси кечиктирилди. Авиакомпаниянинг техник мутахассислари самолётни тиклаш бўйича иш олиб бормоқда. Парвоз жадвали ҳақидаги батафсил маълумот кейинчалик тақдим этилади.
Юқорида кўрсатилган кечикиш сабабли, фақатгина 2025 йил 19 январь куни HY333/334 рейслари қуйидаги жадвал бўйича амалга оширилади:
HY333 рейси:
Тошкентдан жўнаш: 11:30;
Дубайга етиб бориш: 14:05.
HY334 рейси:
Дубайдан жўнаш: 15:30;
Тошкентга етиб бориш: 19:40.
(Маҳаллий вақт бўйича)
Авиакомпания матбуот хизматининг маълум қилишича, 18 январь куни амалга оширилиши керак бўлган HY278 рейси, Истанбул—Фарғона йўналиши ҳам кечиктирилган. Авиакомпаниянинг техник хизматлари томонидан қўшимча текширувлар ўтказилгач, янгиланган жадвал тақдим этилади.
Uzbekistan Airways самолётида 15 январь куни ҳам техник носозлик кузатилганди. Бу Бухоро—Москва йўналишидаги парвоз амалга оширилаётганда содир бўлганди. Бортида 132 йўловчи бўлган самолёт аэропортга қўнаётганда двигателлардан бири ишдан чиққан. Самолёт аэропортга муваффақиятли қўндирилган.