Синф раҳбаридан тушунтириш хати олишга бало борми?!
Қашқадарёда ўқитувчиларга форма учун пул йиғишга кўрсатма берган мактаб директори жаримага тортилди
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги 23-умумий ўрта таълим мактаб директори томонидан ўқувчиларнинг формаси учун пул йиғимига кўрсатма бергани ҳақида видео тарқалганди. Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бунга муносабат билдирди.
Унда маълум қилинишича, ўтказилган ўрганиш жараёнида аниқланишича, мактаб директори Ф.Ш. ҳақиқатан мактаб ўқитувчиларига 2025 йилнинг 21 январь куни мактабнинг Telegram гуруҳига ведиомурожаат қилиб, барча ўқувчиларга “жакет” олиниши мақсадида кўрсатма бергани аниқланди. Видеода директор ўқитувчиларга видеомурожаат йўллаб, 70 минг сўмдан йиғишни, формаси йўқ ўқувчини эса мактаб дарвозасидан ташқарига чиқариб юборишини айтганди.
Ушбу мактаб директорига нисбатан бошқарма бошлиғининг 22 январдаги тегишли буйруғига асосан ўртача ойлик иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилди. Шунингдек, мактаб жамоасига келгусида ушбу ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тушунтириш берилиб, мактаб синф раҳбарларидан тушунтириш хатлари олинди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2024 йилда ўтказилган матбуот анжуманида мактаб формаси бўйича талабларни ким белгилайди? деган саволларга “Бугунги кунда мактаб формаси билан боғлиқ масалалар кўп муҳокама қилинмоқда. Биламизки, ўқувчиларнинг мактаб формаси ва уни кийишга бўлган ягона талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори билан тартибга солинган. Шунингдек, вазирликнинг 2023 йил 31 августдаги 282-сонли буйруғи билан ўқувчиларини кийиниш маданияти бўйича ўз тавсияларини барча мактабларга етказган ва шу асосида улар томонидан ички тартиб-интизом қоидалари ишлаб чиқилган”, дея жавоб берган эди вазир Ҳилола Умарова.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси таълим ташкилотида мажбурий тартибда ўқувчиларни форма кийишига доир пул маблағларини йиғиш, ташкил этиш, қатъиян тақиқланганини билдириб, бу каби салбий ҳолатларни кескин қоралади.
Синф раҳбари нега тушунтириш хати ёзади? «Бўлди. Бундан бу ёғига директор нима деса, қулоқ қоқмасдан бажарамиз, уни ҳеч қанақанги видеога олмаймиз. Ижтимоий тармоқларга жойламаймиз…» мазмунида ёзилдими, тушунтириш хати?!