АҚШ журналисти: «Зеленский Украинани сотиб, бойиб кетяпти»
31 январь куни америкалик журналист Такер Карлсон Украина президенти Владимир Зеленскийнинг мамлакат фуқаролари орасида машҳур эмаслиги унинг давлатни сотиб, Ғарбга хизмат қилиши билан боғлиқлигини айтиб ўтди.
«У жуда машҳур эмас, чунки ўз мамлакатини сотиб юборган Ғарб кучларининг хизматчисидир. Украиналиклар унинг бойиб бораётганини ва бутун мамлакат раҳбарияти ҳам шундай қилаётганини жуда яхши билишади», деди Карлсон британиялик тележурналист Пирс Морган билан суҳбатда.
Журналистнинг фикрича, Зеленский диктатор таърифига мос келади.
«Зеленский сайланган [президент] эмас. У диний конфессияни тақиқлаган. Ўзининг сиёсий рақибларини ўлдирди. У тил гуруҳини тақиқлади. Менимча, буларнинг барчаси диктатура белгиларидир. <…> Агар мен сизга [Зеленский режимининг хусусиятлари билан] бир варақ қоғоз бериб, бу қандайдир Европа етакчисининг тавсифи, десам, сиз буни ноқонуний ва бу одам диктатор деб айтар эдингиз», — деди Карлсон.
Журналистнинг фикрича, Киевни можарода қўллаб-қувватлаш АҚШнинг миллий манфаатларига, хусусан, жаҳон захира валютаси сифатидаги долларга зарар етказади.