ҲАМАС Трампнинг «бемаъни» ғоясига жавоб берди
![](https://hordiq.uz/wp-content/uploads/2025/02/1739195035-1024x683.webp)
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторини «қўлга киритиш ва назорат қилиш» ҳақидаги баёнотини кескин қоралади. Ҳаракатнинг Сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Ришк ушбу баёнотларни «бемаъни» деб атади.
«Фаластин масаласига кўчмас мулк агенти нуқтаи назаридан қараш – бу муваффақиятсизлик белгиси,» – дейилган баёнотда. Ар-Ришк Ғазо секторининг сотиладиган кўчмас мулки эмас, балки Фаластиннинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлаган.
ҲАМАС, шунингдек, Фаластин халқи мажбуран кўчирилишига ҳар қандай уринишларга қарши чиқишга ваъда берган.
«Ғазо ўз халқиники, фаластинликлар ўз ерларини тарк этмайди,» – дейди ар-Ришк. Унинг айтишича, фаластинликлар 1948 йилда босиб олинган шаҳар ва қишлоқларга қайтишдан бошқа ҳеч қандай кўчиришга рози бўлмайди.
Аввалроқ, Дональд Трамп Қўшма Штатлар Ғазо секторини ўзи назорат қилишини ва уни Яқин Шарқдаги бой давлатлар кўмагида қайта қуришини айтганди. Унинг фикрича, «Ғазони қўлга киритиш ва бошқариш» муҳим.
Бундай режалар дунё бўйлаб кескин қарши чиқишларга сабаб бўлди, айниқса, Миср ва Иордания етакчилари, шунингдек Туркия, Хитой ва Россия бу ғояни қоралади.