«Разве это мороз?»
![](https://hordiq.uz/wp-content/uploads/2025/02/mor.jpg)
Неча кунки, уйда бир пуфлам ҳам газ ёқмадик. Қатъиян! Қимматбаҳо газни иситишга, овқат тайёрлашга ишлатсак, косамиз оқарармиди?! Шукр, кунига 25 минг сўмдан кўп топаман, так что хийла бой эканим – аниқ! Лекин аллақандай газ ва электрга ҳадеб бутун «бойлик»ни сарфлайвериш – оқиллар иши эмас-да. Бу лимит балосига Сулаймоннинг ғазнаси-да чидамайдур! Бибихоним момомиз айтганлар: «Улуғ амирим, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?»
Қисқаси, чой, овқат – ҳаммаси ўтин печкада! Уй ҳам иссиқ.
Тормозийми, деган мулланинг: «Биродарлар, совуқми, бу ўзимизнинг совуқ! Қорми, бу ўзимизнинг қор! Газ йўқ, дегани – қиёмат қойим бўлди, деганимас! Ота-боболаримиз газсиз яшашган, яшашяпти…» деган «пурмаъно» гаплари хаёлда айланади. Тўғри-да! Қийинчилик фақат биздами?! (Раҳматли Ҳожибой қизиқ айтганидек, «Разве это мороз?») Биз фаровон яшашни, маошлар миқдорини эмас, отни калласидек солиқлар ва тўловларни бошқалар билан таққослашга устамиз. Масалан, одамларимиз иложсиз ишлашга борадиган Русияни олайлик. Ўрисларнинг ўзи худди Оврўподагидек ҳаётни орзу қилади. Тараққиётда Оврўподан камида ярим аср ортда қолганликларидан куйинади. “Нега уларнинг капитализмида агар одам ишласа, уй қуриши, квартира ва янги машина сотиб олиши, тиш қўйдириши, таътилда чет элларда дам олиши мумкин-у, бизда бундай имконият йўқ? Нега биз ҳамон арзимас имтиёзлар учун курашмоқдамиз? Нега биз ўз милициямиздан қўрқамиз, нега судлар ва прокурорларга ишонч йўқ?” – деб ёзади Россия матбуоти. “Ойлик маош “кун кўриш”га эмас, яхши яшаш, қарз бериш ва жамғаришга ҳам етиши керак!” (Зарплата должна быт такая, на которую можно зажить, прожить, одолжить и отложить! А не выжить!), дейди бир ўрис сиёсатчиси.
Иссиққина печка ёнида хаёлга турфа фикрлар келади-да. «Газ экспортини буткул тўхтатдик, Русиядан импортни оширдик. Ҳамма газ халқимизга, ички эҳтиёжларимизга йўналтирилди», деганди вазир. Қайдам.
Қадрдон печка дурустку, лек тутуни чатоқ-да. Тутунсиз ёнадиган ўтин ҳали кашф қилинмади. Ишқилиб, «Тутун солиғи» чиқмасин-да…
Бахтиёр Ҳайдаров