Рамзан Қодиров умрбод Чеченистон раҳбари лавозимида қолиш истагини билдирди

Рамзан Қодиров умрбод Чеченистон раҳбари лавозимида қолиш истагини билдирди

2007 йилдан бери Чеченистоннинг раҳбари Рамзан Қодиров республикани умрбод бошқаришга даъво қилаётганини маълум қилди.

Унинг ваколат муддати 2026 йилда тугайди ва уни узайтириш мамлакат қонунчилигида назарда тутилмаган.

Кремль бу борада сукут сақламоқда.

2004 йилда Россия тарафдори бўлган Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Қодиров террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганидан сўнг, унинг ўғли ворисликка даъво қилган, аммо федерал қонун Рамзанни ёш сензи туфайли лавозимга тасдиқлашга рухсат бермаган. Ўша пайтда Қодиров 30 ёшда бўлган. Чеченистон Давлат кенгаши сензни пасайтиришни сўраб Кремлга мурожаат қилган, аммо кичик Қодиров учун қонун ўзгартирилмаган.

Собиқ сиёсий маҳбус, Мемориал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ҳамраиси Олег Орловнинг фикрича, Рамзан Қодировнинг бундай баёнот беришига унинг ўзининг номуносиблиги сабаб бўлган. Илгари Орлов Чеченистонга тез-тез бориб турган ва бир вақтлар ҳуқуқ ҳимоячисини туҳматда айблаган республика раҳбари билан судлашган ва ўша пайтда судда ғалаба қозонган.

 

Қодиров бир неча йилдан бери соғлом фикр доирасидан ташқарида бўлган мутлақо ёввойи ва аҳмоқона хатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Мен буни “Чеченистон ҳукмдори”нинг узоқ давом этган касаллиги билан ҳам боғлайман. Гоҳ у ўғлини орденлар билан мукофотлайди, юқори лавозимларга тайинлайди ва меросхўрини бошқа вилоятлар раҳбарлари томонидан мукофотланишига эришади. Бу ҳаммада фақат кулги ва бўғиқ ғазаб уйғотади. Бу эса яққол ноадекватлик. У шу йўл билан давомийликни таъминламоқчи экани аниқ, дея қўшимча қилди у.

Орловнинг таъкидлашича, “Қодиров ҳақиқатан ҳам бутун умри давомида ҳокимият жиловини сақлаб қолиш, кейин эса республикани оиласи бошқариши ҳақида қайғуради. Унинг ваколатини қандай узайтириш йўлини топишади. Қонун йўқми, ўйлаб топишади. Қонунчиликка “истисно тариқасида” зарур ўзгартиришлар киритилади, муаммо эмас”.

Қодировнинг бундай қарорга келишига, албатта, ўз ваколатларини узайтириш ва ҳокимиятни сақлаб қолиш истаги туртки бўлди. У ўз авлодларига юқори лавозимларни қанчалик тақсимламасин ва турли лавозимларга қариндошларини тайинламасин, барибир Қодиров ҳокимиятдан кетса, клан хавф остида қолади, деди Сахаров радиоси бош муҳаррири Сергей Лукашевский.

2024 йилнинг декабрь ойида Россия президенти Қодировга II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденини топширган эди.

Мукофот “Россия давлатчилиги мустаҳкамланишига, мамлакат мудофаа қобилияти кучайтирилишига ҳамда Чеченистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси учун” деган таъриф билан тақдим этилган.

“Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени тўртта даражага эга бўлиб, биринчиси энг юқори ҳисобланади. Қодиров ушбу мукофотнинг тўртинчи (2006), учинчи (2021) ва иккинчи даражалари билан тақдирланган. Қодировни ушбу орденнинг иккинчи даражаси билан тақдирлаш тўғрисидаги фармон президент томонидан февраль ойида имзоланган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: