АҚШ бир қатор давлатлар билан савдо битимлари тузишга яқин

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти яқин келажакда бир қатор давлатлар билан тарифларни ўзаро пасайтириш бўйича шартномалар тузиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уйдаги Миллий иқтисодий кенгаш раҳбари Кевин Хассет маълум қилди.
«Маррага яқин бўлган битимларнинг узоқ рўйхати бор» – деди у CNBC билан суҳбатда.
Аввалроқ АҚШ молия вазири Скотт Бессент Вьетнам, Ҳиндистон, Корея Республикаси ва Япония Америка томони билан тарифларни юмшатиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилганди.
2 апрель куни Оқ уй раҳбари 185 мамлакат ва ҳудуд маҳсулотларига божхона тўловлари жорий этилишини маълум қилди. 10 фоизлик универсал тарифлар 5 апрелдан, индивидуал тарифлар 9 апрелдан кучга кирди. Кейинроқ, 9 апрелда Трамп музокараларга тайёрлигини кўрсатган 75 давлатга нисбатан тарифларни оширишни 90 кунга тўхтатиб туришини эълон қилди.