
Япониянинг Нагано префектурасида айиқ икки хонадонга бостириб кириб, уч кишига оғир тан жароҳати етказди. Ҳудудда бу каби тажовузлар тобора кўпроқ кузатилмоқда.
Маҳаллий полиция хабарига кўра, воқеа тонгда юз берган. Айиқ биринчи бўлиб 66 ёшли аёл яшаётган уйнинг деразасини синдириб, ошхонада бўлган икки кишига ҳужум қилган. Жабрланувчининг айтишича, у аввал қаттиқ шовқинни эшитган, сўнг яшаш хонасида катта қора айиқни кўрган.
“Мен ошхонада эдим. Бирданига хонада ҳаракатни пайқадим-қарасам, катта қора нарса. Бу айиқ эканини тушунишим билан қичқириб юбордим”, — дейди аёл.
Ҳужумдан кейин ёввойи ҳайвон қўшни уйга қочиб o’tgan.Ov уюшмаси ходимлари дарҳол воқеа жойига етиб келишган, бироқ айиқ қочиб кетган.
Жабрланганлар орасида 96 ёшли аёл ва 65 ёшли эркак ҳам бор. Эркакка айиқ уйнинг ташқарисидаги шийпонда ҳужум қилган. Уларнинг аҳволи оғир, аммо аниқ тиббий тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2023 йил апрелидан 2024 йил мартигача Нагано префектурасида айиқларнинг одамлар яшайдиган ҳудудларга кириб келишига оид 1430 та ҳолат қайд этилган. Мутахассислар бу ҳолатларни ўрмонларнинг қисқариши ва озиқ-овқат излашдаги муаммолар билан боғламоқда.
Айни пайтда маҳаллий аҳоли ҳушёрликка чақирилган, мактаблар вақтинча ёпилган, овчилар гуруҳлари эса айиқларни излаш ишларига сафарбар этилган.