Болгария «хатосини» тузатмоқчи

Болгария «хатосини» тузатмоқчи

Болгария Украинага «Белен» атом электр станциясида фойдаланилган Россиянинг иккита атом реакторини Хмелнитский АЭС учун сотмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Болгария бош вазири ўринбосари Атанас Зафиров маълум қилди.

Болгария ОАВлари хабар беришича, Зафировнинг сўзларига кўра, бу Болгариянинг энергетик мустақиллиги манфаатларини кўзлаб қабул қилинган бутун ҳукмрон коалициянинг қароридир.

Зафиров Болгарияда атом энергетикасини мустақил ривожлантириш имконияти мавжудлигини, энергия нархлари беқарор шароитда реакторларни сотиш хато бўлишини таъкидлади.

Россияда ишлаб чиқарилган реакторлар Болгарияда ҳали қуриб битказилмаган «Белен» АЭС учун мўлжалланган эди. Январь ойида Украина парламенти уларни Хмелнитский АЭС учун 600 миллион долларга сотиб олишга овоз берган эди. Шундан сўнг Болгария парламенти келишувни маъқуллади. Бироқ, кейинчалик битим қиймати 1 миллиард долларгача кўтарилди.

Болгария 2022 йилда, Кирил Петков Вазирлар Маҳкамасига раҳбарлик қилган пайтда, «Белен» атом электр станциясини қуришдан воз кечган эди. Ўшандан бери мамлакатда бир нечта бош вазир алмашди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: