Японияда сунъий товуқ гўшти яратилди

Токио университети тадқиқотчилари лаборатория шароитида сунъий товуқ гўшти ўстиришга муваффақ бўлишди. Улар яратган янги биореактор ёрдамида 10 граммдан ортиқ «тирик» гўшт тўқимасини ўстириш имкони пайдо бўлди. Бу технология махсус 1125 та ичи бўш толалардан фойдаланади — улар қон томирлари каби ҳаракат қилиб, ҳужайраларга кислород ва озиқ моддалари етказиб беради.
Профессор Шожи Такеути бошчилигидаги жамоа илгари сув фильтрлари ва диализ мосламаларида ишлатилган ушбу толаларни янгича мақсадда қўллади ва улар сунъий тўқималар учун ҳам идеал эканлигини исботлади.
Янги биореактор нафақат ҳужайраларни тўғри тақсимлайди, балки уларни мушак тўқимасига ўхшаш тарзда шакллантиради. Бу маданий гўштни таъм ва тузилма жиҳатдан ҳам асл гўштга яқинлаштиришда муҳим қадам бўлди.
Бу инновация фақат озиқ-овқат саноати учун эмас, балки регенератив тиббиёт, сунъий органлар яратиш ва юмшоқ робототехника йўналишлари учун ҳам катта имкониятлар очмоқда.
Келажакда олимлар бу тизимни янада такомиллаштириб, органларни буюртма асосида “чоп этиш” даражасигача олиб чиқмоқчи. Профессор Такеутининг таъкидлашича, бу технология нафақат барқарор гўшт ишлаб чиқариш, балки янги дори воситаларини синовдан ўтказиш жараёнларини ҳам тезлаштиради.