Эрон портидаги портлашда 500 дан ортиқ киши жароҳат олди

Эрон жанубидаги Шаҳид Ражайи портида кучли портлаш юз берди, деб хабар беради Синьхуа ахборот агентлиги.
Эрон фавқулодда қидирув-қутқарув хизмати расмий вакили Бабак Ектапарастнинг айтишича, портлаш оқибатида 516 киши жабрланган, барча жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган.
Маълум бўлишича, портлаш оқибатида Шаҳид Ражайи портидаги маъмурий бинолардан бири, шунингдек, кўплаб автомобиллар зарар кўрган.
Эрон ҳукумати матбуот котиби Муҳажероний портда кимёвий моддалар сақланаётган бўлиши мумкин бўлган контейнер портлаганини айтди. Бироқ унинг фикрича, ёнғин тўлиқ ўчирилгунга қадар портлашнинг аниқ сабабини айтиш қийин. У воқеа сабабларини аниқлангач, жамоатчиликка аниқ маълумот беришга ваъда берди.
Ҳозирда Шаҳид Ражайи порти вақтинча ёпилган, воқеа жойида тергов ва қутқарув ишлари олиб борилмоқда.