Трамп Ким билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқда

Трамп Ким билан учрашувга тайёргарлик кўрмоқда

Доналд Трамп маъмурияти КХДР билан мулоқотни қайта йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Axios сайтининг хабар беришича, бу борада ташқи экспертлар билан махфий равишда маслаҳатлашувлар ўтказилган.

«Сўнгги тўрт йил ичида вазият сезиларли даражада ўзгарди. Биз турли вариантларни, жумладан, ўзаро ҳамкорликни баҳоламоқдамиз, таҳлил қилмоқдамиз ва муҳокама этмоқдамиз,» – дея порталга АҚШнинг юқори лавозимли вакили маълум қилди. У шунингдек, Вашингтон Пхеняннинг ядро дастури ҳозирда қайси босқичда эканлигини тушунишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.

Хусусан, ўтган ҳафта Швециянинг КХДРдаги элчиси Андреас Бенгтссон АҚШ расмий шахслари ва экспертлари билан маслаҳатлашиш учун АҚШга ташриф буюрди. Манбаларга кўра, бундай учрашувлар ёпиқ форматда ўтказилади. Муҳокама мавзуларидан бири эса, агар музокаралар бошланадиган бўлса, Пхенян билан ким музокара олиб бориши масаласи бўлган.

Ушбу манбаларга кўра, Трамп маъмурияти собиқ расмийлар ва ташқи экспертлар билан АҚШ президентининг Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан янги учрашувини ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: