Исландия Европа Иттифоқидан нажот изламоқда

Исландия Европа Иттифоқидан нажот изламоқда

Исландия АҚШ маъмуриятининг ташқи сиёсатдаги ҳаракатлари туфайли ўз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Данияга қарашли Гренландияни қўлга киритиш билан таҳдид қилиши, божхона тўловларини жорий этиши ва Европага нисбатан душманлик муносабати исландияликларни хавотирга сола бошлаган. Исландия бош вазири Криструн Фростадоттирнинг сўзларига кўра, жамият қуролли кучларни фаол қўллаб-қувватламаган, бироқ бу мамлакат ўзини фаол ҳимоя қила олмайди ва иттифоқда бўла олмайди, дегани эмас.

Трамп Канада ва Гренландия АҚШ таркибига кириши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, у Панама каналини ҳам АҚШ назоратига қайтармоқчи.

Исландия НАТО аъзоси бўлса-да, мунтазам қуролли кучларга эга эмаслиги сабабли иттифоқни мустаҳкамлашга молиявий ҳисса қўшувчи давлатлар рўйхатига киритилмаган. Мамлакат ҳудудий сувларини назорат қилувчи қирғоқ қўриқлаш хизмати энг йирик ҳарбийлаштирилган тузилма ҳисобланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: