Сени Қуръон қутқарсин!..

Баҳодирнинг қўлига кишан уришди. Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди. У офисида эди. Мижоз (клиент) билан гаплашаётганди. Берлинга мазут сотаётганди. Шартнома имзоланиши керак эди. У шунга тайёргарлик кўраётганди. “Космос” меҳмонхонасининг ресторанида кўришиши керак эди улар. Мижоз Берлиндан куни кеча оқшом пайти учиб келганди. Улар телефонда гаплашишди. Баҳодир немис тилини билмайди. Таржимони Надя унинг сўзларини немисчага ўгириб турди. “Нега ўзбек тили жаҳон тили эмас. Агар бўлганида, ҳозир сира қийналмаган бўлардим. Майли, бу ўлгурлар рус тилини билишганида қанийди! Лекин билишмайди-да. Ана шундай пайтда одам қийналади”, дея кўнглидан ўтказди. Сўнг Надяга қабулхонада кутиб туришини сўраб, ўзи кийимларини алмаштирди. Кўкимтир, оч қора костюм-шимни кийди. Бўйинбоғ тақди. Сўнг сейфни очиб, ундан икки пачка долларни (ҳаммаси юзталик банкнотлар) олиб костюмининг ички чўнтагига солди ва сейфни қулфлади. Худди шу пайт иккита барзанги йигит унинг хонасига бостириб кирди.
Баҳодирнинг кўзи олайди. Бирдан хаёлига: “Булар босқинчилар, қанча пул олиб кетишаркан?” деган ўй келди.
— Сиз қўлга олиндингиз! — деди унинг хонасига бостириб кирганлардан бири.
“Нима айб қилибман?” деб ўйлади бу сафар Баҳодир.
Босқинчиларнинг ҳар иккиси ҳам гувоҳномаларини кўрсатишди. Уларнинг юзи совуқ эди. Чунки бундай ишларни улар жуда кўп бажаришганди. Ундан кейин улар шафқат нималигини билишмасди. Ҳар иккиси ҳам болалар уйида катта бўлган. Ҳар иккисининг отаси кимлиги номаълум. Оналари инсоф қилишиб, болалар уйига бирини икки ой аввал, иккинчисини икки ой кейин қолдириб кетишганди. Шу ондаёқ улар ҳар қандай меҳрдан мосуво бўлишди. Буни қарангки, оталари бақувват одамлар бўлишган экан. Иккиси ҳам кун сайин ўсди. Билаклари кун сайин бақувватлашди ва болалар уйидан чиқаётганларида бўйлари икки метр бўлди.
Улар дарров ўқишга, ишга қабул қилинди. Каллалари унчалик яхши ишламайди. Аммо мана бундай бировларнинг қўлларини орқаларига қайириб олиб келишга жуда уста бўлиб кетишган.
— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Баҳодир.
— У ёғи бизга қоронғи. Вазифамиз — сизни терговнинг ёнига олиб бориш! — деди шеригига нисбатан новчароқ “босқинчи”.
— Сизлар бошқа давлатдасизлар. Бу ернинг қонуни бошқа. Ундан кейин, барибир, мен билишим керак…
— Стоп!..
Баҳодирни гапиришга қўйишмади. Қўлига кишан уришди. Сўнг икки махсус идора вакили унинг икки томонидан қўлларидан тутиб ташқарига олиб чиқишди. Котибаси унинг аҳволини кўриб йиғлади. Надя икки кафти билан оғзини бекитди. Ҳозиргина улар манави икки барзангини ўтказиб юборишган эди. Уларга ҳам ҳужжат кўрсатилди. Улар ҳужжатга тузук-қуруқ қарашга улгурмасларидан, рухсат тегишини ҳам кутмасдан бошлиқнинг хонасига кириб кетишди. Яна қанақа бошлиқ? Ҳеч қачон бировга озори тегмайдиган, ҳамиша ходимларининг кўнглини оладиган, уларнинг муаммоларини доим ҳал қилиб берадиган, миллиардга етиб қолган пулларини сира аямайдиган, аммо сира исроф қилмайдиган хушфеъл бошлиқ. Улар бир куни мана шундай одамнинг қўлига кишан солинишини ва уларнинг кўз ўнгида судраб олиб чиқиб кетишларини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаганди. Лекин шундай бўлди. Шунда ҳам қора соч, қора кўзли, оппоқ юзли, ўрта бўйли Баҳодир уларга жилмайиб қаради ҳамда:
— Уйдагиларга қўнғироқ қилиб айтиб қўйинглар, хавотир олишмасин, мен тезда қайтаман! — деди.
Уни тўғри аэропортга олиб боришди. У ердаги қўриқчилар-у полиция ва ҳоказолар олдиндан ҳаммасини билишади, шекилли, индамай ўтказиб юборишди.
Баҳодирнинг эса ичидан зил кетарди. “Нима қилдим? Нима айб иш қилдим? Кимнинг бехосдан “думи”ни босиб қўйдим? Булар Москвага келиб, мени мана бундай тарзда олиб кетаётганларига қараганда, ўта жиддий масалада айблашаётганга ўхшайди. Лекин ўша жиддий масала нима?! Нима?! Нима?!”
У самолётга чиққанидан кейин юраги баттар сиқила бошлади. Ўзини жуда ёмон ҳис этди.
— Дори-пори берасизларми? — деб сўради ёнидаги барзангидан.
Барзанги бир оғиз ҳам жавоб қайтармади. Қовоғи осилганча қўйнига қўлини тиқиб, дори олди. Ундан бир донасини Баҳодирга берди.
Баҳодир стюардесса келтирган сув билан дорини ичди. Унга алам қилгани — стюардессанинг бечораларга қарагандай ачиниш билан қарагани бўлди.
— Ўзи нега мени олиб кетяпсанлар? Нима гуноҳим бор? — деб сўради Баҳодир чидолмай, ёнидаги махсус хизмат вакилидан.
— Борганда билиб оласиз, — дея жавоб қайтарди у.
Бундан Баҳодир баттар эзилди. “Ўлиб қоладими, фалондай масалада фалондай расво иш қилгансан, кейин қочиб кетгансан, деса?” дея кўнглидан ўтказди у ва оғир хўрсинди. Кўзларини юмди. Ўтмиши ҳақида ўйлади. Ҳар бир ҳаракатини дилидан ўтказа бошлади. Аввал журналистикада ўқиди. Таниш-билишчилик қилмади. Ўз кучи билан ўқишга кирди. Битириб, газетада ишлади. Ҳалол ишлади. Фақат маош билан қалам ҳақига кун кўрди. Тўғриси, етмас эди. Бу пайтга келиб, унинг иккита боласи бор эди. Камига, ижарада яшарди. Агар отаси ҳар ойда ижара пулини тўлаб турмаганида, эҳтимол, ишини йиғиштириб, қишлоғига кетарди… Кейин академияда ўқиди. Ана шу ўқиб юрган пайтлари хотини, болалари билан бирга қуруқ нон еб, сув ичиб кун кўришди. Бундай нарса бир ёки икки кун бўлса, майлийди, аммо йилга чўзилса, жуда қийин бўларкан. У пул топишнинг минг битта йўлини излар, лекин сира тополмасди. Натижада хотини болаларини олиб, ота уйига кетди.
У ўқишни битирди. Ички ишларга ишга кирди. Ана шу пайти унинг журналистика билан шуғулланганлиги қўл келди. Дарров амалдан амалга сакрай бошлади. Аммо ҳеч бир жойда у биринчи шахс бўлмасди. Асосан, биринчи шахсларнинг юмушларини бажариб берувчи бўларди. Қараса, пора кетидан пора келяпти. Олмади. Пул жуда зарур эди. Лекин олмади, ололмади. Ич-ичидан қандайдир бир куч келар ва уни тўхтатиб қоларди… Кейин пора билан қўлга тушиб қамалиб кетганларни кўрди. “Йўқ, мен ишлолмайман. Ҳар доим босим остида яшолмайман. Хотиржам ухлашни истайман”, деди ва бўшашга ариза берди. Бўшаётганлигини ҳеч кимга айтмади. Аризани котибга қолдирди. Уйига кетди, тамом-вассалом.
Ва уни бўшатиб юборишди. Биров нега бўшаяпсан, балки ўйлаб кўрарсан, эҳимол, бошқа бир йўналишга ўтарсан, демади. Чунки унинг ўрни керак эди…
Москвага кетди. Тижорат билан шуғулланди. Униси ҳам ғалати бўлди. Олдинига Иван Петров деган қари бир одам билан танишиб қолди. Бозорда. Тарвуз-қовун сотаётган эди. Иван Петров кимёгар, профессор экан. Қовунлардан бирига “асбоби”ни тиқиб кўрди-да, бошини сарак-сарак қилди.
— Менда айб йўқ, — деди бирдан унинг ҳолатини кузатган Баҳодир.
— Биламан. Сен улгуржи сотиб олгансан. Энди майдалаб сотяпсан. Аммо сен сотаётган… Аслида, бу полиз маҳсулотлари соғлиқ учун жуда фойдали бўлиши керак. Айниқса, манави тарвуз. Лекин уни одамлар шундай ҳолга келтиришдики, есанг, заҳарланиб ўласан… Мен ҳеч кимни айбламайман… Тагини суриштириб келсанг, ҳаммасига биз олимлар айбдормиз. Барча кимёвий дориларни биз ихтиро қиляпмиз. У ёғи одамлардан, оддий деҳқонлардан нима кутамиз?
Баҳодир унга тикилиб қолди. Сўнг негадир ҳолсизланди. Кайфияти тушиб кетди.
— Сиз ўзингизни айбдор деб биласизми? — деди.
— Албатта. Бошқа ким айбдор бўлиши мумкин? Тўғри, агар ҳамма ўсимликлар табиий ўғит еса, ҳозирги катта аҳолини, одамларни боқиб бўлмайди. Аммо бу дегани уларни заҳарлаш, вақтидан олдин ўлишларига сабаб бўлиш керак, дегани эмас-да.
— Мен нима қилай энди? Тирикчилигим шунинг орқасидан.
— Ана, сен ҳам чорасизсан. Ва сен ҳам азбаройи мажбурлигингдан бировларни заҳарлайсан. Бунинг қанчалик даҳшат эканлигини биласанми? Қанчалик катта жиноят эканлигини биласанми?!
— Лекин сизнинг ўзингиз ҳам тан олаяпсиз-ку.
— Ҳа, худди шундай. Шунинг учун ҳам илмий ишларимни йиғиштириб қўйдим. Фақат дарс бераман. Яна пенсия оламан. Шунинг орқасидан яшаб юрибман-да. Аммо агар хоҳласанг, сени бу ишдан қутқаришим мумкин.
— Қандай қилиб?
— Сенга биологик ёқилғи олиш йўлини ўргатиб қўяман. У ҳам бензиндай бир гап. Фақат ачиган-чириган нарсалардан олинади. Агар сидқидилдан шуғуллансанг, ҳатто бой бўлиб кетишинг мумкин.
— Нега ўзингиз қилмайсиз шу ишни?
— Менга мутлақо кераги йўқ. Чунки менинг болам йўқ. Ўтган йили хотиним ўлди. Сўққабошман. Шундай экан, ўлиб-тирилишимга ҳожат қолмаган.
— Ўргатинг.
— Вақтинг қандай?
— Чексиз. Ҳозироқ йиғиштирдим манави савдони.
— Лекин сенинг шунча нарсанг бор, буларни пулга сотиб олгансан.
— Энди гапингиздан тонманг. Мен шунча нарсани сотаман. Пулли бўлиб оламан. Аммо шу билан бирга қанчадан-қанча одамни заҳарлайман. Нима, сиз бир ўзингиз қаҳрамон бўлмоқчимисиз?
— Лекин сенинг бола-чақанг бор.
— Ҳозирча улар Москвада эмас. Қоринлари очқагунича, сизнинг ёрдамингиз билан бирор нима топиб оламан.
Кимёгар бу сотувчи боладан бундайин ҳаракатни умуман кутмаган эди. Ҳайрон қолди. Сўнг улар Иван Петровникига йўл олишди. Йўл-йўлакай, Баҳодир профессорга бу ерларга қандай келиб қолгани, аввал нима ишлар қилганлигини гапириб берди. Профессор унинг сўзларини диққат билан эшитди. Бир неча марта қошини чимириб қўйди. Ва шу билан бирга Баҳодирнинг қандай одамлигини қисман билиб олди.
Унинг уйи Москванинг қоқ марказида экан. Икки хонали. Шинамгина. Киришди. Иван Петров роса зериккан экан. Яна ичи гапга тўлиб кетган экан. Столнинг ўртасига битта анави зормандани қўйди. Ёнига егуликлар, газак қўйди.
Бояги битта зорманда тугади, аммо уларнинг гаплари тугамади. Шундан кейин Баҳодир дўконга югуриб бориб, яна битта “зорманда” кўтариб келди…
Иван Петров сўзида турди. Унга эртаси куни қандай қилиб биологик ёқилғи олишни ўргатиб қўйди. Албатта, Баҳодир дарров ўрганолмади: бир ҳафта вақт кетди.
Ниҳоят, у ўша ёқилғини олишга эришди. Буни қарангки, дарров харидор топилди…
Орадан уч ой ўтиб, у яхшигина пул жамғариб олди. Бунинг устига, нефть бизнеси билан шуғулланувчилардан ҳам анча-мунча таниш орттириб олди.
У ёғига тўғри ётиб, тўғри турди. Ҳисоб-китобни пишиқ қилди. Ва қарабсизки, яхшигина бой бўлиб олди. Олдин болаларини олиб келиб, уй сотиб олган бўлса, кейин ота-онасига, укаларига, қариндошларига ёрдамлашди…
— Менга қара, — деди Баҳодир кутилмаганда кўзини очиб, махсус хизмат ходимига тикиларкан, — мен ҳаммасини ўйлаб кўрдим. Лекин ҳеч бир жиноят қилганимни тополмадим.
Хизмат вакили кулди.
— Хавотир олманг, борганингиздан кейин ўзлари топиб беришади, — дея яна қисқа жавоб берди.
Баҳодирнинг бошига яна битта юк тушгандай бўлди. Яна у чигалликларга ўралашиб қолгандай сеза бошлади ўзини…
Самолёт қўнди. Бу ердаги аэропортдаги қўриқчилар, милиция ва бошқа-бошқалар ҳам Баҳодирнинг худди мана шундай келишини билгандай индамай қараб тураверишди. Баҳодирни аэропорт ташқарисига олиб чиқишди. У ерда махсус машина кутиб турган экан. Унинг орқа эшиклари очилди.
Баҳодирни ўртага олишди. Орқа ўриндиқнинг икки чеккасига махсус хизмат вакиллари ўтиришди. Ёз эди. Ҳаво иссиқ ва дим эди. Бу машинада совиткич йўқ эди. Олиб қўйилганди совиткич. Шу боис машинанинг орқа ойналари тўлиқ очиб қўйилди.
Костюм-шимдаги Баҳодир роса терга ботди. Аммо шунга қарамасдан, у яна кўзини юмиб олганди. Чунки ичида бир нималар ёнаётганди. Қандайдир куч унинг елкасидан босаётганди. Шу боис у ҳатто машина жойидан қўзғалганини ҳам сезмади.
Бир пайт у кимнингдир: “Хайр қилинг! Хайр қилинг”, деганини эшитиб қолди. Эшитган заҳоти ёдига қўллари кишанланишидан олдин костюмининг ички чўнтакларига солган пуллари тушди. Бирдан қўлини чўнтагига тиқди. Бир пачка пулни олди ва бирдан машина деразасидан ташқарига улоқтириб юборди.
Бундай бўлишини уни олиб кетаётганлар ҳам кутишмаганди. Улар ҳам шошиб қолишди ва машина салонига тушган валюта купюраларини тера бошладилар.
Ташқарида эса… Тиланчи қария чол бор эди. У икки набираси билан турарди. Бунчалик кўп пул машина деразасидан улоқтирилишини у ҳам кутмаган эди ва шоша-пиша пулларни теришга тушиб кетди. Шу пайт бирдан светофорнинг кўк чироғи ёниб қолди. Машина жойидан қимирлади. Ана шу пайт чол тиззалаб ўтириб кафтларини очди. “Болам, сени Қуръон қутқарсин!” дея дуо қилди. Дуосини баланд овозда айтди. Дуосини машинадагиларнинг ҳаммаси эшитди. Баҳодирнинг эса эти жимирлади. Кўзидан ёш оқди. “Амин”, деди ичида…
Уни иқтисодий жиноятларда айблашаётган экан… Роса сур-сур қилишди. Нақ олти ой қамоқда сақлашди. Олти ой тергов қилишди. Аммо унга қўйилган айбларнинг бирортаси ҳам исботланмади… Аслида… Аслида, айби ҳам йўқ эди. Шунчаки амалдорлардан бири унинг бой бўлиб кетганидан хабар топади ва олиб келиб тергов қилинглар, дейди…
Баҳодир қамоқдалигида бир лаҳза бўлсин, чолнинг дуосини унутмади…
У Москвага қайтиб борганидан сўнг Қуръони каримни рус тилига шеърий таржима қилдирди. Таржима ўта муваффақиятли чиқди. Баҳодир уни чет элга олиб бориб чоп эттирди. Икки юз минг нусхада. Кейин унинг йигирма минг нусхасини текин тарқатди. Қолганини сотувга қўйди. Китоб жуда тез сотилиб кетди!..
Зиё НУР