Ўзбекистон бир гуруҳ Украиналик болаларни бағрига олди

Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон томонининг кўмаги билан бир гуруҳ украиналик болалар дам олиш ва реабилитация учун Тошкентга келди.
12 кун давомида улар учун махсус дам олиш ва психологик тикланиш дастури кўзда тутилган. Болалар Украинанинг жанговар ҳаракатлардан азият чекаётган турли вилоятларидан, хусусан, Харков, Херсон, Николаев, Запороже, Суми, Хмелнитский, Лвов ва Киев шаҳарларидан ташриф буюришган.
Украина Элчихонасининг мурожаатига жавобан Ўзбекистон томонининг таклифи ва тўлиқ кўмаги билан ташкил этилган ушбу гуманитар миссия болаларга руҳий мувозанатни тиклашга ҳамда ҳар кунги ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларидан чалғиб дам олишга ёрдам беришни мақсад қилган.
“Ташриф дастури жуда мазмунли бўлиб, бу Ўзбекистон давлат органларининг мисли кўрилмаган даражада жалб этилганидан далолат беради. Уни амалга оширишда мамлакатнинг деярли барча тегишли вазирлик ва идоралари иштирок этмоқда”, дейилади Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарида.