Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (1-қисм)

Ислом Петербургдан Москвага поездда етиб келди. У гўё бошқа бир дунёга тушиб қолгандай эди. Бундан беш йил олдин кўрганларининг ҳаммаси ҳавога учиб кетганга ўхшарди. Ҳаммаёқда большовойлар юрибди. Бақир-чақир авжида. Қизиқ томони, одамлар нега бақираётганликларини ўзлари ҳам билишмайди. Яна ҳарбий кийимдагилар юришибди. У Англия Қироллик академиясига ўқишга кетаётганида, ҳарбийлар бошқача эди. Улар бунақа тўда-тўда бўлиб изғишмасди. Яна тўғри келган одамнинг йўлини тўсишмасди. Анча маданиятли эди улар… Исломнинг энсаси қотди. Буни бошқаларга билдирмаслик мақсадида кепкасини бостириб кийиб олди. Аммо ҳеч қанча юрмасидан уни тўхтатишди. Битта қора чарм курткали офицер нусха ва яна иккита аскар.

— Кимсан? — деди чарм камзулли.

— Деҳқонман, — дея соф рус тилида жавоб берди Ислом.

— Нима қилиб юрибсан? — дея башарасини бужмайтириб сўради чарм камзулли.

— Инқилобнинг шукуҳини ҳис этиш учун келдим. Биз йўқсилларни сўрайдиганлар ҳам бор экан, деб келдим. Келиб кўрганларимни, маза қилганимни, шодлигимни қишлоққа бориб, бобомга айтаман.

— Нега аскарликка ёзилмадинг?

— Эй, бунинг учун бориб бобомни кўндиришим керак. Мен ҳам манавилардай юришни қанчалик хоҳлашимни билсангиз эди! — дея аскарларни кўрсатди Ислом. — Аммо қўлимдан болға билан ўроқ ушлашдан бошқа ҳеч нарса келмайди.

— Тезроқ бўл, йўқса, кечга қоласан, — деб иржайди камзулли ва кетди.

Ислом йўлида давом этди. Унинг ички чўнтагида қоғозчаси бор. Қоғозчада «Марат Ганулин» деб ёзилган эди. Ислом шу исми шариф билан Англия Қироллик академиясининг разведка бўлимида ўқиб келди. Асли унинг отаси — мингбоши Нурмуҳаммад қори Николай подшонинг Қўқондаги қўмондони билан яхши чиқишиб қолган ва бунинг натижасида қўмондон Владимир Орловнинг маслаҳати билан ўғлини Петербургдаги ҳарбий билим юртига ўқишга жўнатган эди. Ислом яхши ўқиди. Ҳаракатчан бўлди ва энди унинг ўзи билим юрти директорининг эътиборига тушиб қолди. Билим юрти билан Англия Қироллик академияси орасида махсус махфий келишув бор эди. Йилига олтита талаба Англияга жўнатиларди. Улар беш йил давомида ўқиб қайтишар эди. Ана шу рўйхатга Ислом ҳам кириб қолди. Кейин унинг исми шарифи ўзгартирилди…

Эндиликда у нафақат рус тилини, балки инглиз тилини ҳам мукаммал билар, жуда яқин таниши бўлмаса, ўзининг кимлигини ошкор этмасди. Боз устига, ўта синчков, ҳар бир кўрганини қисқа муддатда ўрганиб чиқа оларди. Яна қўл жангини ҳам ўзлаштириб олганди. Талабалар орасида пичоқ ишлатишда унинг тенги йўқ эди.

Ислом бир йил аввал инқилоб ҳақида эшитди. Қулоқларига ишонмади. Чунки Николай подшони ўта қудратли деб биларди. Бироқ ўша қудрат бир деганда қулабди. Камига Николай подшонинг бутун оиласи отиб ташланибди. Бу нақадар даҳшат! Бу ҳолат эндигина ташкил этилаётган қизил империянинг ўта расволигидан далолат бериб турарди. Йўқсиллар яшасин дейишаяпти. Лекин ўша йўқсиллар яшаши учун энг аввало уларга қотилликлар ўргатилаяпти. Биргина Николай подшонинг оиласи қирғин этилиши шундан далолат бериб турибди.

Ислом Москва кўчаларида кечгача сандироқлаб юрди. Вайрон қилинган дўконлар, ҳаммаёққа илиб ташланган қизил плакатлар. Яна қаерга қарасанг, Ленин деганларининг буюклигини мадҳ этувчи шиорларга кўзинг тушади. Айримларига унинг ишонгиси келмайди, баъзи нарсаларни кўрганида ҳайрон бўлади. Йўқсиллар ғалаба қозонди. Майли, қўлининг кучи билан. Аммо бундан бу ёғига қандай яшайди? Йўқсилларнинг ҳеч нарсаси йўқ-ку. Тўғри, бойларнинг, амалдорларнинг мол-мулкларини тортиб олишгандир ва шунинг орқасидан маълум муддат кунларини кўришлари мумкиндир, бироқ кейин-чи, кейин нима бўлади? Ахир йўқсиллар ишлаб топишни билишмайди-ку. Фақат қора меҳнат қилган билан қоринлари тўйиб қолмайди-ку. Бундан чиқди, ташқарида бошқарувчи куч бор. Ўша куч йўқсилларни ишлатади, ўша куч фойда кўради ва ўша куч йўқсилларни қайсидир маънода боқади. Афтидан, йўқсиллар ёмғирдан қутулиб, қорга тутилганга ўхшайди… Дунё кўрган Исломнинг сўнгги қарори шу бўлди. «Афсус!» деди. Кейин ўзиникиларни ўйлади. У ёқда нима томошалар бўлаётганидан бехабарлигини ўйлаб қийналди.

У биринчи дуч келган қаҳвахонага кирди. Киргани заҳоти унинг юзига тамаки ҳиди урилди. Йўталди. Кейин яхшилаб атрофига назар ташлади. У ерда одам жуда кўп эди. Уларнинг деярли ҳаммаси ҳарбийлар эдилар. «Ха-ха», «хе-хе» авжида. Ичишяпти. Чекишяпти. Бир-бирига навбат бермай бақиришяпти. Нималарнидир гапиришяпти, тушуниб бўлмайди. «Ҳа-а, буларга роса Худо берибди», дея кулди Ислом ва энди ортига қайтиб кетмоқчи бўлганида, эшикдан бир аскар ичкарига отилиб кирди. Ҳатто Исломни туртиб юборди, кейин бақирди:

— Отряд, ташқарида сафлан!..

Унинг овозини биров эшитмади. У яна бақирди. Яна ҳеч ким эътибор бермади. Шунда у чўнтагидан тўппончасини олди-да, милини юқорига қилиб тепкини босди. Қаҳвахона гумбурлади. Ҳамма бирдан сергак тортди.

— Ташқарида сафлан!..

У ортига бурилди… Кўз очиб юмгунча қаҳвахонада деярли ҳеч ким қолмади. Аммо энг тўрдаги столда ўтирганлар жойларидан қимирлашмади. Шунингдек, яна беш-олтита фуқаро кийимидагилар буйруққа бўйсунишмади. Улар дарров бўшаган жойларга бориб ўтиришди. Аскарлардан айримларининг пиволари қолиб кетганди. Улар ўшаларни йиғиштириб олишди. Деярли ҳаммасини…

Ислом барменнинг ёнига борди. У қип-қизил думалоқ юзли, оқ халатли киши эди.

— Ишларинг қалай? — деди Ислом.

— Расво! Ҳаммаси молдан баттар. Бир оғиз гапириб кўр-чи, пешонангдан дарча очишади. Сенга нима берай? — дея тўнғиллади бармен.

— Шарбат.

— Шарбат йўқ. Фақат «қайноқ» ичимлик, тузланган балиқ бор. Яна сув, — деди бармен.

— Сув беринг, — деди Ислом.

— Сув текин, — дея бармен битта стаканга тўлдириб сув қуйди-да, Исломга узатди.

Ислом стаканни олди. Бориб бўш стуллардан бирига ўтирди. Сўнг пешонасига қўлини тираган эди ҳамки, Андижон, Фарғона, Қўқон деган номларни эшитди. Шу заҳоти у зийрак тортди. Аммо кейинги эшитганларига тушунмади. Чунки деразанинг ёнидаги стол атрофида ўтирган тўрт киши арман тилида гапираётган эди. «Булар Қўқонни, Андижонни қаёқдан билишади?» — дея ўйлаган Ислом ҳайрон бўлиб сувини кўтариб ўрнидан турди ва бир-бир қадам босганча ўтирганларнинг ёнига яқинлаша бошлади. Айни пайтда улардан кўзини узмади. Серсоқоллар олдида пиво бор, улар ҳар-ҳар замон бир-бир ҳўплаб қўйишади. Сўнг суҳбатга берилишади. Айни чоғда қоғозга ўралган тамакини буруқситиб тутатганча сўкиниб қўйишади.

Ислом уларнинг ёнига бориб, бирма-бир қараб чиқди. Серсоқол, бунинг устига, бошларига телпакларини бостириб олганлар ҳам ҳайрон бўлишди. Ҳаммасининг кўзлари пиёладай-пиёладай келади. Барининг бурунлари узун. Тўрталаси ҳам кир-чир.

— Сенга нима керак? — сўради улардан бири дўриллаган овозда.

— Бир ўзим зерикдим. Гапларингга тушунмадим-у, аммо қизиқ туйилди. Мен сизларга ҳақ берсам, биргалашиб ўтирсак.

— Сен ўзинг кимсан?

— Менми? Мен деҳқонман. Йўқсилман. Лекин ҳозир чўнтагимда пулим кўп. Аммо бундан ҳам кўп пул топсам дейман. Бироқ бизнинг жамиятда пул топиш мумкин эмас. Йўқсил йўқсилдай яшаши керак. Кўриб турибман, тўрталанг ҳам жангчисан. «Оқлар»ни роса қирганга ўхшайсанлар! Ҳавасим келди. Мениям худди сизларга ўхшаб…

— Ёмон кўп гапирадиганга ўхшайсан.

— Гапим гап! Бармен! — дея ортига ўгирилиб бақирди Ислом. — Менинг номимдан дўстларимга бир шишадан олиб кел! Кўрдим, қовурилган товуқ ҳам бор экан. Келтир! Бугун айш қиламиз. Менинг ҳисобимдан!..

Аралар бир-бирларига қараб иржайишди. Ислом эса бўш стуллардан бирини олиб уларнинг ёнларига қўйди.

— Қани айтинглар, қаерларда бўлдинглар? Нималарни кўрдинглар?..

— Сен кўринишингдан сартга ўхшайсан, — деди унинг ёнида ўтирган серсоқол бурнини тортиб қўйиб.

— Сарт? Ким у?

— Ха-ха-ха-ха!!! Сарт пул дегани! — дея шерикларига қараб қўйди у.

— Ҳозир бир деганда гапларингни тушуниб оламан. Бунинг учун юзта-юзта отиш керак!..

Бармен унинг ҳамма айтганларини бажарди. Ислом шу заҳоти у келтирган нарсаларнинг пулини берди. Аралар яна бир-бирларига сирли қараб қўйишди.

— Қани, тортдик! — деди Ислом. Аммо ўзи ичмади. Бунинг ўрнига ўзи билан келтирган сувни ичди.

— Энди гапиринглар сарт, пул деганларини! — дея кулди Ислом.

— Биласанми? Сен барибир сартга ўхшаяпсан, — деди унга ёнида ўтирган серсоқол.

— «Сарт» деб кимни айтаётганингни билмайман-у, аммо мен Қозонданман. Исмим Марат…

— Шунақа демайсанми?..

— Деҳқонман дегандинг-ку.

— Ҳа, деҳқонман. Қозоннинг ёнидаги қишлоқда катта бўлганман.

— «Қизиллар»га қўшилмадингми?

— Қўшиламан, деб келдим. Зодагонлар қонимни ичишган. Ҳаққимни олишим керак.

— Унда тезлаштир. Бўлмаса, кеч қоласан, — дея ҳиринглади серсоқол.

— Бўлди. Эртадан қолдирмайман. Қоғозларим бор. Лекин мен урушни яхши кўраман.

— Борасан. Қўқонга.

— Қўқонга?

— Ҳа-да. У ёқда пул қилсанг ҳам бўлади. Аммо бунинг учун дошқурларга қўшилишинг керак.

— Қўшиламан. Дошқурлар «қизиллар»ми?

— Қизиллар.

— Нима, сенлар Қўқонда бўлганмисанлар?

— Бўлганмиз. Роса сартларни қирганмиз. Мен дунёга келиб, фақатгина шу ёққа борганимдан кейин маза қилганман. Битта қишлоққа кирдик. Баҳона бор. Улар босмачиларга егулик-ичгуликлар беришган. Катта демай, кичик демай, аёл-эркак демай, бир бошидан қиличдан ўтказиб чиқдик. Мен ўзим ҳатто бешикда… Бешиклигини кейинроқ билдим…

Шу гапни эшитиши билан Исломнинг бутун вужуди жимирлади. Ғазаби шунчалик қўзидики, ҳатто тирноғигача қалтирай бошлади гўё. Қотил эса гапини давом эттирар эди:

— Кейин уларнинг уйларида нимаси бўлса, ҳаммасини йиғиштириб олдик. Қўй, мол биринчи навбатда. Мен дошқур бўлиб биринчи марта бундай ўлжага эришишим эди. Яна энди бўйи етган ёшгина қизларни зўрлашга тушдик…

— Шунчаликми?! — деди Ислом кўзлари олайиб.

— Ҳаммаси эмас!

— Яна нима?!

— Манави, — деб у рўпарада ўтирган, кўзлари чақнаб турган серсоқолни кўрсатди, — юзта одамнинг калласини олди!

— Нега?!

— Чунки бизга ҳар битта бош учун пул тўлашарди. Чолнинг калласими, чақалоқникими, фарқи йўқ!..

Исломнинг қўли мушт бўлиб тугилди. У бошқа эшитолмасди. Қулоқлари шанғиллай бошлаганди…

Қўйнига қўлини тиқди. Ханжар дастасини ушлади. Бу пайтда унга ўзининг қотилликлари билан мақтанаётган нусха шериги билан ўзининг тилида алланималарни гаплашаётганди…

Ислом кўз очиб-юмгунча икки ёнидагининг кекирдагини кесиб ташлади. Қолганлари ҳам нима бўлаётганига тушуниб-тушунмай, асфаласофилинга равона бўлди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, қаҳвахонадагиларнинг бирортаси ҳам сезмай қолди. Ислом жонларидан айрилган қуруқ таналарнинг қулаб тушишига қўймади. Тўрталасининг ҳам калласини стол устига ётқизиб қўйди. «Аслида, сенларнинг ҳам бошларингни узиб олишим, кейин бориб ўзларингнинг қўмондонларингга сотишим керак эди. Ахир у каллани яхши кўраркан. Калладан уй қурмоқчи бўлган экан. Бўлмаса, шунча каллани сотиб олиб нима қилади?» дея кўнглидан ўтказди.

У қаҳвахонадан чиқиб кетганидан кейин бир муддат ўтиб, жасадларнинг биттаси қулаб тушди. Ана шундан кейингина бармен ва қаҳвахонада айшни давом эттираётганлар тўртта нусха ўлдирилганини билишди. Ҳамма бу ишни Ислом бажарганини биларди. Аммо қандай бажарди ва қаёққа кетди — ҳеч ким билмасди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: