Боплаяпсан! Молодец!.. (видео)

Очиғини айтганда, керакли, мана шундай тўсиқлар билан бирга кераксизлари ҳам кўпайиб кетди. Ура, урачилик энг юқори нуқтасига етиб, керак бўлса, ундан ҳам ўтиб кетди. Маҳалла ички йўлларида кимнинг пули кўпроқ бўлса, дарров мана шунақа битта тўсиқ қўйиб қўяди. Унинг уйи баланд ва чиройли. Тўхтайсан. Уйни томоша қиласан. «Войбўй, роса боплабди-ку, қўшнисиникидан нақ бир метр баланд қилиб қурибди. Ўзиям боймисан-бойга ўхшайди. Мана шу одамнинг самолёти ҳам бўлиши керак. Унинг уйларидан биттаси бу. Қолганлари Дубай, Париж, Лондон ва ҳаттоки Вашингтонда қўққайиб турибди. Окамиз, керак бўлса, ҳамма уйига бирровга боради. Чунки вақтлари зиқ», дейсан. Кейин машинага ўтириб, бой окани қайта-қайта дуо қилиб жўнайсан!.. Ана шундай гапларни айтишинг ёки кўнглингдан ўтказишинг учун тўсиқ қўйилган!.. Ибн Сино мавзесида битта кўча бор. Бу кўчада тўсиқлар ораси эллик метрча келади. Ва уларнинг сони ўнтадан зиёд. Кўчанинг нариги томонига алоҳида, бериги томонига алоҳида тўсиқ қўйган. Бу кўчага кирсанг музейга киргандай бўласан…