ЖССТ мамлакатларни алкоголь, сигарета ва ширинликлар нархини 50% га оширишга чақирди

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) 2025 йил июлида “3 by 35” деб номланган янги ташаббусни эълон қилди. Унга кўра, барча давлатларга спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва шакарли ичимликларга солиқлар орқали нархларни камида 50 фоизга ошириш тавсия этилмоқда.
Ташкилотнинг фикрига кўра, бу чора миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш харажатларини камайтиришга ёрдам беради. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, нархларнинг шундай оширилиши 2035 йилга қадар 1 триллион долларгача давлат солиқ даромадлари келтириши мумкин. Шу билан бирга, келгуси 50 йилда тахминан 50 миллионга яқин инсоннинг эрта ўлимининг олди олиниши айтилмоқда.
Тадқиқотлар спиртли ичимликлар, сигареталар ва ширинликлар инсон саломатлигига жиддий хавф туғдираётганини кўрсатмоқда. Қандли диабет, саратон, юрак-қон томир касалликлари каби хасталиклар айнан шундай маҳсулотларни ортиқча истеъмол қилиш орқали келиб чиқмоқда. Шунинг учун ЖССТ давлатларни бу маҳсулотларга нисбатан қатъий солиқ сиёсати олиб боришга чақирмоқда.
Ташкилот шунингдек, ушбу солиқлардан тушган маблағларни жамоат саломатлигини яхшилаш, касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тиббий хизматларни ривожлантиришга йўналтиришни тавсия этди.
ЖССТнинг мазкур ташаббуси аҳолини зарарли истеъмол одатларидан қайтарадиган, давлатларга молиявий фойда келтирадиган ва миллионлаб ҳаётларни асрайдиган глобал ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.