Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (30-қисм)

— Ўзи ҳаммасига дошқурлар айбдор. Мен шахсан Фрунзега хат ёздим. Дошқурлар маҳаллий аҳоли билан инқилобчиларни бир-бирларига душман қилиб қўяётганини рўйирост айтдим. Очиғини айтганда, уларнинг молдан фарқи йўқ. Улар гўё умрларида аёл кўрмаганга ўхшайди. Ундан кейин бойликка шунчалик ўчки… Бунинг устига, Жугашвили-Сталиннинг фармони чиқди: дошқурларнинг партиясини тузиш ҳақида.

— Ўртоқ Ленин наҳотки индамаган бўлса?

— Иккиси бир одам. Эҳтимол, ўртоқ Ленин айтган, Сталин қарор чиқарган. Бироқ, ўйлашимча, бу ердаги воқеа-ҳодисалардан уларнинг хабари бўлмаган. Агар бўлганида, дошқурларга бундай имкониятни бермаган бўларди.

— Айтганча, эшелонни ким қириб ташлагани очиқланмадими?

— Йўқ. Ишонгинг ҳам келмайди. Наҳотки бир киши шунинг ҳаммасини уддалаган бўлса? Билишимча, ҳатто ўртоқ Ленин ҳам эшитибди. Жуда афсусланибди.

— Мени хурсанд қиладиган томони, эшелонда, асосан, дошқурлар эканлиги…

— Ҳа, шуниси озгина кўнгилга таскин беради. Балки, у рус бўлгандир.

— Татар дейишди. Шакл-шамойили эса туркистонликларга ўхшар экан. Рус тилида жуда тиниқ гапираркан. Мен туркистонликларнинг ҳатто Петроградда таълим олганлари билан ҳам суҳбатда бўлганман. Уларни дарров ажратиб олиш мумкин.

— Абрамов, қишлоққа етганимиздан кейин умуман бирорта ҳам сартга зулм кўрсатилмасин. Бунинг ўрнига ҳаммага озиқ-овқат, кийим-бош тарқатилсин. Менга Осипов худди шундай буйруқ берди.

— Бу ҳақда айтдинг менга.

— Яна бир марта эслатма бераяпман. Агар биз эртароқ хон зулмидан жабр кўрганларни ўзимиз томонимизга оғдириб олмасак, улар осонлик билан босмачилар томонга ўтиб кетишлари мумкин. Колхозлаштириш ишларини биринчилардан бўлиб бошлаб юборишимиз керак.

— Бунисини мен билмаган эканман.

— Буниси махфий хабар эди. Мен сенга ёрилаяпман. Инқилоб мустаҳкам оёққа туриши учун шундай қилишимиз шарт. Ҳали Бухоро амири турибди. Уни тахтдан ағдаришга ўртоқ Фрунзенинг шахсан ўзлари қўшинга бош бўлиб боради.

— Семёнов, сенга ҳавасим келади. Чунки ҳамиша бошлиқлар билан биргасан. Сен кўп нарсани биласан. Эҳтимол, инқилоб якунланганидан кейин қайсидир губернияга ёки округга бошлиқ бўларсан.

— Йўқ. Мен ўзимнинг Краснодаримга кетаман. Билсанг, вино қилишни соғиндим. Бир пайтлар отам мажбурлар эди. Менинг эса жаҳлим чиқарди. Ишлагим келмасди. Энди эса соғинаяпман. У ерда Валя бор. Зўр қиз. Бутун Краснодарни қидириб, унақасини тополмайсан. Мен унга уйланаман… Эътибор бераяпсанми?

— Нимага?

— Негадир қушлар сайрамаяпти. Одатда, улар қандайдир хавф олдидан мана шундай жим бўлиб қолишади. Бориб, бўлинмадан хабар олиб кел.

— Яхши, — деб Абрамов отининг жиловини тортиб уни тўхтатди, сўнг ортга бурди.

Қизил аскарлар олдинги йўқ қилинганлардан анча тетик эдилар. Абрамов уларнинг ёнидан ўтиб бораркан, ҳар биридан мумкин қадар кўнгил сўрашга уринарди. Кейин ён-атрофига аланглаб қараб қўярди.

У бўлинманинг охиригача боргиси келмади. Чунки ўтган сафар орқадан ҳужум бўлди. Улар то ўзларига келгунларича, анча аскар ўлди. Ҳозир ҳам гўё худди шундай бўладигандек туйилаверди унга.

Шубҳа-гумон, хавотир бекордан-бекорга келмайди… Ислом вазият пишиб етилганини сезди ва биринчи бўлиб ўқ узди. Айнан Семёновнинг бошини мўлжалга олди. Аслида, Ислом Абрамовни отмоқчи эди, бироқ кутилмаганда у ортига бурилиб кетди. Шундан кейин олдинда кетаётган Семёновни нишонга олди.

У ўқ узиши билан йигитлари бирин-кетин гранаталарни улоқтира бошладилар, ичакдай чўзилган гарнизон бўлинмасининг бир йўла ҳамма жойида қарийб бир пайтнинг ўзида портлашлар содир бўлди. Кейин портлаш яна давом этди. Қизиллар саросимага тушиб қолишди. Улар қаерга қочишни, нима қилишни билмас эдилар. Айримлари эса ўзларини ерга ташлай бошлашди.

Кейин бирдан милтиқлар ишга тушди. Албатта, портлашдан кейин осмонга кўтарилган чанг-тўзон босилиши кутилди. Бу ҳам Исломнинг тактикаси эди. Душман миналарга дуч келиб қолдик, деб ўйлаши керак эди. Албатта, мина деган матоҳ Европада кенг қўлланила бошлагани билан, ҳали бу томонларга етиб келмаганди. Бироқ қизиллар ҳарбий бўлганликлари учун мина тўғрисида уларга сўзлаб берилган ва огоҳлантирилганди. Минага дуч келиндими, демак, Мадаминбек ёки Холхўжа қўрбоши янада кучайган, улар чет эл билан, хусусан, Европа билан алоқа қилишади. Бундан чиқди, аҳвол чатоқ. Бундан чиқди, портлашлардан кейин тирик қолганлар бемалол ўринларидан туришлари ва портлашни ташкил этган беш-олти «босмачи»ни қидириб топишлари ва уларнинг бошларига итнинг кунини солиб ўлдиришлари керак!

Бироқ улар ўринларидан туришлари билан, ҳаммаёқдан яна бараварига ўққа тутила бошланди. Яна қанчадан-қанча қизил аскар ўлдирилди. Қолганлари эса тўғри келган томонга пала-партиш ўқ уза бошладилар: токи душманлари қаердан ҳужум қилаётганликларини билгунларича.

Улуғмурод ишга тушди. У йигитлари билан эмаклаганча қизилларнинг орасига кириб боришар, ўлганларнинг қуролларини, гранаталарини олишар ва ўзлариникиларнинг ёнларига шошишарди. Йўл-йўлакай бир-иккита қизил аскарни ўлдиришди ҳам. Аммо шу билан бирга ўзлари ҳам эътиборга тушиб қолишди. Қизиллар «орамиздан ола чиққан» деган гумонга боришди. Бундай пайтда сотқин аяб ўтирилмайди. Шартта отиб ташланади. Айниқса, мана бунақанги талотўп пайти…

Жанг қизигандан-қизиди. Аввалига устунлик тўлиғича Исломнинг йигитлари томонда эди. Бироқ душманнинг ҳали ҳам кўплиги ва уларнинг анча-мунча уруш кўрганлиги қўл кела бошлади. Қолаверса, энди бошқарувни Абрамов ўз қўлига олган эди.

Бу сафар у қочиш режасидан тезда воз кечди. Ахир унинг мияси яшин тезлигида, балки ундан ҳам тез ишлайди. Агар қочса, тамом! Қайтиб бориши билан қўлига кишан тақишади. Шу заҳоти ҳукм ўқилади: «Отилсин!» Қолаверса, ҳозир қочиб қолишнинг имкони ҳам йўқ. Сабаби, ҳамма томондан ўққа тутишяпти. Бош кўтарсанг бўлди, пешонангдан дарча очишади. Шу боис у биринчи портлаш содир бўлганидаёқ ўзини ерга отди. Олдин бошини қўллари билан ёпиб тупроққа ёпишди. Портлашлар тугаганидан кейин ҳам бир муддат шу тахлит ётди. Ахир ҳали ҳеч нима маълум эмас. Қўмондонлик ўз йўлига. Энг аввал жонини сақлаб қолиши керак. Сақлаёлмаса, бошлиқлик сариқ чақага ҳам қиммат. Манави қизиллар ҳаёт нималигини билишмайди. Шунинг учун улар аҳмоқлар саналади. Қаёққа бошласанг, шу ёққа кетаверишади. Бироқ у ундай эмас. У яшаш нима эканлигини жуда яхши билади. Қолаверса, Забурдан хабари бор. Худонинг борлигини инкор этмайди: гарчи бошқалар кўзига Худосиздай кўринса-да. Унинг асосий режаси маишат қилиб яшаш. Бунинг учун эса тирик қолиши керак. Айни пайтда бу жангдан қаҳрамон бўлиб чиқиши зарур.

— Айлана бўлиб ётинглар! — дея бақирди у ётган жойида ва секин бошини кўтарди. Кўрдики, битта ҳам отлиқ қолмабди. Ўзи отларнинг асосий қисми қочиб кетибди. Отлиқлар ҳам портлаш бошланиши билан худди Абрамов сингари ўзларини ерга ташлаган эканлар. От устида улар осон нишон бўлиб турган эдилар.

Ислом устунлик душман томонга ўтаётганини кўрди. Агар тезда кутилмаган қарорга келмаса, унинг йигитларидан бирортаси ҳам тирик қолмайди.

У яширинган жойидан отилиб чиқди: қўлида тўппонча, ўзини олдинга отади, ўмбалоқ ошади. Ана шу пайтда душманга қарата ўқ узади. Ўқлари бекор кетмайди: нишонни аниқ олади. Ахир у бундай ҳаракат қилишни нақ икки йил ўрганган… Уни қизиллар ва ҳатто шахсан Абрамовнинг ўзи кўрди. Дарров унга жамоавий ўқ узишни буюрди. Ислом эса аксига олиб, ҳеч бир йўналишда бир хил ўмбалоқ ошмади: бир сафар олдинга бўлса, кейинги сафар ёнига сакради… Душманнинг бутун эътибори унга қаратилди. Натижада улар Исломнинг йигитларига осон нишонга айланишди.

Абрамов тушунди: ётган жойида пешонасига урди, бироқ энди кеч бўлганди. Бу пайтда Ислом ўлдирилган душманнинг гранатасини олиб, айнан Абрамов томонга улоқтирган эди. Яна гумбурлаш. Қизиллар бошларини беркитишди: гўёки бошларига граната парчаси тегмаса, улар тирик қоладигандай; гўёки танасининг бошқа аъзолари темирдандай…

Исломнинг ҳаракатлари унинг йигитларини руҳлантириб юборганди. Шу боис улар нишонни аниқ ола бошлашганди.

Шунга қарамай, уруш яна икки соатдан зиёдга чўзилди.

— Иккинчи қўмондон ҳам ўлдирилди! — дея бақирди қизиллардан бири. Унинг бақириши таслим бўлишдан, қизилларнинг бутунлай умидсизликка тушиб қолишидан далолат эди. Аммо шунга қарамай, улар қаршилик қилишда давом этишди…

Аста-секин қоронғи туша бошлади. Уни Ислом роса кутганди. Чунки унинг учун ёруғдан кўра, қоронғида ҳаракатланиш осон эди. Қолаверса, йигитлари ҳам бу ерларнинг паст-баландини яхши билганликлари сабабли, улар душманга янада яхшироқ зарба беришлари мумкин.

Қоронғи тушгач, ўқ товушлари тинди. Отгандан фойда йўқ: бекордан-бекорга ўқ сарфланади. Қолаверса, қуролини ишлатган жангчи қайси томонда бўлишидан қатъи назар, ўзининг тириклиги ва қаерда ётганлигини рақибига сездириб қўяди.

Ислом ўзиникиларнинг ҳаммасини бир жойга йиғди. Албатта, ўзининг ёнига. Ёнидаги бешкапалик йигит ёрдамида. Шунда билдики, уникилардан нақ ўн иккитаси шаҳид бўлибди. Улуғмурод билан бирга ҳаракат қилганлардан эса фақат унинг ўзигина тирик қолибди.

— Ҳозир ўзимиздан шаҳид бўлганларни бир жойга тўплаймиз. Кейин ярим тунгача кутамиз. Душманнинг тинкаси қуриган. Узоқ йўл босиб келган. Яна бу ерда пистирмага дуч келиб, асаби бузилди. Жанг қилди. Шундай экан, сабр қилиб кутсак, уларнинг ҳаммаси тошдай қотиб ухлайди. Ана ундан сўнг бир ҳамлада битта қолдирмай қириб ташлаймиз. Оқшом тушгани бизнинг омадимиз… Энди дарров айтганимни бажаришга киришинглар. Яна овқатланиб ҳам олиш керак. Кўп еманглар. Кўп овқат уйқуни келтиради.

Жангчилар ўзларидан бирорта ҳам нобуд бўлмайди, деб ўйлашганди. Ахир аввалги жойда ҳеч ким ўлмаган. Ҳатто жароҳат ҳам етмаганди бировга. Бунисида эса ҳали уларнинг сони ҳам аниқ эмас. Ҳамма йигитларнинг ичида ўт ёнарди. Шу ҳолатда югуриб бориб душманга ташланишга тайёр эди улар. Бироқ энди Исломнинг айтганларини бажаришлари керак. Акс ҳолда, ҳеч ким тирик қолмаслиги мумкин.

Душманнинг орқа қисмида Улуғмурод билан бирга ҳаракат қилган икки йигитнинг мурдасидан ташқари, барча шаҳидлар ўзларининг ёнларида қизиллар отган ўқлар тегиши натижасида омонатларини топширган эдилар. Шу боис уларнинг жасадини бир жойга тўплаш қийинчилик туғдирмади…

Қоронғи тун ва ҳаттоки чигирткаларнинг ҳам овози чиқмаётганлиги кечани жудаям ваҳимали қилиб юборди.

Қизиллар ҳатто қимирлашга чўчишар ва ётган жойларида диққат билан ҳаммаёқни кузатишар эди. Вақт ўтиши эса жудаям оғир эди. Аввалига қоронғи тушганидан хурсанд бўлишганди, кейин бутун вужудларини қўрқув эгаллаб, тонг отишини интизорлик билан кута бошлашди. Ёруғлик барибир яхши-да. Кундуз барибир яхши кўришади-да. Ёруғликда жанг қилиш мумкин. Ёруғликда асир тушиш мумкин. Ёруғликда қўрқувдан қутулиш мумкин…

Шу пайт бўри увиллашига ўхшаш овоз чиқди. Бирдан қизилларнинг қулоқлари динг бўлди. Бутун вужудларини даҳшатли қўрқув эгаллаб олди. Бояги қоронғилик қўрқуви ҳолва экан. Энди қўл-оёқлари қалтирашга тушди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: