Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (38-қисм)

— Менга қара, Жумақул, — деди у қулини ёнига чақириб, — сенга бир дунё пул ва озод бўлиш имконияти керакми?
— Хўжайин, — дея бошини эгди Жумақул, — менга сиз бўлсангиз бўлди. Сиз бўлмасангиз, мен бошпанани қаердан топаман?
— Ҳа, мен сенга бошпана ҳам топиб бераман. Кейин анави бодомқовоққа уйлантириб қўяман. Биламан, анчадан бери унга сустинг кетиб юрибди.
— Йўғ-э! — дея бошини эгиб тебранди Жумақул.
— Нозланма, ҳаммасидан хабарим бор. Кўр эмасман. Хуллас, гап бундай: келажакда сенга ҳам бир амал тегадиган бўлиб турибди. Бунинг учун озгина иш қилмасак бўлмайди. Мен сенга битта хат бераман, шуни Қўқонга етказасан. У ерда Шомуян деган одам бор. Идораси қаердалигини сенга яхшилаб тушунтириб қўяман. Бориб менинг номимдан келганлигингни айтсанг, дарров сени унинг ёнига қўйиб юборишади. Хатни унинг қўлига бергин-у, дарров ортингга қайт, тушундингми?!
— Ҳа, тушундим. Худди айтганингиздай қиламан, — деди Жумақул ҳозиржавоблик билан.
— Яша! Ўзи сен менга худди ўғлимдай бўлиб қолгансан. Болалигингдан ёнимдасан. Бошқаларга нисбатан ақллисан. Ишончлисан. Шундай экан, ўғлим, бундан бу ёғига ҳаракат қилмасак бўлмайди. Тўс-тўполондан бутун чиқиш керак. У ёғига эса маза қилиб яшаймиз.
— Хўп, сиз сира хавотир олманг. Ҳаммасини худди сиз айтгандай қиламан, — деб иржайди Жумақул.
Йўлдош чол номани унинг қўлига тутқазди. Жумақул эса букланган қоғозни дарров қўйнига тиқди.
— Менга қара, йўлда бирор ким сенинг қаёққа бораётганлигингни сўраб қолса, лом-мим дема. Шунчаки «хўжайин иш буюрди, шуни бажаргани кетаяпман», дегин.
— Хўп, бўлади, хўжайин.
— Ана энди отлардан биттасини миниб ол. Ўзим сени кузатиб қўяман.
— Хўжайин, сиз ташвиш қилманг. Айтганларингизни…
— Биламан. Ишонаман. Аммо ҳозир ҳаммаёқда хатар бор. Бошқа томондан кетасан. Айланиб бор. Уқдингми?
— Ҳа.
— Энди йўлга егуликлар олвол. Фақат тез бўл.
Жумақул отхонага югуриб кетди.
Аслида, Йўлдош чолнинг тўрт оти бор. Шулардан учтасини фақат ўзи минади. Учаласи ҳам худди кўпкари чопадиган отлардай бақувват. Биттаси эса хизматкорларининг ихтиёрига берилган. Жумақул дастлаб ўша отни эгарлашга киришди. Йўлдош шундай бўлишини биларди. Шу боис Жумақулнинг ортидан борди.
— Бугун сени ўзимнинг отим билан сийлайман. Уни қўй, менинг қорабайиримни эгарла. Ишни бопласанг, ўша сеники бўлади.
Жумақулнинг юраги ҳапқирди. Ахир қорабайир унинг орзуси. Кунда-кун ора кириб қора байирни силайди. «Сени миниш, сайр қилиш менга ҳам насиб этармикан?» дейди. Мана, ҳозир шундай кун келиб турибди. Эҳҳе, Қўқон қанча узоқ! Шу ёққача у қорабайирнинг устида бўлади. Яна қайтиб келгунича… Агар хўжайин гапида туриб, унинг ўз-ўзига бу тулпорни бериб юборса борми, қишлоқда ундан бахтли одам бўлмайди.
Йўлдош чол уни қишлоқнинг кунчиқар томонига бошлади. Албатта, бу тарафдан анча айланиш бўлади. Бироқ хавфсиз. Чунки адоқда Абдужаббор, Ислом, уларнинг гумашталари бор. Умуман, ҳамма тўс-тўполон шу ёқда бўлаяпти… Кўрганлар улардан шубҳаланишлари мумкин.
Йўлдош чол Жумақулнинг қораси ўчгунча ортидан қараб турди. «Сени-ку, ўлиб кетганинг билан ишим йўқ, лекин қорабайир увол кетяпти-да. Кўзи оч Шомуян ўзиники қилиб олади», дея кўнглидан ўтказди.
Жумақул Шомуяннинг олдига келганлигини амал-тақал қилиб бино қўриқчиларига тушунтирди. Кейин хатни кўрсатди. Хатни унинг қўлидан олиб қўйишди. «Шу ерда кутиб тур», дейишди. Ўрисчани тушунмаса-да, лекин мазмунини англади. Бирпасдан сўнг уни Шомуяннинг олдига олиб киришди. Арман унга бошдан-оёқ қараб чиқди. Иржайди. Сўнг келиб унинг елкасига қоқиб қўйди:
— Буни ўзинг ўқидингми? — деб сўради хатни кўрсатиб.
Аммо Жумақул безрайиб тураверди. Шомуян яна тиржайди.
— Рус тилини билмайсанми? — деди.
Жумақул жим. Ахир у ҳеч нарсани тушунмаётган бўлса, нима ҳам дерди?
— Боринглар, рус тилини биладиган бирорта сартни топиб келинглар, — деди Шомуян эшик ёнида турган ҳарбий кийимдаги бошқа бир дошқурга.
— Ҳозир.
Дарров шундай одам топилди. У бор-йўғи бино қоровули эди. Уни кўриб, Шомуян яна иржайди.
— Менга қара, сенинг отинг, адашмасам, Аҳмад эди. Манави нусхадан сўра-чи, ўзи келтирган хатни ўқидимикан? — деб у Жумақулни кўрсатди.
Унинг сўзлари шу заҳоти таржима қилинди.
— Мен ўрисчани билмайман. Тушунмайман. Қаёқдан билай у ерда нима ёзилганини? Ўзи хўжайиннинг ўрисча билишини шу ёққа келишимдан олдин билдим, — деб жавоб қайтарди Жумақул.
Таржимондан унинг гапларини эшитган Шомуян яна бир марта Жумақулга бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг бурнини тортиб қўйиб:
— Сен Йўлдошга ким бўласан? — деб сўради.
— Хизматкориман, қулиман, — деди Жумақул Аҳмаднинг оғзидан манави армани нима деганлигини билиб олгач.
— Ҳа, шунақами? — дея кулганча лаблари орасига муштук қистирди Шомуян. Ҳа, у партияга бошлиқ бўлганидан бери Сталинга тақлид қила бошлаганди. Ўзи Сталинни умрида кўрмаган. У ҳақда эшитган. Ундан кейин уларнинг экстремистик партияси ташкил этилишига шахсан Сталиннинг ўзи рухсат берган.
У жойига бориб ўтирди-да, хатни бошқатдан ўқиди. Ана шундан кейин унинг тепа сочи тикка бўлди. Бошида шунчаки ўқиган экан ва номанинг охиридаги «шу хатни олиб борганни ўлдиринглар», деган гапга эътибор қилибди-ю, аммо бутун бошли минг кишилик қизил армия аскарлари қириб ташланганлигига аҳамият бермабди. Ахир улар орасида озмунча дошқур бормиди?!
— Тўхта! — дея кўзлари олайганча ўрнидан турди Шомуян. — Нима, қизилларнинг ҳаммаси битта ҳам қолдирмай қириб ташландими?!
— Йўқ, — деди Жумақул, — жа ҳаммаси эмас, тахминан юзтачаси асирга тушган!
— Наҳотки! Наҳотки! Шуларни билиб жим турибсанми, хумпар?! — дея бақириб юборди Шомуян ва югурганча хонадан чиқиб кетди.
У бинони тарк этаркан, қўриқчиларга ҳеч кимни чиқармасликни буюрди.
Сааковнинг шахсан ўзи жангга кетганидан сўнг унинг ўрнига гарнизонда, ҳар тугул, Фадеев бошлиқ бўлиб қолган эди. У ўрис киши эди. Шомуяндек баттол, қонхўр эмас эди. Аммо унинг ҳам қон босими кўтарилиб кетди.
— Қандай қилиб?! Бўлиши мумкин эмас! Жосусларнинг кўзлари қаерда эди?! Мадаминбекнинг ҳар бир ҳаракатини етказиб туриши керак эди-ку улар!
— Гап шундаки… Мен Мадаминбек тўғрисидаги маълумотларни сўрамабман. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, ўша қишлоққа тезликда қўшин юбормасак бўлмайдиганга ўхшайди.
— Шошма, шошма, олдинги сафар Абрамов…
— Мен ҳозир, — деганча Шомуян Фадеевнинг хонасидан чиқиб, қўриқчиларга зудлик билан Жумақул билан таржимонни олиб келишни буюрди-да, кейин яна қайтиб кирди.
Бу сафар Жумақул узоқ сўроқ қилинди. Ҳар бир нарса ипидан игнасигача сўралди. Жумақул асирлар қишлоқнинг қайси томонида, кимнинг уйида сақланаётганлиги ҳақидаги саволга бир неча марта қайта-қайта жавоб беришга мажбур бўлди.
Кейин Исломнинг қандай келиб қолганлигига ойдинлик киритилди. Шундан кейингина Шомуян Йўлдош бериб юборган хатнинг охирини Жумақулга ўқиб берди. Жумақулнинг бирдан ранги оқарди, лаби титради.
— Лекин мен сени ўлдирмайман. Асли бизга сен керак эдинг. Чунки сен йўқсилсан. Бир умр бойлар, зодагонлардан азоб чекиб келгансан. Энди сенинг замонинг келди. Энди сен бутун бошли катта халқни бошқарасан, ортингдан эргаштирасан. Бунинг учун энг аввал шу кунгача сенга азоб бериб келган одамни йўқ қиласан. Қара унинг нияти расволигини. Сен ҳам унинг хизматини қиласан, ҳам у сени ўлдириб юборади!
— Раҳмат! Раҳмат! Ўла-ўлгунимча сизнинг хизматингизни қиламан! — деди Жумақул.
Аҳмад бу сафар унинг сўзларини бошқача таржима қилди. Тўғриси, у жирканди. Чунки манави жунбош Шомуянни жуда яхши билади. Жумақул бўлса, келиб-келиб мана шу таги паст, мараз одамга, нимаики билса, барини тўкиб-сочяпти.
— Раҳмат, лекин мен хўжайинимга ҳеч қачон қўл кўтара олмайман, — деб таржима қилди Аҳмад.
— Нега? Нега? Мен сенга шароб бераман. Бугуноқ бориб уни ўлдирасан. Мен сенга револьвер бераман, шу билан шартта отиб ташлайсан, — деди Шомуян.
— У сенинг қўлингга тўппонча-револьвер беради. Шу билан унинг ўзини отишинг керак, — дея Аҳмад Жумақулга Шомуяннинг сўзларини таржима қилди.
— Лекин мен қурол ишлатишни билмайман. Умримда ушлаб кўрмаганман. Ундан кейин… — деб бошини эгди Жумақул.
— Бу нега бошини эгаяпти? — деб сўради бирдан Фадеев. — Ҳалигина хўжайини ўта ваҳший одамлигини айтганди. Унга кун бермаганини айтганди. Нега энди қўлига қурол берганимизда бошини эгиб олди?
— Қурол ишлатишни билмаскан, — деди Аҳмад бирдан, — ундан кейин хўжайини шу пайтгача… Умуман, ўша бой бунинг руҳини синдирган, мазасини қочирган.
— Менга қара, — деди Фадеев, — бир ҳисобдан, қурол ишлатмаганинг маъқул. Сен уни кечаси ўлдир. Ухлаётганида. Юзига ёстиқ босасанми ёки бўғиб ўлдирасанми, ишқилиб, биров билмайдиган қилиб ўлдир… Кейин қишлоқда нечта қул, хизматкор бўлса, уларнинг ҳаммасини бойларга…
— Савдогарларга, — деб унинг гапини бўлди Шомуян, — буларнинг қишлоғи тўлалигича савдогар. Мен бунинг хўжайинидан қишлоғининг одамлари нима билан шуғулланишини билиб олганман.
— Хуллас, — гапида давом этди Фадеев сўзини бўлгани учун Шомуяндан ранжиб, — ҳамма золимларни йўқотиб, уларнинг ҳамма мол-мулкини сен ва сенга ўхшаган мискинларга бўлиб берамиз. Бунинг учун сен қишлоғингга бориб, ҳаммани уларга қарши қайра, оёқлантир. Биз бу ёқдан сизларга ёрдам бергани борамиз. Сизнинг кучингиз етмаса, мана, биз бориб ҳаммасини олиб берамиз. Энди сен бор ва эсингдан чиқарма, биринчи қиладиган ишинг, худди Шомуян айтганидай, қулдор хўжайинингни ўлдирасан. Кейин ҳамма камбағалларни тўплайсан-да, шу пайтгача бойлар уларни эзиб келганлигини айтасан. Тўғрими? Шу пайтгача улар сенларни роса қийнашган. Сенлар фақат уларнинг маишатлари учун ишлагансанлар. Сен қулсан. Сенинг боланг қул. Болангнинг боласи ҳам қул бўлади. Шундоқ экан, ҳозир айни қутулишнинг пайти. Энди бор, айтганимни қил!..
Аҳмад чўчиб қолганди. Чунки Фадеев сўзлаб бўлганидан кейин Аҳмадга тикилиб турди ва Аҳмад: «Бунинг ўзбекчадан оз-моз бўлсаям хабари бор. Нима деган бўлса, ҳаммасини таржима қилиб қўя қолайин», деб ўйлади.
Жумақулни Аҳмад кўчага кузатиб чиқди.
— Шу айтганларининг ҳаммаси тўғрими? — деб сўради Жумақул Фадеевнинг сўзларини назарда тутиб.
— Билмайман. Лекин сен бутун қишлоқни сотиб ёмон иш қилдинг.
— Нега?
— Менга қара, ҳеч қачон четдан келиб биров сенинг оғирингни енгил қилиб қўярмиди?
— Аммо хўжайиним мени ўлдириб юбориш кераклигини ёзган экан-ку.
— Хўжайининг ҳам худди сенга ўхшаган одам экан, аслида. Умуман, кўр кўрни қоронғида топади, деб бекорга айтишмаган экан. Энди бу ёғига билганингни қил. Ана, отингни миниб кетавер. Лекин бу отни хўжайининг анави мараз арманига совға қилган экан! — деди Аҳмад.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.