Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (39-қисм)

Калласи ишлаб-ишламайдиган Жумақул отга минди. Унинг хуржунига Шомуян совға қилган шароб солинган шишани тиқди, сўнг отнинг қорнига ниқтади.

У йўл-йўлакай шаҳардан чиққунича йиртиқ-ямоқ чопон кийган одамларни судраб кетаётган армани қизилларни кўрди. Нега олиб кетишаётганини билмайди. Бечора одамлар: «Бизга ёрдам берадиган мусулмон борми?» дея бақиришарди. Аммо уларнинг оҳларига биров қулоқ солмасди. Кўрганлар, шулар қатори Жумақул ҳам фақатгина ачинарди.

Шаҳардан чиққанидан сўнг Жумақул: «Нега мени хўжайин ўлдиртириб юбормоқчи бўлди? Унга нима ёмонлик қилгандим? Айтганларини оғзидан чиқиши билан бажарган бўлсам, ҳеч қачон хиёнат қилмаган бўлсам… Ким устидан иғво тўқиган бўлса, ҳаммасини етказиб турган бўлсам, нега ўлдиртириб юборади?.. Менга бошқача гаплар айтганди-ку. Менга: «Сени озод қиламан, уйлантириб қўяман», деганди-ку. Ҳаммаси ёлғон экан-да… Энди мендан кўради! Ўзим, ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман. Қачон ўлдиришни яхши биламан. Мен унинг нозик жойини биламан. Ҳар куни у кичкина хотинининг ёнида ётади. Охирида. Унгача бошқа хотинларининг ёнига кириб чиқади. Ўлгудай чарчаган бўлади. Ўзиям ўликдай қотиб ухлайди. Кичкина хотини ҳам қаттиқ ухлайди. Ухлаётганида ёнида бир нарсани гумбурлатсанг ҳам уйғонмайди. Кираман-у, бўғиб ўлдираман. Кўрамиз, ким олдин нариги дунёга равона бўларкан. Агар анавиларнинг гаплари рост бўлса, биринчи бўлиб ўзим ҳамма нарсангни тортиб олиб, ўзим ҳамма нарсангга эга чиқаман. Керак бўлса, ўша кичкина хотинингни ўзим хотин қилиб оламан. Бирам оқ билак, бирам танноз, кейин ёмон чиройли хотин», дея ўйлади. Сўнг унинг хаёлига Шомуян бериб юборган шароб келди. Хуржундан олди ва шишанинг оғзини очиб, қулқуллатиб ичди. Илгари ҳам бунақанги матоҳни бир марта татиб кўрган. Йўлдош чол мажбурлаб ичирган. Ўшанда роса боши айланганди. Йиқилиб тушганди. Маза қилганди. Кейин шунинг кайфини эслаб юрди. Мана, бугун эса ўзиники бор. Катта шиша. Бемалол тўрт-беш одамга етадиган. Лекин энди бир ўзи ичади.

У шаробхўрлик қиларкан, кайфи оша бошлади. Аста-секин кўзлари тинди ва бир амаллаб шароб солинган шишани хуржунга тиқди. Шу пайт қўли егуликларга тегди. Эсига тушди. Йўлдош чол «йўлда ейсан», деб унга нон, ҳатто гўшт ҳам берганди. Сариёғда қовурилган гўшт. Жумақул шунақасини яхши кўради. Чунки Йўлдош чол қачонки кунботардаги боғига дам олгани борса, ўзи билан, албатта, Жумақулни ҳам олиб кетарди. Жумақул унинг ҳамма емакларини тайёрлаб берарди. Ўшандай кезлари бировга кўрсатмасдан, яхши пишган гўштлардан оғзига соларди. Ўзиям роса маза қиларди. Мана энди бўлса, бировдан қочмайди. Бировдан яширмайди. Эмин-эркин, маза қилиб ейди.

— Қисталоқ! Мени ўлишидан олдин роса гўштга тўйсин деган экансан-да! Қара, мен тирикман! Мен энди сенинг ёнингга ажал бўлиб бораяпман! — деб бақириб юборди Жумақул ва яна шишанинг оғзидан қулқуллатиб шароб ичди, сўнг гўшт еди (у Йўлдош чолнинг худди шундай қилганини кўрган эди). Кайфи ошиб, отнинг устида тебрана бошлади. Қўлида қолган гўшт бўлаги тушиб кетди. Шиша ҳам тушиб кетишига бир бахя қолди. Сўнгги лаҳзадагина у аччиқ ичимлик солинган шишани хуржунга тиқишга улгурди. Ундан кейин боши эгилганча ухлаб қолди. От ақлли жонивор. Бир маромда йўрғалаб кетаяпти. У йўлни билади, манзилга адашмасдан етиб боради.

От фақатгина бир марта тўхтади. Шунда ҳам зах сувдан ичиш учун. Ана шу пайт Жумақулнинг йиқилиб тушишига бир бахя қолганди… Унинг бирдан кўзи очилди. Ҳали кайфи тарқамаганди. Ҳиринглаб кулди. Сўнг эгарнинг орқасига ўтиб ўтиришга ақли етди. Шундай қилса, эгарга бошини қўйиб ухлаб кетаверади. Шундай ҳам қилди. Шунчалик қотиб ухладики, от манзил-маконга етиб, ўзи боғланадиган устун ёнига бориб турганидан кейин ҳам камида бир соатдан кўпроқ ухлади. Кейин кутилмаганда чўчиб уйғонди ва қаердалигини билолмай атрофга аланглади. Чигирткаларнинг чириллашини эшитди. Бир муддат отдан тушмай ўтирди. Хаёлини жамлашга ҳаракат қилди. Ва ниҳоят, қаердалигини билгач, Фадеев билан Шомуян айтган гаплар эсига келди. У ўшанда, умуман олганда, кейин ҳам қизилларнинг гарнизон бошлиғи ҳамда террорчилар партияси раҳбари битта ўқ билан икки қуённи урганлигини билмасди. Билишга ақли етмас эди…

У секин отдан тушди ва улов ипини устунга боғлади. Сўнг бир-бир қадам босганча, айни чоғда ҳаммаёққа диққатини қаратиб, уй томон юрди.

Уйга кун чиққандан то ботгунича офтоб тушади. Ҳар битта хонага алоҳида эшик бор. Бундай эшиклар сони ўнта. Ўртадаги эшик Йўлдош чолники. Фақатгина унинг уйига даҳлиз орқали кирилади.

Жумақулнинг хонаси эса кунботар томондаги энг сўнггиси. У ҳамиша бешта хизматкор-қул билан ётади. Уларнинг сони ҳеч қачон бештадан ўзгармаган. Аммо Жумақул ўзининг хонаси томон юрмади. Мўлжални хўжайинники томон олди… Унинг юраги ҳам ҳаяжон, ҳам қўрқувдан гупурлаб урарди. Ҳар битта тиқ этган товушга диққат қиларди… Ўн-ўн беш қадам масофани у жуда узоқ босиб ўтгандай бўлди. Ва ниҳоят, Йўлдош чолнинг эшиги ёнига етди. Одатдагидай, эшик унақа баланд эмас. Бир табақали. Ичкарига сал энгашиб кирасан… Бу эшикнинг бошқаларидан фарқли томони, очганда ҳеч қачон ғийқилламайди. Унинг ана шу устунлиги ҳозир Жумақулга қўл келиб турганди… У ҳеч қачон одам ўлдирмаган. Бу — биринчиси. Шу боис эшик ёнида бироз туриб қолди…

* * *

Йўлдошнинг сўкиниб кетганлигини кўпчилик эшитган эди. Бироқ бу ҳақда ҳеч ким Исломга айтмади. Олдин: «Мавриди эмас», дейишди. Кейин: «Шу сассиқ чол бир сайради-сайради-да», дейишиб қўлларини силташди.

Ислом эса бир муддат асабий юрди. Асабийлиги Йўлдошнинг сўкиниши билан боғлиқ эмасди. Ҳали айтганимиздай, Ислом унинг сўкиниши у ёқда турсин, ҳатто овозини ҳам эшитмаганди. Сабаб эса унинг чорасиз қолганида эди. Режа тузолмаётганди. Хўш, нима қилади? Асирларни узоқ муддат сақлаб бўлмайди. Бунинг ҳеч қанақасига иложи йўқ. Айни чоғда олиб чиқиб ҳаммасини отиб ташлаш ҳам адолатсизликдай. Чунки ораларида Александрга ўхшаб кутилмаганда, ўзи истамаган ҳолда қизилларга қўшилиб қолганлари бўлиши мумкин. Аслини олганда, улар ҳам жабрдийда. Бу ёқда урушда ўлиб кетмасликка ҳаракат қилишса, у ёқда яқинларидан хавотирда. Чунки бу қизил империянинг катта-ю кичик амалдорларини умуман тушуниб бўлмайди. Агар уларнинг хаёлига кутилмаганда бегуноҳ одамни ўлдириш келиб қолса, бемалол ўлдириб ташлайверишади. Бунга уларнинг бир туки қилт этмайди. Эртага Худонинг олдида қилмишим учун жавоб бераман, деган ўй ҳам йўқ. Чунки уларнинг деярли ҳаммаси динсиз.

У тоғаси Абдужабборнинг гапига кириб, унинг уйига борди. Кечки овқатни уникида еди. Бироқ шу овқат ҳам қандайдир татимагандай бўлди. Тоғачалари билан суҳбатлашиб ўтирди. Бироқ мияси тинимсиз бошқа нарсалар тўғрисида ўйлар ва ўйлаганларининг ечими йўқ эди. Охири тоғасидан сўради:

— Нима қиламиз?

Абдужаббор унинг нима ҳақда сўраётганини дарров англаёлмади. Шу боис бошини қашлаганча унга тикилиб қолди.

— Асирларни айтаман, уларни нима қиламиз? — деди бу сафар Ислом олдинги саволига аниқлик киритиб.

— Эртага одамлар билан маслаҳатлашиб…

— Тоға, бундай пайтда шундай иш билан олдиндан шуғулланиб келган одам билангина маслаҳатлашилади. Қишлоқда шундай одамлар борми?

— Йўқ.

— Бундан чиқди, маслаҳатдан фойда йўқ.

— Унда мен ҳам бир нарса деёлмайман. Чунки сира ишим тушмаган. Қолаверса, бундай нарсалар бўлиши тушимга ҳам кирмаган.

— Мен сал-пал қандайдир тўхтамларга келаяпман.

— Хўш-хўш?

— Дошқурларнинг ҳаммасини отиб ташлаш керак. Улар ҳеч қачон дўст бўлмайди. Ўзлари Николай подшо даврида подшонинг одамларига эргашиб келиб олишган. Келиб нима қилишди? Ҳамма савдо жойларини деярли эгаллаб олишди. Қолаверса, юртда шаробхўрликни роса тарғиб қилишди. Қанчадан-қанча иродаси бўш одамлар уларнинг қармоғига осонгина илинишди. Улар бир пайтнинг ўзида ҳам маҳаллий одамлар, ҳам оқ подшо гумашталарининг кўнгилларини ола билишди. Энди эса, билишимча, ҳаммаси ўша тўнларини ечиб, бошқа тўн кийиб олишган. Энди улар инқилобчи. Энди улар Ленин билан Сталиннинг хос одамлари. Бир пайтлар ўзлари билан ёнма-ён юрган, уларга жой берганларни қириб ташлаб, бор-будларини тортиб олишяпти. Демак, улар дўст эмас. Ҳаттоки ўша Ленин билан Сталинга ҳам дўстлик қилишмайди. Имконияти туғилса, фойдаси тегмаса, уларни ҳам олиб бориб гўрга тиқишга шай улар… Шуларни ўйлаб хулоса қилдимки, тонг отгач, дошқурларни қишлоқдан ташқарига — чўлга олиб чиқамиз-да, битта қолдирмай ҳаммасини отиб ташлаймиз. Ундан кейин сотқинлардан ҳам шу тарзда қутуламиз. Уларнинг кимлигини яхши биласиз. Қолганларини сўроқ-саволга тутамиз. Агар Александрга ўхшаб ўзи истамаган ҳолда қизилларга қўшилиб қолганлари ва юртимиздан кетишни чин кўнгилдан истайдиганлари бўлса, уларни қўйиб юборамиз. Аслини олганда, асирларнинг хоҳиш-истакларига қараб ўтирилмайди. Бироқ айни пайтда бошқа чорамиз йўқ. Аввало, махсус қамоқхона керак бўлади. Унақаси йўқ. Кейин асирлар овқатлантириб турилади. Бироқ бизнинг ўзимизга егулик йўқ. Ётиб еганга тоғ чидамайди. Шундай экан, бори ҳам ҳеч қанчага бормасдан тугайди. Яна душман шунча йўқотишларни кўриб-билиб туриб, индамай ортига қайтиб кетавермайди. Улар яна қайта бостириб келишлари ҳеч гап эмас. Кўр ҳассасини бир йўқотар, ана борингки, икки йўқотар. Бироқ учинчи-тўртинчи марта йўқотмайди… Кейин қизилларнинг орасида шундай айғоқчилар борки, маккорлигининг чек-чегараси йўқ. Балки аллақачон ишни бошлаб юборишгандир ҳам.

— Шунда қолган асирларни қўйиб юборамизми? — деди жиянидан кўз узмай ўтирган Абдужаббор.

— Ҳа. Кейин навбатдаги босқинга қарши тайёргарлик кўрамиз. У ёғи, бориб Мадаминбек билан ҳам алоқа боғлашимиз керак. Агар кучларимизни бирлаштирмасак, юртни озод қилолмаймиз.

— Ҳимм, тушундим.

— Энди, тоға, сиз кириб дам олинг. Мен эса асирларни қўриқлаётганларнинг ёнига бораман. Уларни ҳам навбатма-навбат дам олдириш керак.

— Сенинг ўрнингга мен борсам-чи? Ҳар қалай, гапим ўтади…

— Тоға, бунинг сира иложи йўқ. Мени тўғри тушунинг. Вазиятни кўриб туришим шарт.

Тоғасига айтган гапларидан сўнг, у аниқ бир қарорга келди, деган фикрга бориш мумкин эди. Бироқ ундай эмасди. Исломнинг ичида бир-бирига қарама-қарши ўй-хаёллар бор эди. Ана шулар уни эзаётганди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: