Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (46-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (46-қисм)

Дўкондор — бурунбой, серсоқол, шокоса кўз армани ҳам ҳеч вақони тушунмади…

Қўшқўллаб шароб шишасини узатди.

Қидирув бу сафар натижа берди. У Нормуродни топди. Қўлидаги шишани ерга қўйиб, дўстини маҳкам бағрига босди.

— Шу бугун бирор беш ёшга қаридим, — дея шивирлади.

— Нега? — деди Нормурод.

— Шундай гапларни эшитдимки, агар сени топиб етказмаганимда, қариш у ёқда турсин, ёрилиб ўлардим. Хўш, Ислом акага ҳаммасини айтдингми? — деб қўйиб юборди у биродарини.

— Айтдим, лекин…

— Нима лекин?

— Ҳалиги, Ислом акаям бошқача бўлди.

— Қандай бошқача?

— Менимча, униям боши қотиб қолди, шекилли. Менга қара, Ҳамидулла, шу сафар омадимиз келмайди-ёв.

— Эй, нафасингни ел учирсин. Ислом ака нима деганди? Ҳар қандай шароитда, ҳар қандай вазиятда битта йўл бўлади. Шундай экан, минг-икки минглик қўшин тугул, ўн минг-йигирма минг бўлсаям, енгиш иложи топилади. Хўш, — деб бошини қашиди Ҳамидулла ва эшитганларини, кўрган-билганларининг ҳаммасини Нормуродга айтди. Сўнг: — энди яна жўна. Фақатгина боргин-у қайт. Балки, яна бошқа нарсалар чиқиб қолар. Балки, кейинги келишингда мен бу ерда бўлмасман. Агар шундай бўлса, вазиятга қараб иш тутаверасан. Бўпти, дўстим, сени Аллоҳга омонат топширдим.

Улар хайрлашганларидан кейин гарнизон томонга кетаётган Ҳамидулланинг боши қотди. «Мен-ку Нормурод билан бирга ўзимниям руҳимни кўтардим. Аммо, ҳақиқатан, бу маразларга кучимиз етмаса-чи? Ана унда уйим ер билан битта бўладими, уйдагиларнинг ҳаммаси қирилиб кетадими? Йўқ, бунисига мен чидаёлмайман. Бунисини кўтаролмайман. Бир чора кўришим керак».

У шундай ўйлар гирдобида посбон йигитнинг ёнидан индамай ўтиб кета бошлади.

— Ҳой! — деди ҳайрон бўлган қўриқчи. — Қани менинг улушим?

Ҳамидулла «вино» деган сўзнинг шароб эканлигини билиб олганди. Ўтаётганида, посбон йигитга: «Вино, вино», деганди. Ўзини, сўнг уни кўрсатган эди. Шундан посбон йигит унинг арман виносига кетаётганлигини тушуниб олган эди. Шу тарзда битта рус қизил аскар ва бир ўзбек бир-бирларини тушунган эди. Қизиқ, мутлақо бир-бирининг тилини тушунмайдиган одамлар бир сўз ва имо-ишоралар билан ҳам гап мантиғини англашлари мумкин экан.

Ҳозир ҳам Ҳамидулла посбон йигитнинг сўзларига тушунмади, аммо унинг гапини англади.

— Менга қара, маллавой, хаёл билан ўтиб кетибман. Идишинг борми? — деди у посбон йигитга. Посбон унга термилиб тураверди. Шундан кейин Ҳамидулла шишани кўрсатиб:

— Борми? — деди.

Энди посбон йигит тушунди ва қўйнидан флягасини чиқарди. Ҳамидулла амаллаб уни шаробга тўлдирди ва посбоннинг қўлига тутқазди.

У олдинги сафар ҳам ўзи келтирган шаробни бошқаларга улашганди. Яна худди шундай қилди. Аммо ўзининг калласи гаранг эди. «Нимадир қилишим керак, қўл қовуштириб ўтирганим билан бирор нимага эришиб қолмайман. Танамни жон тарк этмаган экан, нимадир қилиб қолишим керак».

У казармага кирди, чиқди, кейин яна кирди. Аскарларни бирма-бир кузатди. Ана шунда миясига ғаройиб ўй келди: «Ёқаман! Ўт қўяман! Биринчидан, аскарларнинг ётоғига. Иккинчидан, қурол-яроғ омборига. Шу билан буларнинг дамини анча ўчириб қўяман».

Миясига келган ўй уни руҳлантириб юборди. Худди йўқ жойдан бир қоп тилла топиб олгандай шодланди ва қувонч кўзлари билан аскарларга қаради. Кейин ёмон кўз билан қаради. «Агар, — деди ўзига ўзи, — ҳозир, бугун мен шу ишни қилмасам, эртага булар бориб, менинг қишлоғимни култепага айлантиришади. Ана ундан сўнг қилмаган ишим учун минг жойимга пичоқ урганим билан ўрнига тушмайди. Аллоҳим, қилмоқчи бўлган ишим нотўғри бўлса, мени кечир. Агар тўғри бўлса, ўзинг қўллаб-қувватла. Илҳом бер. Куч-қувват бер. Шарманда қилма», дея кўнглидан ўтказди ва шундан сўнг ишни нимадан бошлаш кераклиги тўғрисида бош қотира бошлади…

Бундай олиб қараганда, жуда осон ишдай: ёқасан-кетасан, тамом-вассалом. Лекин шу ёқишнинг ўзи бўлмайди-да…

У ярим тунгача ухламади. Казармада кўзини юмиб ётаверди. Кейин секин ўрнидан турди-да, мойчироқнинг ёнига борди. Унинг мойини казарма ичкарисига сепиб чиқди. Бироқ камлик қилди. Бошқасини олиб келди… Бу мойчироқлар — замонавий мойчироқлар. Уни большовойлар кўчаларда фонус сифатида ишлатишади. Тагида мойи бор, унга пилик киргизилган, тепаси шиша. Бундай фонус-мойчироқлар ташқарида кўп. Ўзиям ҳар қадамда липиллаб ёниб турибди…

Улардан яна бештасининг мойини Ҳамидулла казармага сепиб чиқди. Сўнг режаси бўйича қурол-яроғ омборига борди. Кундузи кўрган тўплари ҳам шу ерда эди. Аммо у ернинг қўриқчилари бор. Ана шу масала чатоқ эди. Шу боис казармага олдин ўт қўйиб юборишига тўғри келди. Аввалига секин ёнган олов сал ўтмай даҳшат даражада аланга олди. Бунинг устига, казарманинг эшигига ташқаридан таёқ тираб қўйган эди. Уни ичкаридан туриб очиш қийин эди.

Орадан бироз ўтиб, бақир-чақир бошланди. Бунинг устига, олов тили олдин деразалардан кўринди, сўнг деразани синдириб, ташқарига ловуллаб чиқа бошлади.

Ана шундан кейин олдин постда турган навбатчилар, сўнг бошқа казармадагилар югуриб қолишди. Айни чоғда қурол-яроғ омборининг қўриқчилари ҳам ёрдамга шошилишди…

Ҳамидулла ҳам олдин уларга қўшилган бўлди, кейин мақсади сари кетди. Қийин бўлди, лекин эплади. Казармадаги ёнғин ўчирилмай туриб, қурол-яроғ омборида янги олов кўринди. Ҳамидулла ёққан казармада кўпи билан юз элликтача аскар бор эди. Аммо қурол-яроғ омборида гарнизоннинг ишонган қуроллари сақланарди…

Ҳамидулла қочиб кетмоқчи эди, бироқ қочмади. Атайин қўлини куйдириб олди. Кийимининг бир-икки жойини ёндирди. Яна юз-қўлларига куя суртиб олди.

Қутқарилганлар бор эди. Ана шулардан биттаси Ҳамидулла эди. Бироқ омбор расво бўлди. Олдин у ерга ҳам сув кўтариб югуришди. Лекин офицерлардан бири аланга авж олиб кетганини кўриб, сув сепишни тўхтатди. «Бу ердан узоқроққа қочинглар», деди. Ҳа, у тўғри айтган экан. Орадан бироз фурсат ўтиб, шундай портлашлар юз бердики, кўрганларнинг юзини даҳшат қоплаб олди. Биргина Ҳамидулла хурсанд эди. Биргина у маза қилаётганди. «Сен маразлар менинг қишлоғимнинг кулини кўкка совурмоқчимидинглар? Мана, кулини кўкка совуриш бунақа бўлади!» дея кўнглидан ўтказди…

Кейин у қочишига тўғри келиб қолди. Чунки чиқиш эшигида турган қўриқчи ғирт маст эди. Ҳатто шунча тўс-тўполон бўлишига қарамай, у қотиб ухлади: постда турган жойида ўтириб олиб. Ҳамма гарнизон ташқарисига қочаркан, офицерлардан иккитаси уни ушлаб қаергадир олиб кетаётганини Ҳамидулла ўз кўзи билан кўрди. Бирдан хаёлига ўзининг унга шароб олиб келиб бергани келди. «Ўлди, расво бўлди. Иккита тепкидан сўнг, «постовой» қандай қилиб маст бўлиб қолганини, шаробни ким олиб келиб берганини айтади. Бундан чиқди, калтакнинг бир учи тўғри менинг бошимга келиб синади. Аниқ биламан, отиб ташлашади. Ўлимдан қўрқмайман. Аммо қиладиган ишларим шунчалик кўпки, агар ҳозир ўлиб кетсам, бари чала қолиб кетади», дея кўнглидан ўтказди у.

Олдин шаҳарнинг ичкарисига қочди. Бундан биров шубҳа қилмади. Чунки аскарлар дуч келган томонга қочишаётганди. Ахир омбордаги портлашлар борган сари авж олаётганди-да…

У елкасидаги погонни юлиб ташлади. Камарни ечиб отди. Кепкасидаги беш юлдузли нишонни оёғининг остига олиб эзғилади. Буларнинг барини шаҳардан ташқарига чиққанидан кейин қилди. Ахир шу кийимда, мана шундай безакларда қишлоғига кириб борса, одамлар билиб-билмай терисини шилиб олишади…

У югуриб бораркан, кутилмаганда Нормуродга дуч келиб қолди. Олдин уни Нормурод кўрди. Қизиллардан биттаси, деб ўйлади. Ҳали милтиғини яширмаганди. Шартта ўқлаб, югуриб келаётган душманни нишонга олди. Кейин бирдан дўстини таниб қолди. Қуролини ташлаб, пешонасига муштлади! Сўнг бақирди:

— Эшаксан! Эшак!

Ҳамидулла бирдан тўхтади. Милтиғини олдинга қаратиб ҳар томонга аланглади.

— Сал қолди! Сал қолди! — деди Нормурод.

Унинг овозидан Ҳамидулла дарров таниди. Жилмайди. Қуролини туширди.

Нормурод эса яширинган жойидан чиқди.

— Мана шундай қилиб тиржайганча ўлардинг! — дея ёнидаги бутанинг шохчасини асабийлашганча синдириб олди у.

— Ошна! Ошна! Ўзингмисан?!

— Кўзинг кўрми?! Бу ёққа келаркансан, ҳеч нима топмасанг ҳам, яланғоч қолсанг ҳам анави маразларнинг кийимларини ечиб ташласанг ўлармидинг?! Сени душман деб ўйлаб отиб қўйишимга оз қолди!

— Йўғ-э, — деди Ҳамидулла ва ўзининг уст-бошига қаради.

Улар қучоқлашиб кўришишди.

— Нимага келаяпсан? Сен қизилларнинг орасида бўлишинг керак эди-ку, — деб ҳайрон бўлганча сўради Нормурод.

— Ҳал қилдим.

— Нимани ҳал қилдинг?

— Уларнинг ўқ-дори омборини ёқиб юбордим. Кейин битта ётоқни аскар-паскари билан бирга ёқдим. Бўлди тўполон, бўлди тўполон! Эй, қочмаган ҳам қочди. Итдан тарқаганларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Бўлди, энди улар уриша олмайди. Келишга ҳоллари қолмади.

— Йўғ-э?! Зўр бўлибди-ку! Гапир, бир бошидан гапир. Ҳеч нимани қолдирма.

— Нонинг борми?

— Бор. Икки бўлак гўшт ҳам бор.

— Бер. Шу ерда ўтириб еб олайин. Шу билан бирга гапириб беравераман.

Нормурод дўстининг сўзларини мароқ билан, ҳавас ва озгина ҳасад билан эшитди. «Нега сенинг ўрнингда мен бўлмадим?» деб ҳам ўйлади. Сўнг уларнинг ҳар иккиси қишлоққа қайтди.

Улар бироз юрмасларидан, Ислом аввал жўнатган отлиқ жангчи кўриниш берди. Отлиқнинг кўзи уларга тушиши билан жиловни тортди. От жанговар эмасми, тўхташи билан олд оёқларини кўтариб кишнади. Эгасининг ундан жаҳли чиқди. «Сен валакисаланг олдин кимга хизмат қилганингни билмайман-у, аммо роса сотқин экансан. Оёғингни кўтариб, яна камига «мен мана бу ердаман, кўриб қўйинглар», деб кишнашга бало борми?» деди ва узангига товонини тираганча эгарда тик туриб, кўринганларга қаради.

— Бизмиз!!! — деб бақирди уни таниган Ҳамидулла.

Отлиқ кулди, сўнг отининг қорнига юмшоққина ниқтаб қўйди.

— Нимага бунча тез қайтдинглар? — деди отлиқ иржайиб келаётган сафдошларига, уларнинг ёнига етганидан сўнг.

— Соли, айтсам, ишонмайсан. Ҳамидулла ҳамма ишни битириб қўйибди. Бизга бир грамм ҳам иш қолдирмабди.

— Йўғ-э, — дея отлиқ Нормуроднинг сўзларига ишониб-ишонмай унга тикилди.

— Ҳа, худди шундай бўлибди. Бу, — деб Ҳамидулланинг елкасига қўлини ташлади Нормурод, — одамнинг тушига ҳам кирмайдиган ишни қилибди. Қаҳрамон бўлибди. Шундай экан, отдан туш, Ҳамидулла минсин.

— Қўйсанг-чи, кўпиртирма, — дея бироз қизарди Ҳамидулла.

Соли отдан сакраб тушди.

— Гапир, — деди Ҳамидуллага.

— Ислом акага айтиб бераман. Ана шунда эшитиб олаверасан, — деди ўнғайсизланган Ҳамидулла.

— Калламни қотирма. Улар ҳов анча нарида. Етгунимизча ичим ёниб кетади.

— Бўпти, — деб Ҳамидулла ундан отнинг жиловини олди ва бир сакрашда эгарга ўтирди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.

Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: