Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (48-қисм)

— Артур, — деди дошқурларнинг ёши улуғи, — сен тур. Агар бу турса, ҳаммамизнинг қартамизни кўриб қўяди. Ўртоқ Ленин нима деганлигини билиб олайлик, ана ундан кейин бунинг орқасига навбатма-навбат тепамиз.
— Менга қара! — деди Ислом дўкондорга. — Ҳар биримизга биттадан шароб бер. Булар жуда майда одамларга ўхшайди! — деб дошқурларни кўрсатди у.
— Нимага унақа деяпсан? — деди дўкондор ўзиникиларга қараб қўйиб.
— Битта мен бу ерда сизларга бегонаманми?
— Ҳа.
— Шундай экан, мен тушунадиган тилда гаплашинглар-да.
— Менга қара, сен асли қаерликсан? — деди дўкондор Исломнинг рус тилида равон гапираётганига ишора бериб.
— Москваликман десам, ишонмайсанлар. Лекин худди шундай. Ўртоқ Ленин ва Сталин билан шахсан кўришганман!
Шу заҳоти дошқурлар бирдан ўринларидан туришди. Дўкондорнинг эса қўлидан шароб шишаси тушиб кетишига сал қолди.
— Энди бу ерга келиб, сизларда кўтаринки кайфиятни кўрмоқчи эдим, — деди вазиятдан фойдаланган Ислом тантанавор оҳангда, — Аммо адашган эканман. Ўқ-дори омборини, ростини айтганда, орқаларингга тиқибсанлар! Трибунал бўлади. Доира катта бўлади! Кўпчиликнинг боши кетади. Ахир сиз инқилобчи ишчи ва деҳқонларнинг бойликларини йўқ қилиб юборгансиз. Рўйхат бор!..
— Нима рўйхат?! — деди дошқурларнинг ёши каттаси ранги оқариб.
Қолган дошқурлар рус тилини нари билан берининг орасида билишарди. Шу боис гап нима ҳақда кетаётганини тушунишмаётганди. Биргина «мўйсафид»нинг тусини ўзгартиргани уларнинг-да ичларига қўрқув солди.
— Ҳа, рўйхат. Бор у! Ундан кейин баъзи бир дўкондорларнинг мулкдорлар, бойлар сафидан четда қолаётганига ҳам эътибор қаратилган.
Исломнинг бу гапи дўкондорнинг ҳам оёғини қалтиратди.
— Менинг хотиним ўтакетган пазанда! — деди у шу заҳоти. — Исталган овқатни қийиб ташлайди. У товуқни шундай пиширадики, керак бўлса, фаранглар ҳам оғизларини очиб қолишади. Бугун ҳамма нарса менинг ҳисобимдан. Ўзи анчадан бери инқилобчиларга ҳақ бераман деб ўйлаб юрардим. Буни қарангларки, ўша кун бугун экан. Меҳмон… Ҳа, сиз бизнинг азиз меҳмонимиз бўласиз, — дея у Исломга қараб тиржайди, — чунки йўл юриб келгансиз. Йўлда толиққансиз. Бизда эса чарчоқни оладиган ажойиб ичимликлар бор. Махсус олиб келтирганман. Йигирма беш йиллигини. Оҳ, оҳ, оҳ! Айтяпман, оғзимдан сув оқяпти. Одатда, мен унақасини ҳеч кимга бермас эдим. Ҳатто энг яқин қариндошимга ҳам. Аммо сизга бераман. Сиз билан бирга манави тўрт азаматнинг ҳам бугун куни туққан экан. Мен сизга айтсам, бугун кун бўйи буларнинг бўлари бўлди.
— Ёмон кўп гапираркансиз, — деди унга Ислом.
— Ҳа, ҳа, тўғри. Албатта, мен бунинг устида ишлайман. Мен ҳозир…
Дўкондор шундай деб қўшни хонага чиқиб кетди ва тезда ортига қайтди. Қўлида нақ уч литрлик шиша эди. Унинг ичи қип-қизил суюқликка тўла эди.
— Мана! Мана ўша мен сизга айтган, одамга куч-қувват бағишлайдиган ичимлик!
Дўкондорнинг сўзлари, унинг қўлидаги шиша дошқурларнинг юракларини ўйнатиб юборди. Улар бир зумда қўрқувни унутган бўлишди.
— Мен ичимлик ичмайман. Буни сиз билишингиз керак эди, — деди Ислом қовоғини уйиб.
— Ў-ў-ў, жаноб! Наҳотки? Шундайиниям-а?!
— Хизматдаман.
— Тушунаман. Тушунаман, ўртоқ бошлиқ. Аммо кутилмаганда бўлиб қолди-да. Шундай экан, йўқ деманг. Фақат шу сафар. Аслида, мен роса камбағал одамман!
Дўкондор шундай деганида турқи совуқ дошқурлар бир-бирларига қараб тиржайишди. «Ол-а! Бу туллакнинг гапларига қаранг! Бизнинг қанча пулимизни суғуриб олди. Камбағалман дейишга бало борми?» деган мазмун бор эди уларнинг қарашларида.
Аммо Ислом мутлақо бошқа ўйда эди. У манави тўртта гўрсўхтага ҳаддан ортиқ вақтини сарфлаб қўяётганидан афсусланаётганди. Тезроқ ишга киришиб, тезроқ мақсадга етишни истаётганди у.
— Келтиринг анави товуқни! — деди Ислом овозини кўтариб. — Ё унинг учун ҳам мингта гапни айтиб миннат қиласизми?!
— Ҳозир. Ҳозир.
Дўкондор анча чўчиб қолган эди. Шунинг учун бошқа гапирмади. Яхши қовурилган бус-бутун товуқни столнинг ўртасига қўйди.
— Агар бизни мол ёки ит десангиз, қаттиқ адашасиз! — деди унга Ислом.
Дўкондор чўчиб тушди. Қўрқа-писа Исломга қаради.
— Бундай гўшт санчқи ва пичоқ ёрдамида ейилиши кераклиги ўргатилмаганми?! — дея дағдаға қилди Ислом.
— Эсим қурсин. Очиғини тан олиб айтаман, санчқи бизда йўқ. Лекин пичоқ олиб келиб бераман.
У тўртта пичоқ келтирди. Ислом шу заҳоти ҳамма пичоқларни қўлига олди-да, кулди:
— Тасаввур қилинг: бу билан гўштни кесасиз, ундан кейин гўштни қўлингиз билан оғзингизга соласизми? Нақадар аҳмоқлик ва калтафаҳмлик! — деб у рўпарасидаги дошқурга қаради.
Дошқурнинг бундай нарсалардан хабари йўқ эди. Сабаби, улар ўз юртларида худди итлар каби бунақа гўштларни ейишарди. Фарқи, гўшт бўлагини қўллари билан узиб олишарди.
У ҳайрон бўлиб Исломга тикилди. Ана шу пайт Ислом ишга киришиб кетди. Ўтирганларнинг иккисини ва ёнида худди қоровулдай турган дошқурни тинчитди, кейин дўкондорга қўлидаги пичоқни отди. Тиғ дўкондорнинг кекирдагига санчилди. Воқеа шунчалик тез бўлдики, ғўдайиб, кеккайиб, ҳали-ҳамон Исломни сариқ чақага олмай, айни чоғда шубҳаланиб ўтирган гапдон ва рус тилига унча-мунча тиши ўтадиган «мўйсафид» дошқур томоғига бошқа бир пичоқ тиралганини ҳатто сезмай ҳам қолди. Аслида, Ислом бекорга уни танламади. Бу бошқаларига нисбатан анча қўрқоқ эди. Кўзидан, ўзини тутишидан унинг шу аҳволдалигини Ислом билиб олди. Чунки у Исломга керак.
— Агар истаганимда, ҳозир сенинг ҳам жонинг узилаётган бўларди. Лекин мен сени ўлдиришни истамадим, — деди Ислом мийиғида кулиб.
— Мен сени танидим, — дея ютиниб қўйди дошқур.
— Кимман?
— Сен эшелондагиларни йўқ қилган, битта қишлоқнинг озгина одами билан бутун бошли катта қизил аскарлар қўшинига қаршилик кўрсатаётган ва бизнинг ўқ-дори омборимизни ёқиб юборган одамсан.
— Умуман, гапларинг тўғри, лекин сал адашдинг. Омборни мен ёқмаганман. Энди гапир: ҳеч бир гуноҳи йўқ оддий халқни қаерга олиб бориб қамаяпсанлар?
— Мен… Мен билмайман. Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Қайси айби йўқ халқни айтяпсан?..
— Балонинг калтагини биласан! Уйма-уй юриб, кўчаларда кезиб, дуч келган хотин-халаж борми, қари чол ёки ёш бола борми — ҳамма-ҳаммасини қамаётганларингдан яхши хабарим бор. Қаерда улар?!
— Билмай…
Дошқур гапини бошлар-бошламас, Ислом унинг бўйнига тиғнинг учини бироз ботирди.
— Гарнизон шимолидаги офицерлар уйининг орқасидаги ертўла-қамоқхонада. Ҳозир у ерда қўриқчилар кўп… — деди дошқур жон алпозда.
— Умрингнинг энг охирги лаҳзаларида битта тўғри гап айтганингга ишонишни истайман.
Дошқур хириллаб қолди.
Ислом ташқарига чиқишдан олдин қўлларига юқиб қолган қонни ювиб ташлади.
У билан жосусликка келганлар хавотир ола бошлагандилар. Ахир анчадан бери Ислом ташқарига чиқмайди. Улар Исломни тез қарор чиқарадиган ва ишларни тез бажарадиган одам сифатида билиб қолишганди. Аммо негадир бу сафар Ислом узоқ қолиб кетди. Улардан иккитаси дўкон ичкарисига кириб, вазиятни билиб келмоқчи бўлди. Агар керак бўлса, Исломга ёрдам беражакларини ҳам айтишди. Аммо қолганлар бунга рухсат беришмади.
— Ўзи айтарди агар ёрдам керак бўлганида. Айтмадими, кутамиз. Узоқ қолдими, демак, шундай бўлишини режалаштирган.
Ислом кўриниш бериши билан уларнинг юзлари ёришди. Чуқур нафас олишди улар.
— Энг аввал бегуноҳ қамалганларни озод қилиш керак, — деди уларнинг ёнига келган Ислом. — Сўнг офицерлар яшайдиган уйларга, кейин аскарларнинг казармаларига ҳужум қиламиз. Ҳужумлар оралиғи жуда қисқа бўлади. Бир томондан бошланиши билан иккинчи томонда давом эттирилади. Уларнинг ўзаро алоқалари узиб қўйилади. Бошлиқларнинг уйига Самандар, Оллоқул, Полвонзода, Темурбеклар ҳамла қилишади. Мен ва Нормурод бошқа йигитлар билан бирга казармага бостириб кирамиз. Тушундингларми?.. Фақат жуда эҳтиёт бўлинглар. Қамоқхонада бирорта ҳам ўқ отилмасин.
Ислом сўзлаб бўлганидан сўнг ҳар бир жангчисига бирма-бир қараб чиқди. «Сизларни эртага ҳам, индинга ҳам кўришни истайман», деган ўй кечди хаёлидан.
Бугун ой ҳам чиқмаган. Кўчаларда мойчироқ-фонуслар йўқ. Ҳаммаёқ зим-зиё. Икки қадам наридаги одамни кўриб бўлмайди. Уч-тўрт қадам оралиқ масофани сақлаганча улар душманнинг уяси томон кетишди.
Дарҳақиқат, гарнизон атрофи қоровулларга тўла экан. Фонуслар ёқилган. Ким қаерда турибди, ким келяпти, ким кетяпти, қайси қўриқчи нима билан шуғулланяпти — ҳаммаси яққол кўриниб турар эди.
Ислом бир ўзи ҳаракат қилишга қарор қилди. Илло, кўпчилик бўлганида шовқин пайдо бўлиши, ҳужумни бошқаларга билдириб қўйиши мумкин эди.
Яна вақтнинг алламаҳал бўлиши ҳам кутилди.
Ҳар икки соатда қоровуллар алмашиб турибди. Бироқ, барибир, ярим тун — ярим тун-да. Чунки бу пайтда исталган янги қўриқчи бўшашиши, сергакликни йўқотиши мумкин. Албатта, оз миқдорда бўлса ҳам. Худди шу пайт ҳужумга ўтилади.
Вақт жуда имиллаётганди. Исломнинг ёнида турганларнинг назарида ҳар лаҳза йилларга чўзилаётгандай эди. Босқин қилиш истаги эса аста-секин синаётганди. Чунки кўп ўтириш уларни ҳам эринчоқ қилиб қўяётганди…
Ислом ҳаракатни бошлади. Қолганлар милтиқларини ўқлаб, у битта қўриқчини гумдон қилаётган маҳал бошқаларни кузатишарди. Агар сезиб қолгудай бўлишса, ўқ отишлари керак эди. Чунки шундан бошқа иложлари йўқ эди. Исломнинг бўйнида эса улкан масъулият турарди. Хато қилишга унинг ҳақи йўқ эди. Бу ҳақда ҳатто ўйлаши ҳам мумкин эмас эди… Уни кузатиб турган жангчиларининг эса нафаси ичига тушиб кетганди. Улар гарчи кўзларини катта-катта очиб қараб турсалар-да, айрим қоровулларнинг ўз-ўзидан ёнларига қулаб қолаётганликларини тушунишмасди. Исломнинг чаққонлигига ҳавас қилишарди, шу билан бирга ваҳимага тушишарди. Юраклари гупурларди. Қўлларини мушт қилиб олишганди. Шу туришда биргина қамоқхона қоровулларини эмас, бутун бошли ўн минг-йигирма минг душманни йўқ қилиб ташлайдиган шаштлари бор эди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.