Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (49-қисм)

Исломнинг ишораси билан ҳамма жангчилар унинг ёнига югуриб боришди. Сўнг улар қамоқхона эшигининг қулфини бузиб очишди… Нимага қўлга олинганларини билмай, бу ерга келтирилгунича бир-икки тепки еб, кейин қийноқ-қистовларга олинганлар, яшашдан умидини узганлар оғриқдан, дарддан кун бўйи азоб чекиб, кеч тушгач, очликдан қийналган асирлар нима бўлаётганини билишмасди. Уларнинг тани кучдан қолиб, чала уйқуга кетишганди.
Ҳатто эшик очилганини ҳам уларнинг баъзилари сезишмади. Сезганларининг хаёлига яшин тезлигида: «Энди бизни олиб чиқиб отиб ташлашса керак. Аслида, бундай азоблардан кўра шуниси маъқул», деган ўй ҳам келганди. Аммо кутилмаганда, ярим тунда эшик очганлар уларни озод қилишга келишган экан. Улар довдираб қолишди. Эшикни бузиб кирганлар эса паст овозда гапиришди:
— Овоз чиқармасдан тезда ташқарига чиқинглар, биз кўрсатган йўл билан уй-уйларингизга тарқалинглар, — дейишди.
Озод этилганлар хурсанд бўлишларини ҳам билмай, гандираклаганча ташқарига чиқишди. Улар ҳатто қутулганларига шукур қилиб, чуқур нафас ҳам олишолмади.
Исломнинг жангчилари қайси йўлни кўрсатишган бўлса, шу йўлдан оёқ учида юришди ва уй-уйларига тарқашди. Шу куни уларга уйқу бўлмади. Ахир уларга ҳеч ким ҳеч нима демади. Келишди, қутқаришди, уйларига жўнатиб юборишди. Энди нима бўлади, нима қўяди — бирортаси ҳам билмайди. Яна қўрқув. Чунки Худонинг лаънатига учраган қизиллар эртага уларнинг қочганларини билиб қолишиб, уйларига қидириб келишса, нима қилишади? «Бекор қочдим. Тақдиримга тан бериб ўтираверсам бўларкан», деганлари ҳам бўлди ораларида. Яна озгина кучи борлари уйига кира солиб, уйдагиларини олиб, шаҳарни тарк этиб кетишдики, буниси алоҳида тарих.
Олдиндан келишилганидай, ҳужум бир вақтнинг ўзида содир бўлди. Йўқ, Ислом бош бўлганлар салгина олдин бошлаб юборишди. Бу сафар милтиқлар ҳам ишга тушди. Казармадан ташқарига югуриб чиққанлар отиб ташланаверди. Яна гранаталар ҳам портлади.
Ҳужум нақ икки соат давом этди. Кейин Ислом дарров ҳамлани тўхтатди-да, жангчилари билан бирга офицерлар уйини остин-устун қилаётганларнинг ёнига келди. Сўнг улар билан биргаликда шаҳардан қочиб чиқиб кетишди.
Бундай бўлиши большовойларнинг тушларига ҳам кирмаган эди. Ҳаммаёқ ёнган-куйган. Нима қилишларини билишмайди. Аҳволлари оғирлашган. Энди қолган-қутган аскарлар билан бирор жойга юриш қилиб бўлмайди. Агар шундай қилишса, қолганлар ҳам қирилиб кетади.
Ислом эса шаҳарда айғоқчиларни қолдириб кетди. Улар гарнизонда бундан кейин нималар бўлишидан хабар топиб, унга етказишлари керак эди.
Ислом жангчилари билан бирга қишлоқ ва шаҳар оралиғида тўхтади. Илло, уларнинг қишлоққа боришлари, ўзларини бўш қўйишлари фалокатга олиб келиши аниқ эди. Ҳа, жангчиларнинг орасида: «Ишимизни битириб бўлдик. Энди улар ҳеч қачон биз томонларга от сола олишмайди», деганлар бўлди, лекин Ислом кўнмади. «Бунақаси кетмайди. Душманга бир лаҳза имконият берсангиз, у сизнинг оёғингиздан олиши мумкин. Бир муддат шу ерда дам оламиз. Қишлоққа эса элчи жўнатамиз. Бориб айтсин: «Ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Биз яна ғалаба қозондик», деб. Аллоҳ насиб этса, уларни тупроғимиздан бутунлай қувиб чиқарамиз ёки шу ерда қириб юборамиз», деди.
Қишлоққа қаҳрамонлардай кириб боришни орзу қилганларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Чунки Ислом айни ҳақиқатни айтаётган эди.
Қоровуллар қўйилганидан сўнг жангчилар дам олишга ўтишди. Бири қўйиб, иккинчиси Исломни мақташга тушди. Ислом бир муддат эшитди, сўнг бирдан ўрнидан туриб:
— Эшитиб қўйинглар, кимки мени яна мақтайдиган бўлса, ҳайдаб юбораман. Бу энг енгил жазо. Мен ҳеч нарса қилмадим. Қилган бўлсам, Аллоҳ буюргани учун қилдим. Аслида, мен ҳеч кимман. Магарки Аллоҳ куч-қувват бермас экан, ҳаттоки бармоқларимни ҳам қимирлата олмайман. Ундан кейин тупроғимиз — юртимиз ҳалигача хавф остида турибди. Бундай пайтда «фалончи анави ишни қойиллатди, пистончи манави ишни боплади» дейиш ғирт аҳмоқлик. Дам олайлик, кейинги ишлар тўғрисида бош қотирайлик.
Жангчилар бирдан жим бўлиб қолишди. «Наҳотки шунча иш қилиб келган бўлсак ҳам, бир-биримизга гапириб мақтанолмаймиз?» дея хаёлидан ўтказганлар бўлди.
Аммо улар дам олишга улгуришмади. Қишлоқ томондан шовқин келди. У томонни ёввойи жийдалар, буталар тўсиб турганлиги боис ким бақир-чақир қилаётганини билиб бўлмасди. Лекин бир нарса аниқ эди: Бақираётганларнинг товуши аёлларники…
Исломнинг ишораси билан иккита йигит шовқин келаётган томонга югуриб кетди. Ва сал ўтмасдан улардан бири қайтиб келди.
— Қишлоғимизнинг аёллари, — деди у.
Кейин ҳамма бирдан шу томонга борди. Дарҳақиқат, йигирматача хотин-қиз паранжиларга ўралишиб, Ислом қўйган қоровулнинг қаршисида туришарди.
— Ҳеч қаерга бормаймиз! Бизнинг нимамиз кам?! Биз сизларга ёрдам бергани келдик! Қоч, йўлимизни тўсма! — дейишарди улар.
Ислом қарсак чалди. Бақираётган аёллар бирдан жим бўлиб, у томонга қарашди.
— Катта раҳмат! Биз қишлоқни сизларга ишониб топшириб келсаг-у, сизлар бу ерга келсаларингиз… Бу нима деган гап?! — деди у.
— Осонмас.
Ислом шу биргина сўздан унинг Рисолат эканлигини билиб олди. Илло, сўз қотган аёл паранжи ёпиниб олган эди.
— Хавотир билан кун ўтказиш осон иш эмас. Кўряпмиз, сизларга ҳеч нарса бўлмаган. Ҳаммангиз соғ-саломатсиз. Аммо бизнинг ичимиз тўкилиб бўлган. Йиғлайверганимиздан ҳатто кўзларимизда ёш қолмади. Агар сизларга нимадир бўладиган бўлса, унда бизнинг борлигимизда не маъно?
— Ҳа-а, шунақами?! — деб жилмайди Ислом, сўнг йигитлар томонга ўгирилди. — Кимнингдир хотини ёки яқин қариндоши шу аёллар орасида бўлса, гаплашиб туринглар. Сиз эса бу ёққа келинг, — деб четга ўта бошлади Ислом.
Рисолат эрини жудаям соғинган эди. Шунчаликки, зўрға чидаб турарди. Дарров эрининг ёнига борди.
— Бу нима аҳвол? — дея шивирлади Ислом.
— Айтдим-ку, — деб жавоб қилди Рисолат ҳам шивирлаб.
— Ҳаммасини сен бошлаб келдингми?
— Ҳа.
— Нега?
— Айтдим-ку.
— Ҳамма гапимга «айтдим-ку», деяверасанми?
— Бошқа гапнинг ўзи йўқ.
— Бу ерда бизга қанчалик халақит беришларингни биласанми? Тушунасанми? Биз сиз билан овора бўламизми ёки душман билан олишамизми?
— Билмадим. Лекин бизнинг шу ерда бўлиб туришимиз сизга далда бўлади.
— Қанақасига?
— Чунки биласиз, ортга йўл йўқ. Агар ортга чекинадиган бўлсангиз, душман бизга рўбарў келади.
— Буни жангчиларнинг ҳаммаси ич-ичидан ҳис этиб турибди…
— Мен сизга овқат олиб келдим, — дея Рисолат бирдан гапни бошқа ёққа бурди.
У шундай дейиши билан Ислом бирдан жангчилари томонга қаради. Уларнинг ярмидан кўпи ўзларининг аёллари билан гаплашиб туришарди. Бошқа қишлоқлардан келиб, Исломнинг жангчилари сафига қўшилганлар эса ерга ўтириб олишиб, ўз аёллари билан гаплашаётганларга ҳавас билан қараб туришарди.
— Раҳмат, сен менга овқат олиб келибсан, лекин анави ерда аёллари йўқлар, умуман уйланмаганлар ўтиришибди. Улар нима ейишади? Уларга ким ширин гаплар айтади?
— Орамизда саккизта эрсиз жувон бор, — деди Рисолат ўта паст овозда.
— Оббо! Чакки қилибсан, — деди Ислом ва ортига ўгирилиб бақирди. — Бизга овқат олиб келишибди. Ҳозир уларнинг шунча меҳнат қилганликлари ҳаққи-ҳурмати, келтирганларини ўртага қўйиб еймиз. Кейин аёлларнинг ҳаммасига жавоб. Мен, аслида, қишлоққа одам жўнатгандим: у ердагиларга биз яна ғалаба қилганимизни етказиш учун. Ҳақиқатан ҳам, ҳурматли аёллар, сизларнинг, қишлоқнинг катта-кичик азизларининг дуолари сабаб ўз уйида душманнинг додини бериб келдик. Иншооллоҳ, сиз дуода давом этсангиз, биз ҳамиша ғолиб келамиз!.. Энди келтирган нарсаларингизни бир дастурхон устига қўйиб, ўзингиз сал нарироққа бориб туринг.
У — бошлиқ. Гаплари бировга ёқди, бировга маъқул тушмади. Лекин ҳамма у айтганидай қилди.
Орадан сал ўтиб, ҳамма эркаклар бир нечта дастурхончалардан ташкил топган катта дастурхон атрофида ўтиришди.
Қўй гўшти, товуқ гўшти, нон бор эди дастурхонда. Жангчилар анчадан бери бундай тўкинликни кўрмаган эдилар. Қувонишди. Иштаҳа билан овқатланишга тушишди. Ислом ҳам бироз гўшт еган бўлди. Сўнг у ўрнидан турди. Четроққа чиқиб, хотинини ёнига чақирди.
— Мен битта отлиқ жўнатгандим, кўрмадингларми? — деб сўради.
— Йўқ, ҳеч кимни кўрмадик, — дея елка қисиб қўйди Рисолат.
— Ғалати-ку.
— Билмасам, лекин биз тўғри келавердик.
— Чакки қилибсизлар. Тоғамнинг хабари бормиди келишларингиздан?
— Йўқ. Айтсак, рухсат бермайдими деб қўрқдик. Лекин ёши катта хотинларга тайинладик. Мабодо сўраб қолса, тўғрисини айтинг, дедик. Биласизми, биз нега келдик?
— Билмайман.
— Агар бирор кимингиз ярадор бўлиб қолсангиз, ярангизни боғлаймиз. Ўзларингиз ярадорларга қарайман деб, сафингизни янаям камайтириб қўйишингизни истамадик. Чунки мен буюк Амир Темур жангларга аёлларини олиб борганликларини эшитганман.
— У пайтда ҳамма, ҳаттоки соҳибқироннинг душманлари ҳам мард бўлишган. Бизнинг душманнинг эса пасткашлигининг чек-чегараси йўқ. Улар энг аввал ожизларга ҳамла қилишади. Ўзларидан кучлилар олдида эса пусиб қолишади. Бундай пайтда сизнинг ёнимизда бўлишингиз бизга фойдадан кўра кўпроқ зиён келтиради.
— Мени кечиринг. Лекин нега кўзингиз қизарган?
— Кечани ухламай ўтказдик. Ҳали айтганимдай, душманни келганига роса пушаймон едирдик. Ўзиям вақтида борган эканмиз. Ёш-яланг, қари-ночор, хотин-халажни қамоқхонага тиқиб қўйишган экан. Чунки аввалги кун ҳам йигитлар обдан додини беришган эди. Энди битта илтимос бор.
— Қандай илтимос экан?
— Ҳозир йигитлар овқатланиб бўлишлари билан, аёллар бирга қишлоққа қайтинглар. Йўл анча олис. Агар кечгача етиб борсанглар, яхши, лекин қоронғига қолиб кетсанглар, биз икки ҳисса қийналамиз. Хўпми?
— Мен сизни соғиндим.
— Мен сендан ҳам кўпроқ соғинганман.
— Менинг хушхабарим бор.
— Қандай хушхабар?
— Аслида, бошқача вазиятда айтмоқчийдим. Лекин қарасам, бунинг иложи йўққа ўхшайди. Шунинг учун ҳозир айтаман.
— Тезроқ айт.
— Ҳомиладорман.
— Нима?
— Ҳомиладорман.
— Йўғ-э!
— Ҳа, икки кундан бери роса кўнглим айнияпти.
— Урра! Шу аҳволингда қандай қелдинг?
— Амалладим.
— Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин! Энди сен мендан кўра кўпроқ масъулиятлисан. Боламизни жудаям қаттиқ асра. Аслини олганда, бу гапларингдан кейин сени қучоқлаб олардим. Қийнардим. Лекин жойимас-да.
— Ҳа, шундай. Ўзимниям эркалангим келди. Энди тезроқ дастурхон ёнига боринг. Бўлмаса, оч қоласиз, — дея шивирлади Рисолат. Орқасидан жуда паст товушда қиқирлаб қўйди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.
Асар «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари чоп этилмоқда.