Антикоррупция агентлиги “Дунё садолари” фестивали харажатларини ўрганмоқда

Жорий йил август ойида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Дунё садолари” халқаро фестивали учун умумий 6 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, ушбу маблағнинг катта қисми – 5 миллиард сўмдан ортиғи — хорижий ва маҳаллий таниқли артистларнинг гонорарларига йўналтирилади. Жумладан, тадбирда Мустафа Сандал, Араш, In-Grid, Алиша Чинай ҳамда Arabesque гуруҳи иштирок этиши кутилмоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги бу маблағлар “ўзини оқлаши”ни таъкидлаган бўлса-да, жамоатчилик орасида мазкур харажатлар юзасидан турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шунинг ортидан Ўзбекистон Республикаси Антикоррупция агентлиги мазкур молиявий ҳаражатлар бўйича ўрганиш ишларини бошлади.
Қайд этиш жоиз, ушбу текширувлар натижаси қандай бўлиши ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфлангани ёки йўқлиги аниқланиши жамоатчилик учун катта қизиқиш уйғотмоқда.