Америка – ботқоқ. Йил ва вақт ўтган сайин сизни ичига тортиб кетаверади!..

Америка – ботқоқ. Йил ва вақт ўтган сайин сизни ичига тортиб кетаверади!..

Тўрт йил тўлди
Америкага келганимга ўн йилдан ошди. Бу диёрга келган муҳожир борки, уч-тўрт йилда Ватанга қайтаман, дейди. Бу муддатда қайтолмайсиз, дейди биттаси. Америка – ботқоқ. Йил ва вақт ўтган сайин сизни ичига тортиб кетаверади. Ишингиз яхши, жойингиз яхши, муҳими, маошингиз яхши. Фарзандларингиз бўлса, уларга пул тўлайди, ишхонадан берилган суғурта дори-дармонни ва докторни тўла қоплайди. Фақат икки хонали уйингиз бўлса, ойига 1.5 минг доллар атрофида ижара ҳақи тўлайсиз. Энг муҳими, топганингиз, еб-ичганингиз она сутидай ҳалол. Бировдан пора олмайсиз ва бермайсиз ҳам.
Мен Тошкентда Янгиҳаёт туманида яшайман. Кўчаларининг номлари йўқ. Кўчаларда ҳар сафар адашаман. Ё етмай буриламан, ё ўтиб кетаман. Кўча йўқми, демак, почта ҳам ишламайди, хат ҳам келмайди. Менинг Америкадаги уйимга ҳар куни ўнлаб хат келади: банклардан, дўконлардан, докторлар ва ҳакозолардан. Улар орқали мен жамиятнинг нафасини сезиб тураман.
Айниқса, кексаларга яратилган шароит жуда гўзал! Уларга ажратилган имтиёзларни санаб тугатиб бўлмайди. Агар Америкада ўн йил ишлаб, солиқларни вақтида тўлаб турсангиз, сизга минг доллар атрофида пенсия тўлайди ва хоҳласангиз сиз яшаётган мамлакатга жўнатади.
Мен бундан тўрт йил муқаддам, яъни Нью Йоркда 8 йил ишлаган
дан кейин госпиталга тушиб қолдим. Ҳозир пенсия ёшида бўлсамда, нафақа тўламайди – стажим икки йилга камлик қилади.
Демак, бундан тўрт йил аввал ёз кунларининг бирида дўстим билан океанга чиқдим. Атлантика океани уйимиздан беш юз метрча нарида, деразадан қарасангиз, мавжланиб туради. У менга телефон қилди. Адрес бўйича излаб бориб, ўғли иккаласини “Қашқар” деб номланувчи хамир овқатлар ресторанига таклиф қилдим. Ундан сўнг океан бўйлаб сайр қилдик, расмларга тушдик.
Дўстимизнинг исми – Искандар, фамилияси Раҳимов! Тиши чиққандан буён нотариусда ишлайди. Эҳҳе, Тошкентда ҳам қаерларда ишламади. Адлия вазирлигида ҳам хизмат қилган. Камтарин, илмли, тажрибали инсон. Ўғлининг ортидан Нью Йоркка келган экан. Ҳужжатлари тайёр бўб қолса, ишга чиқаман, деди. Бошқа томонларини суриштириб ўтирмадим. Орадан икки кун ўтиб, Искандар телефон қилиб қолдики, бир океанга чўмилтиринг деб. Вақтим бор эди. Океанга чиқдик. Одам кўп. Бир четдаги хонага ечиниб, океанга тушдик. Сув жуда муздай экан. Иссиқ кунда мазза! Ичкарига сузишни бошлаганимда бошимда оғриқ пайдо бўлди. Ҳайрон бўлдиму лекин сузишда давом этдим. Оёқ ва қўлим бетартиб ҳаракатланаётганини сездим ва орқага қайтдим. Негадир ёнимдан акуланинг боласи сузиб ўтди. Акуланинг боласи жуда чиройли бўлади. Инглизларнинг айтиши бўйича, baby shark инсонларга омад келтирар эмиш.
Оёғим ерга текканлигини сездим. Салгина юриб, ўтириб олдим. Эндиги оғриққа чидаб бўлмасди. Фақат бошимнинг ўнг томонини ушлаб, ингранардим.
Бир амаллаб денгиздан чиқиб олдим. Ечинган жойимга амаллаб етдим. Етдиму қайд қила бошладим. Оғриқ кучаяр, шу аснода қуруқ кийимларимни алмаштирардим. Бир чеккада хохолашиб турган ёшлардан “911”га телефон қилишларини сўрадим. Улар дарров ишга киришди. Энди ўғлимга ҳам айтишим керак. Унинг телефонини эслай олмайман. Бир қўлим билан бошимни ушлаб олганман. Амаллаб топдим, хайрият олди. Чўмилишда мазам бўлмай қолганлигини айтиб, фалон жойга тезда етиб кел, дедим.
Нью Йоркнинг “Тез ёрдам”и уч минутда етиб келади. Машинада, албатта, доктор, полиция ва ёнғинга қарши кураш ходимлари бўлади. Қирғоққа чиқиб, машина йўлига ўтдим. Ўтишим билан “911”нинг сигнали эшитилди. Тиббиёт замбилига ўтиришим асносида Хондамир ўғлимнинг овозини эшитдим. “Ўғлим, етиб келдингми?” деганимни эслайман.
Орадан олти ой ўтганда госпиталда кўзимни очдим. Мен балки кейинроқ ҳам ҳушимдан кетишим мумкин эди. Демак, ўғлимнинг етиб келишидан ҳам мудгор бўлганман. Ўша илинж, ҳойнаҳой, мени ушлаб турган.
Нью Йоркда нима кўп, госпитал кўп. Деярли кўпчилиги муайян касалликка ихтисослашган. Бу ерда манави министр, манави қурувчи экан, дейилмайди. Алоҳида палаталар йўқ, имтиёзлар йўқ. Бу ерда илм бор, бу ерда жонкуярлик бор, бу ерда касбий масъулият бор. Менга ҳам биринчи ёрдам кўрсатилгач, Манҳаттандан – махсус госпиталдан “911” чақирганлар. Ўн беш соат ичида операция ўтказилмаса, мияга қон қуюлиши мумкин ва беморни сақлаб қолиш имконияти тугар экан.
Майли, қолган барча муолажалар докторлар иши. Демак, мен океанда baby sharkни беҳуда кўрмаган эканман. Уни учратмаганимда, эҳтимол, уйдагиларимни ҳам қайта кўрмаган бўлардим.
Катта ўғлим Жаҳонгир Англияда ўқиган. Инглизчани “”синдиради”. Зудлик билан Америкага етиб борган. Ва мени кўриб… ҳурралари учиб кетган. Онасининг айтиши бўйича, кун бўйи ёнимда ўтирган ва кечқурун уйга келиб, фақат уҳ тортган.
Билмадим, ўғлим нималарни ўйлаган бир куни онасига “Рухсат берсангиз, мен дадамни Тошкентга олиб кетаман”, деган. Бу гапдан онаси ҳам, укаси Хондамир ҳам чўчиб кетган. “Докторлар бир нима дедими?” деб сўрашган. Йўқ, деган. Онаси ўғлига “Бор, дамингни ол, чарчабсан” деб уйга жўнатиб юборган ва шу кундан эътиборан ишни ҳам ташлаб менинг бошимда ўтирган.
Кейинчалик менга ҳамширалар айтиб беришди. Аслида бизда беморнинг олдида ҳеч ким ўтирмайди. Аммо хотинингиз сизни бизга ҳам ишонмасдан ўзи қаради, ўзи тузатди. Кундузи техник ходимларимизнинг ишини бажарди, тун бўйи ибодатда Аллоҳдан имдод сўради, беадоқ дуолар қилди. Қани эди, барча беморларимизнинг ортида шундай дуокашлари бўлса?!
Хуллас, айтаман деса гап кўп. Баъзи бир воқеалар ҳақида ёздим ва ёзаяпман ҳам. Менинг мақсадим орадан тўрт йил ўтиб, ҳаётимда содир бўлаётган айрим ўзгаришлар ҳақида мухтасар ҳикоя айтиш эди.
Биламан, ушбу сатрларни ўқиётиб, бунинг океанда бирга чўмилган ўртоғи қай гўрга йўқолди, деб ўйлаётганлар ҳам бор. У йўқолмади. Нью Йоркка кечагина келган бола нимани ҳам англарди. Тил билмаса, жой билмаса?
Еттинчи ойда сал ўзимга келиб, қолганимда, палатага Искандар кириб келди. Ўша куни ёнимда қизим Муштарий “навбатчилик” қилаётган эди. Қизимга юзланиб, уни таништирдим, сиз ўйлаётганга ўхшашроқ фикрни айтдим:
– Исми Искандар, мени океанга итарвориб, ўзи қочиб кетган йигит шу бўлади!
Искандар қизариб кетди, кулди, унга мен қўшилдим. Хуллас, вазият анча хушчақчақ бўлди, енгил бўлди.
Маълум бўлишича, унга ҳам жуда ноқулай бўлган. Ўғлини чақириб уйига кетган. Кейинчалик ишга кирган, анча машаққатларни кўрган. Кейинчалик ҳатто бироз қўшни бўлиб ҳам яшадик.
Искандар кейинчалик уйига кетди. Шу-шу уни қайтиб кўрмадим. Фейсбукда онда-сонда чиқишларини кўраман. Телефон қиламан, номерини ўзгартирганми, олмайди. Хабарлар ёзаман, жавоб ёзмайди. Америкадами, Ўзбекистондами, буниям билмайман. Хуллас, Искандар мени “океанга итариб қочиб кетганидан сўнг” орадан тўрт йил ўтди. Ҳамма изтироб ва андуҳлар кетгани, ўтгани рост бўлсин. Ҳозир махсус аравада юраман, ҳатто икки марта Тошкентга ҳам бориб келдим. Кўчада таниш-билишлар кўриб, “Good job” дейишади.
Инсультдан кейин битта қулоғим эшитмай қолган. Худойимнинг кароматига қарангки, эвазига хотирам кучайиб кетди. Ҳатто ёшлигимда юрган қизларимнинг исмларини ҳам адашмай айтиб бераоламан. Энг муҳими, ёзиш салоҳиятим сақланиб қолган. Бу – менинг овунчоғим!
Бу йил биринчи марта тўрт йилдан кейин Қурбон ҳайити намозини жамоа билан ўқидим.
Бу йил биринчи марта океанга чиқдим ва чўмилдим. Атлантиканинг шўр сувлари оғзимга кирди. Биз борган Long Island ҳавзаси пишқириб ётарди. Ичкарироқ сузишимга имкон бермади. Шиддатли тўлқинлар мени уч-тўрт бора турли тарафга итқитиб ташлади. Яхшиямки, атрофимдаги яхши одамлар ёрдамида қирғоққа чиқиб олдим.
Фарзандларим ва невараларимнинг яйраб ўйнашларини кўриб, кўнглим таскин топди. Қувондим. Келаверинг, Сизни энди ўзим олиб бораман океанга! Baby sharkни кўрсатаман!
Суратларда: Искандар билан океанда тўрт йил олдинги кадр ва янги манзаралар
Дўстларингизга ҳам юборинг: